Ўзбекистон | 15:05 / 12.11.2024
5661
5 дақиқада ўқилади

Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик

Маҳаллалар уюшмасидан Фурқат Маҳмудхўжаев юнусободликлар иссиқхоналарда турли нарсалар ёқилаётганидан азият чекаётганини айтиб, жамоатчиликни амалий ечим топилмагунча тўхтамасликка чақирди. Пойтахт ҳокимлигига кўра, қаттиқ ёқилғи асосида иситиш учун ички ёнув тизимларидан фойдаланадиган барча объектлар реестрга киритилган.

2024 йил январ ойидаги мониторинг тадбири / Фото: Экология вазирлиги

Маҳаллалар уюшмасининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи, пойтахт ҳокимининг собиқ ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаев шаҳар экологияси бузилаётганидан шикоят қилди. У Facebook'даги саҳифасига жойлаган видеода иссиқхоналар сабаб маҳаллий аҳоли ҳаво ифлосланишидан азият чекаётганини айтган.

“Умуман, “бетонка” яқинидаги барча маҳаллалар ҳарорат тушиши билан ўша муаммодан азият чекмоқда. Одамлар иссиқхоналарда турли нарсаларни ёқишяпти, экология бузиляпти. Энг муҳими, одамларнинг саломатлигига жуда негатив таъсир қиляпти.

Агар шамол кучли бўладиган бўлса, у [ифлос ҳаво] ҳаммамизгача келади. Ҳозир “бетонка” атрофидагилар азият чекяпти. Бу жуда қайғули. Болалар, қариялар, турли касалликларга чалинган одамлар шу ҳаводан нафас олишади. Бу билан нимадир қилиш керак. Бунинг олдини олишда барча ташкилотлар иштирок этиши керак. Унинг бошида, албатта, Тошкент шаҳар ҳокимияти туриши керак. Дўстлар, сизлардан қаттиқ сўрайман, бу масалани ўз ҳолича қолдирманглар, масалани доимий кўтаринглар. Амалий жиҳатдан бу муаммога ечим бўлмас экан, биз тўхтамаслигимиз керак. Ҳаммамиз биргаликда албатта бу масалани ҳал қиламиз”, деган у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маҳмудхўжаевнинг мурожаатига муносабат билдирди.

“Иқтисодий фаолиятнинг кенгайиши ва тадбиркорликнинг ривожланиши Тошкент шаҳрида ҳамда Тошкент вилояти туманларида жойлашган иссиқхона хўжаликларига ҳам таъсир кўрсатди. Бу ҳаво сифатининг ёмонлашувига, экологик мувозанатнинг бузилишига олиб келмоқда ва шаҳар аҳолисининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Корхоналарнинг иситиш ускуналарида тегишли энергия манбаларидан, хусусан, қаттиқ ёқилғидан фойдаланишини текшириш мақсадида экологик рейд ўтказилмоқда.

Экология бошқармаси, кадастр хизмати, ФВВ, ИИББ, Ўзгидромет, Солиқ қўмитаси ва ҳокимият ходимларидан иборат ишчи гуруҳ тузилган. Гуруҳ объектларга чиқиб, махсус ускуналар ёрдамида экологик меъёрларнинг бузилишини қайд этиб бормоқда.

Аниқланган қоидабузарликлар бўйича, мавжуд вазиятни ўзгартириш учун қатъий чоралар кўрилмоқда”, – дейилади ҳокимлик баёнотида.

Таъкидланиича, кўмир қозонларидан фойдаланаётган объектларда кулнинг оғир ва енгил заррачаларини ушлаб қолувчи филтрларни ўрнатиш мажбурий деб белгиланган. Ўзига хос ҳид ва ҳаво рангини ўзгартирадиган бошқа материаллардан, масалан, шиналар ёки ёқилғи мойи (печ ёқилғиси)дан фойдаланадиган корхоналарга мавжуд ускуналарни филтрлар ўрнатилган ҳолда кўмирга алмаштириш талаби қўйилган. Акс ҳолда, бундай корхоналар оғир экологик вазият юзага келган йилларда ўз фаолиятини вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлади.

“Қаттиқ ёқилғи асосида иситиш учун ички ёнув тизимларидан фойдаланадиган барча объектлар алоҳида ҳисобга олинди ва реестрга киритилди. Иситиш мавсуми давомида уларда махсус гуруҳлар томонидан режадан ташқари текширувлар ўтказилади. Атмосферани ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар: иссиқхоналардан тортиб умумий овқатланиш корхоналаригача, шу жумладан очиқ оловда таом тайёрланадиган муассасалар ҳам назоратга олинди.

Шаҳар маъмурияти барча шаҳар аҳолисини пойтахтдаги экологик вазиятга эътибор қаратишга ва ифлосланишнинг олдини олиш чораларини кўришга чақиради. Ўз навбатида, ҳокимият фаолиятни меъёрлаштириш ва замонавий экологик талабларга мослаштириш бўйича маслаҳат ёрдами кўрсатишга тайёр”, – дея қайд этган Тошкент шаҳар ҳокимлиги.

Kun.uz баёнотда айтилган реестрга нечта корхона киритилганини сўраб, ҳокимлик матбуот хизмати билан боғланди. Лекин расмийлар бу рўйхат ҳозирда кенгайиб бораётганини таъкидлаш билан чекланди, қанча объект қўшилгани эса маълум қилинмади.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Экологик партия Тошкент шаҳар атрофидаги 631 та иссиқхонанинг ярмидан кўпи кўмир, баъзан резина шиналар ва бошқа ёнувчи воситалардан фойдаланаётганини маълум қилганди. Партия муаммога Эковазирлик ва Бош прокуратурадан тезкор чоралар кўришини ҳам сўраган.

Аввалроқ жамоатчилик фаоли Шерзодхон Қудратхўжа ҳам Юнусободдаги ҳаво ифлосланишида иссиқхоналарни айблаган, фаоллар эса муаммонинг илдизи газ ва умуман энергетика соҳасига бориб тақалишини таъкидлаганди.

Мавзуга оид