Ўзбекистон | 11:55 / 27.08.2024
5376
2 дақиқада ўқилади

Мирзаобод туманига ҳам банк раҳбари ҳоким бўлди

“Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки Сирдарё вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келган Ориф Раҳмонқулов Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинланди. Туманнинг аввалги ҳокими президент ўтказган йиғилишда ишдан олинганди.

Фото: Сирдарё вилояти ҳокимлиги

Мирзаобод туманига янги ҳоким тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Бугун халқ депутатлари Мирзаобод тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида бўлиб ўтган. Унда вилоят ҳокими Акмалжон Махмудалиев иштирок этиб, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида йўл қўйилган хато ва камчиликларни соҳалар бўйича бирма-бир танқидий таҳлил қилган.

Сессияда вилоят ҳокимининг Ориф Раҳмонқуловни Мирзаобод тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарори депутатлар томонидан тасдиқланган. 

Ориф Рахмонкулов 1983 йилда Жиззах вилояти Бахмал туманида туғилган. 2010 йилда Тошкент молия институтини бакалавр даражасини, 2012 йилда магистратурани тамомлаган. Маълумоти бўйича мутахассислиги — бухгалтерия ҳисоби ва аудит.

У тайинловга қадар “Ипотека-банк” акциядорлик тижорат банки Сирдарё вилояти филиали бошқарувчиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

2023 йил октябр ойидан Мирзаобод туманига раҳбарлик қилиб келган Сарвар Султонов аввалроқ президент раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда ишдан олинган эди.

Олдинроқ Навоий вилоятининг Учқудуқ туманига ҳам банк раҳбари ҳоким қилиб тайинлангани ҳабар қилинганди.

Мавзуга оид