Ўзбекистон | 20:12 / 03.02.2026
7776
3 дақиқада ўқилади

Ер участкалари барча қурилиш рухсатномалари расмийлаштирилганидан сўнг аукционга чиқарилади

Президент Шавкат Мирзиёев 3 феврал куни урбанизация ва уй-жой қурилишида янгича ёндашувларни жорий этиш юзасидан тақдимот билан танишди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қайд қилинишича, республика бўйича ҳар йили 200 мингтага яқин янги оила ташкил топмоқда. Бу янги уйлар, йўллар ва ижтимоий инфратузилмага талаб янада ортади дегани. Қолаверса, ҳозирда аҳолининг бир киши бошига ўртача 18,9 квадрат метр турар жой майдони тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични камида 23 квадрат метрга етказиш учун 2040 йилгача янги уй-жой қурилиши суръатини 280 мингтага ошириш лозим.

Президент бизнес ва стартаплар ривожи учун шароит яратиш, саноат ва АТ кластерларини шакллантириш, меҳнат унумдорлигини оширишда ақл билан ташкил этилган урбанизация муҳим ўрин тутишини таъкидлади.

Тақдимотда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли пунктлари тартибсиз кенгайиб бориши айрим ҳудудларда келгусида экин ерларининг танқислигига олиб келиши мумкин.

Шу муносабат билан эскирган уй-жой фондини янгилаш, уй-жой қурилишида реновация улушини ошириш зарурлиги таъкидланди. Бунда реновация ҳиссасини ҳозирги 15 фоиздан 2040 йилга қадар 60 фоизга етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этишни кенгайтириб, 120 тага етказиш зарурлиги қайд этилди.

Бугунги кунда қурилиш соҳасидаги рухсат олиш жараёнлари 9 та босқичдан иборат бўлиб, ўртача 90-120 кун вақт талаб қилмоқда. Шу билан бирга, халқаро амалиётда “қурилишга тайёр ер” механизми орқали бу ишларга кетадиган вақт 7-15 кунни ташкил этаётгани кўрсатиб ўтилди.

Мамлакатимизда ушбу тизимни жорий этиш таклиф қилинди. Унга кўра, барча тайёргарлик жараёнлари ва рухсатномаларни расмийлаштириш ер майдонлари аукционга қўйилишидан олдин бажарилади. Натижада тадбиркор аукционда ерни ютиб олгандан сўнг қўшимча ҳужжат йиғмасдан ва келишувлардан ўтмасдан, барча ҳужжатларни автоматик тарзда олиш имконига эга бўлади. Қурилишга тайёр бўлмаган ерларни аукционга чиқариш тақиқланади, жараёнлар эса шаффоф ва қисқа муддатларда амалга оширилиши таъминланади.

Қурилиш сифати, биринчи навбатда, лойиҳа ҳужжатларига боғлиқ. “ТошбошпланЛИТИ”, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ”, “ЎзГАШКЛИТИ”, “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” ташкилотларининг фаолиятини тубдан яхшилаш, бунинг учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш зарурлиги қайд этилди.

Урбанизация ва уй-жой қурилиши жараёнларини тўғри ва самарали режалаштириш учун рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш керак. Бу борада тақдимотда бош ва мастер режаларнинг ягона маълумотлар базаси, қурилишга тайёр ер майдонлари базаси – “Ер банки”, кўп квартирали уйларнинг ягона геоахборот базаси, “эскроу” тизими, қурувчилар рейтинги ва бошқалардан иборат “Уй-жой” ахборот тизимини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, соҳада режали, ҳисоб-китобга асосланган ва узоқ муддатли ёндашувларни изчил жорий этиш, белгиланган кўрсаткичлар ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид