Жамият | 14:47 / 08.02.2021
26220
3 дақиқада ўқилади

Навоийда суд раиси газета муҳарририга буюртма мақола чиқарилмагани учун таҳдидли хат йўллади

Навоий вилояти Учқудуқ туман иқтисодий суди раиси Хуршид Турсунов «Учқудуқ» газетаси таҳририяти муҳаррири Райҳон Қодировага юборган мақолаларини чоп этиб, газетадан бир нусха жўнатмаса, жаримага тортиши ҳақида таҳдидли хат жўнатган. Суднинг буюртма мақоласи эса плагиат бўлиб чиққан.

Фото: Depositphotos

Суд раиси 2020 йилнинг 22 сентябрида расмий хатга илова қилган ҳолда «Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси» сарлавҳали мақола жўнатган. Аммо таҳририят мазкур мақолани чоп этмаган. Энг қизиғи, суд раиси расмий хатида қўшимча эслатмаларсиз (!) мақоласи газетада чоп этилганидан сўнг судга 1 нусха жўнатишни сўраган.

Маълумот учун: “Учқудуқ” газетасининг муассиси Учқудуқ туман ҳокимлиги ҳисобланади.

Суд раиси худди шу мазмундаги расмий хат билан 2020 йилнинг 8 октябрида «Суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш йўлида муҳим қадам» сарлавҳали навбатдаги мақолани жўнатади. Аммо бу хат таҳририятга етиб келмайди. Ушбу хатнинг бир нусхасига имзо қўйиб олган Г.Каримов исмли шахс таҳририятда ишламаслиги маълум бўлади.

«Ишлари юришмаган» суд раиси жорий йилнинг 4 февралида таҳририятга таҳдидли хат жўнатади. Хуршид Турсунов ушбу хатида суднинг мурожаатларига таҳририят томонидан ёзма маълумот тақдим этилмаганини таъкидлайди.

«Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисида»ги кодекснинг 43-моддасига асосан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, ёзма ёхуд электрон шаклда жавоб юбормаслик мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Юқоридагиларга асосан, иқтисодий суд томонидан 08.10.2020 йил ва 22.09.2020 йилда юборилган хатлар ижросини таъминлаш бўйича тегишли чоралар кўриб, қилинган ишлар юзасидан судга ёзма равишда маълумот тақдим этишингизни сўрайман. Акс ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисида огоҳлантираман», — дейилади суд раиси хатида.

Шу ўринда «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонуннинг 1-моддасидаги «қонуннинг амал қилиши давлат органларининг, шунингдек, улар таркибий бўлинмаларининг ўзаро ёзишмаларига нисбатан татбиқ этилмайди» деган қоида суд раисининг эътиборидан четда қолган кўринади.

Қолаверса, Хуршид Турсуновнинг газета таҳририятига 2020 йилнинг 22 сентябр куни «Коррупция – жамият тараққиёти кушандаси» сарлавҳали мақоласининг аксарият қисми интернетдаги манбалардан кўчирилганини кўриш мумкин.

Суд раиси ўзи таъкидлаган Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни бузганлик учун фуқароларга энг кам иш ҳақининг бир бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса 5 бараваридан 10 бараваригача жарима жазоси мавжудлигини, шунингдек, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги қонуннинг 5-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида ОАВ эркин эканлигини, оммавий ахборот воситаларининг фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш тақиқланишини билармикан?!

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид