Жамият | 14:38 / 22.06.2020
16274
10 дақиқада ўқилади

Ҳазорасплик фермер ердан маҳрум қилинди, у мутасадди ташкилотлар ишидаги чалкашликлардан шикоят қилмоқда

Хоразм вилояти, Ҳазорасп туманидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерлари давлат захирасига қайтарилди. 66 ёшли фермер туман қишлоқ хўжалиги бўлими ва «Ергеодезкадастр» ташкилоти ишидаги чалкашликлардан шикоят қилди.

Ҳазорасп тумани, «Овшар» қишлоғи, Истиқлол маҳалласидаги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги 2005 йилда Дўстжон Хакимов томонидан пахта-ғалла йўналиши бўйича ташкил қилинган. 2019 йилдаги «оптималлаштириш» натижасида ер майдонлари 108,6 гектарга етказилган. Касби мелиоратор-ирригатор бўлган 66 ёшли Дўстжон ака фермер хўжалигини бошқариб келмоқда.

Ҳоким ерни захирага қайтариш ва фермер хўжалигини тугатиш жараёнини бошлаш ҳақида қарор чиқарди

2020 йил 17 апрель куни Ҳазорасп тумани ҳокими Ўктам Машарипов томонидан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигига тегишли 108,6 гектар ерни давлат захирасига қайтариш, фермер хўжалигини қонунчиликда белгиланган тартибда тугатиш жараёнини амалга ошириш, ерларни эса қайта танловга қўйиш ҳақида қарор чиқарилди.

Дўстжон Хакимов бундай қарор чиққани ҳақидаги хабарни тасодифан, далада ишлаб юрганида танишидан эшитиб қолган. Шундан сўнг фермер бу қарор устидан Адлия вазирлигига шикоят қилди. Президентнинг 5780-сонли фармонига кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳокимларнинг қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини олиб қўйиш ва бир фермер хўжалигидан бошқасига ўтказиш ваколати тегишли халқ депутатлари Кенгашларига берилганди. Шу сабабли, Адлия вазирлиги томонидан кўрилган «таъсир чоралари»дан сўнг, Ҳазорасп тумани ҳокимининг 2020 йил 17 апрель кунги қарори бекор қилинди.

Аммо, қонун устуворлиги таъминланганидан хурсанд бўлган фермернинг қувончи узоқ чўзилмади.

2020 йил 12 май куни Халқ депутатлари Ҳазорасп тумани кенгаши бир қатор фермер хўжаликлари, жумладан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги билан тузилган ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилиш ҳақида қарор чиқарди.

Унда «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги «шартномавий шартларни бажармасдан, белгиланган экин турларини экмасдан, ер ижара шартномасини тузмасдан ҳамда агротехник тадбирларни қўпол равишда бузган ҳолда ерлардан нотўғри фойдаланиб келаётгани» шартномани бекор қилишга асос бўлиши кўрсатилган.

2020 йил 1 июнь куни Ҳазорасп тумани ҳокимлиги «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг 108,6 гектар ерини давлат захирасига қайтаришни сўраб, Иқтисодий судга даъво аризаси киритди.

Фермер ерини захирага қайтариш учун «асос» бўлган ҳолатлар ва рақамлардаги ажабтовур чалкашликлар

Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг судга киритган даъвосида «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги томонидан йўл қўйилган бир қатор «камчиликлар», жумладан, 2019 йил ҳосили учун (!) 22 гектар ерга пахта экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 23,1 гектар экилгани (1,1 гектар ортиқча), 10,6 гектар ер майдонига ғалла экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 15,3 гектар (4,7 гектар ортиқча) экилгани кўрсатилган.

Фермер Дўстжон Хакимов даъво аризасида келтирилган ҳолатларга раддия билдирди ва рақамлар қўлидаги ҳужжатларга зид эканига эътибор қаратди.

Биринчидан, Дўстжон Хакимов 2019 йилда 22 гектар ерга пахта экилиши ўрнига 23,1 гектар ерга эккани ҳақидаги «айблов»даги рақамлар қаердан олинганидан ҳайрон. Унинг қўлида Ҳазорасп тумани Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан берилган маълумотнома бор. Унда 2019 йил учун режага кўра 41,7 гектар ерга пахта экиши, «топшириқ»қа (бу ҳақда кейинроқ тўхталамиз) биноан эса 49,7 гектар ерга пахта экиши кераклиги кўрсатилган.

Бундан ташқари, 2020 йил 7 февраль куни Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигига юборган талабнома ҳам бор. Унда (диққат!) «фермер хўжалиги томонидан 2019 йилда экилган экинлар мутахассислар томонидан мониторинг қилинганида 39 гектар ерга пахта экилиши белгиланган бўлишига қарамай, амалда 48 гектар пахта экилгани» қайд қилинган.

Яъни, 3та ҳужжатда 3 хил рақамлар келмоқда:

1) Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан берилган маълумотномада 41,7 гектар ерга пахта экилиши, «топшириқ»қа биноан эса 49,7 гектар ерга пахта экилиши кўрсатилган.

2) Ҳазорасп тумани ҳокимлиги талабномасида «39 гектар ерга пахта экилиши белгиланган бўлишига қарамай, амалда 48 гектар пахта экилгани» кўрсатилган.

3) Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг судга киритган даъво аризасида эса «22 гектар ерга пахта экиш режалаштирилган бўлиб, амалда 23,1 гектар экилгани» кўрсатилган.

Хўш, фермер қанча ерга пахта экиши керак эди ва қанчасига эккан?

Аслида бу рақамлар пахта ҳосили контрактация шартномасида аниқ кўрсатилган бўлиши керак эди. Аммо Дўстжон Хакимовга 2019 йилги пахта ҳосили контрактация шартномасининг бир нусхаси берилмаган ва у қанча гектар ерга пахта экиши кераклигини оғзаки «топшириқ»дан билган. Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси томонидан берилган маълумотномадаги «топшириқ» айнан шуни англатади.

Иккинчидан, ерни қайтариб олиш учун асос қилинаётган сабаблар 2019 йил (!) ҳосили бўйича кўрсатилмоқда. Агар бу сабаблар рост бўлса, нега Халқ депутатлари кенгаши ерни қишда эмас, балки деҳқончилик мавсуми ўртасида, май ойида, яъни жуда катта маблағлар эвазига экиш, суғориш ишлари амалга оширилганидан кейин қайтариб олмоқда? Нима учун бу «камчиликлар»га одатда ҳамма иш сарҳисоб қилинадиган январь, февраль ойларида эътибор қаратилмади?

Учинчидан, «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг туман ҳокимлиги билан узоқ муддатли ер ижараси шартномасини тузмагани рост. Дўстжон Хакимов бунинг сабабларини тушунтирди. У «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлимидан ўзига ажратилган ерларнинг ҳақиқий майдонига аниқлик киритишни ва узоқ муддатли шартномада кўрсатишни бир неча марта талаб қилган. Гап шундаки, фермер ерларнинг баъзи қисмида ариқлар ва зовурлар экин майдонидан чиқариб ташланмаган, ер майдонлари қоғоздаги рақамларга тўғри келмайди. Баъзи қисмида одамлар уй-жой барпо қилиб, расмийлаштириб олишган. Аммо улар экин майдонлари ҳудудидан чиқариб ташланмаган. Дўстжон Хакимов бундай ерларни ўз тасарруфига олишни, бу ерлар учун жавобгар бўлишни, солиқ тўлашни истамаяпти. «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси Ҳазорасп тумани бўлими бундай ерларнинг ҳақиқий чегаралари ва эгаларини аниқлаши, қонуний ҳолатга келтириши, шундан кейингина узоқ муддатли шартномани таклиф қилиши лозим эди. Лекин бу ишлар шу кунгача бажарилмаган.

Тўртинчидан, даъво аризасида фермер ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ишларини амалга оширмагани, белгиланган агротехника қоидаларига амал қилмагани, ўзига беркитилган ер майдонларидан самарасиз фойдалангани кўрсатилган. Аммо бу ҳақда комиссия томонидан ўрганиш олиб борилгани қайд этилиб, фермер иштирокида далолатнома имзоланиши шарт эмасмиди? Фермерга қайси агротехник тадбирларни бузгани ва қайси ҳолатда ерлардан нотўғри фойдалангани кўрсатилиши лозимку? Нега депутатлар фермер ва мутахассислар иштирокида бу масалани ўрганиб чиқишмаган?

Ер кодекси 36-моддасининг 7-бандига кўра, ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси уч йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилиниши назарда тутилган.

Аммо «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги сўнгги 3 йил давомида барча режаларни ортиғи билан бажариб келган. Жумладан, 2017 йилда пахта ҳосили 109 фоизга, ғалла ҳосили 101 фоизга бажарилган. 2018 йилда пахта ҳосили 103 фоизга, ғалла ҳосили 100 фоизга бажарилган. 2019 йилда пахта ҳосили 100 фоизга, ғалла ҳосили 147 фоизга бажарилган. Буни тасдиқловчи ҳужжатлар унинг қўлида бор.

Давлатнинг «кўчада қолган» ери борми? 80 гектар ер кимнинг қўлида?

Дўстжон Хакимов 2020 йил март ойида 80 гектар ерни давлат захирасига қайтариб олишлари ҳақида ариза ёзиб берганини таъкидламоқда. Фермер буни мажлисбозликдан, қоғозбозликдан, ҳужжатлардаги рақамларнинг чалкашлигидан безиб кетгани билан изоҳлади.

Ариза ёзиб берганидан сўнг, Дўстжон Хакимов қолган 28,6 гектар ерида деҳқончиликни давом эттирган. 80 гектар ерда эса бошқа фермер экин экиб, иш бошлаган.

Бу ерларнинг тақдири ва кимнинг қўлига ўтгани ҳақида Ҳазорасп тумани ҳокимлиги ва «Ергеодезкадастр» бўлимидан маълумот сўрадик. Мутасаддилар бу ерлар ҳамон «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги тасарруфида эканини, ўша вақтда давлат захирасига қайтарилмаганини таъкидлашди. У ҳолда ким бу ерларда деҳқончилик қиляпти? Агар «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалиги ерлари ҳақиқатда мониторинг қилинганида бунга аниқлик киритилмасмиди? Давлатнинг «кўчада қолган» ери борми? Нима учун давлатнинг ҳар бир қарич ерига, жумладан қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган бебаҳо ерлар ҳисобига жавобгар бўлган ташкилотлар бунга эътиборсизлик қилган?

Фермер ерлар қайтарилиши ва харажатлари қоплаб берилишини талаб қилмоқда

Дўстжон Хакимов Ҳазорасп тумани ҳокимлиги томонидан ўз фермер хўжалигига нисбатан қилинаётган бундай адолатсизликдан қаттиқ норози. Депутатлар кенгаши эса қайси айбига кўра ерларни захирага қайтарганини тушунмаяпти. Фермер ерларнинг қайтарилишини, етказилган зарарнинг қоплаб берилишини истамоқда.

«Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг ерлари ҳозирги вақтда «Ҳазорасп Текстил» кластерига вақтинча бериб юборилган. Бу йилги ғалла ва пахта экинлари эса трактор билан суриб ташланган. Натижада, чигит кеч экилган. Катта эҳтимол билан энди кузда ундан ҳосил олиш имконсиз бўлади.

Фермер хўжалигида меҳнат қилиб, рўзғор тебратиб юрган 8 нафар ходим ҳам ишсиз қолган. Афсуски, халқимиз учун оғир бўлиб турган бундай вазиятда уларнинг ва оиласининг тақдири ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Ҳужжатларда «Хакимов Хакимжон» фермер хўжалигининг ерлари сифатида кўрсатилиб, аслида бошқа одам фойдаланаётган 80 гектар ернинг тақдири ва шу ерлардан давлатга келиб тушмаётган тушум масаласи эса прокуратура идоралари ўрганиши лозим бўлган алоҳида мавзу.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид