Ўзбекистон | 20:31 / 25.01.2019
5564
2 дақиқада ўқилади

Халқаро туризм университетида янги йўналишлар ташкил этилади

Жорий йилда Самарқанд шаҳридаги "Ипак йўли" Халқаро туризм университетида янги йўналишлар ташкил этилади. Бу ҳақда университет проректори Баҳодир Тўраев туризм соҳасидаги йил якунларига бағишланган матбуот анжуманида қайд этди. 

Янги 2019-2020 ўқув йилида университет талабалар учун зиёрат туризми, экотуризм, рақамли туризм,  меҳмонхона туризми, эвент менежмент, туризм соҳасидаги халқаро алоқалар ва ҳуқуқ каби бир қатор йўналишларда таҳсил олиш таклиф этилади.  Шунингдек, бу йили талабалар қабул квота сони ҳам сезиларли даражада ошиши кутилмоқда. 

"Ҳозирда бизнинг олийгоҳда бакалавриат бўйича жами 137 талаба таҳсил олаётган бўлса, янги ўқув йилида яна 400га яқин талабаларни қабул қилишни режалаштирдик. Шунингдек, бешта йўналиш бўйича магистратурани ҳам очиш мақсад қилинган. Ташкил этилганига қисқа фурсат бўлган бўлса-да, университетимиз Франциянинг Париж академияси, Sahid туризм институти (Индонезия), Сочи давлат университети каби жаҳоннинг 16та нуфузли таълим муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйди.  
Университет талабаларининг ёзги таътил давомида хорижий мамлакатларда малака оширишлари учун ҳам имкон яратилади", деди Баҳодир Тўраев.

Шунингдек, университет проректори жорий йилда чет эллик талабаларни ҳам ўқишга қабул қилиниши мумкинлигини қўшимча қилди. 

 Эслатиб ўтамиз, «Ипак йўли» Халқаро туризм университети фаолияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 июндаги 3815-сонли қарори асосида йўлга қўйилган.

Мавзуга оид