Ўзбекистон | 10:43 / 06.07.2021
33483
3 дақиқада ўқилади

Президент «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади

5 июль куни президент Шавкат Мирзиёев «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги қонунни имзолади. Қонунинг тўлиқ матни «Халқ сўзи» нашрида эълон қилинди.

Расмийларнинг билдиришича, қонуннинг мақсади виждон эркинлиги кафолатларини кучайтириш, ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқини таъминлашнинг қонуний механизмларини мустаҳкамлаш, шунингдек, давлатнинг дин ишлари бўйича сиёсатини такомиллаштиришдан иборат.

Маълумотларга кўра, лойиҳа эълон қилинганидан буён (2020 йил август ойида) аҳоли, халқаро ташкилотлар ва маҳаллий экспертлар томонидан 700дан ортиқ таклиф келиб тушган. Лойиҳа қўмита ва партиялар фракцияларида ҳам кенг муҳокама қилинган. Депутатлар янги қонун лойиҳасида аҳолини қийнаб келаётган муаммолардан бири – фуқароларнинг жамоат жойларида ибодат либосларида юришларига йўл қўйилмаслиги ҳақидаги чекловни олиб ташлаган.

Бундан ташқари, диний таълим муассасаларида диний таълим берувчиларга марказий органнинг алоҳида розилигини олиш талаби, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун нотариал тасдиқланган ҳужжатларни тақдим этиш тартиби, диний ташкилотни тузишда маҳалла фуқаролар йиғинлари розилигини олиш талаби бекор бўлмоқда.

Шунингдек, диний ташкилотларни рўйхатдан ўтказиш тартиби ҳам бироз енгиллаштирилмоқда, яъни:

– диний ташкилотни тузиш учун ташаббускорларнинг сони 100 нафардан 50 нафарга қисқартирилмоқда;

– диний ташкилотни тузиш ҳақидаги йиғилиш ўтказилгандан кейин 6 ой мобайнида (амалда 3 ой) адлия органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мустаҳкамланмоқда;

– тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқармоқда;

– рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ хизматлар тўлиқ электрон кўринишда амалга оширилиши жорий этилмоқда;

– диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишнинг 3 ойлик муддати 1 ой этиб белгиланмоқда;

– рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари аниқ белгиланмоқда.

Лекин янги таҳрирдаги қонунда ҳам хусусий диний таълимга қўйилган чекловлар сақланиб қолмоқда. Бу жамоатчилик фаоллари ва диний уламолар томонидан норозиликка сабаб бўлган.

Шунингдек, кўплаб халқаро ташкилотлар ҳам ушбу қонун инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга ва ЕХҲТ олдида инсон ҳуқуқлари борасида Ўзбекистон бўйнига олган мажбуриятларга тўла мос келиши учун жиддий қайта кўриб чиқиш кераклигини айтган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун жорий йилнинг 4 май куни Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан, 26 июнь куни Сенат томонидан қабул қилинган.

«Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Ўзбекистон қонуни матбуотда расман эълон қилинган кундан, яъни бугундан кучга кирди.

Мавзуга оид