Ўзбекистон | 17:36 / 15.07.2019
16710
2 дақиқада ўқилади

Сарвархон Бузрукхонов: «Бугун ОТМ профессорлари энг юқори маош оладиган бўлди»

Фото: Халқаро пресс-клуб

Халқаро Пресс-клубнинг Ўзбекистон Республикаси президентининг «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги фармонига бағишланган брифинги бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов олий таълим тизимидаги ойлик-маошлар, талабаларнинг стипендиялари, тўлов-контракт суммалари ҳақида гапирди.

«Ҳеч иккиланмай айта оламанки, бюджетдан молиялаштириладиган муассасаларда энг юқори ойлик ОТМ профессорларига бериладиган бўлди», - дея таъкидлади у.

Вазир ўринбосари бунга сабаб бўлган омилларга ҳам тўхталиб ўтди: «Авваллари уларнинг бу соҳадан кетиб қолиши ҳам бўлди, шу билан бирга илмга интилиш ҳам сусайди. Профессор ёки доцентда илмий иш қилишга рағбат йўқ эди, чунки уларнинг ойлик маоши ассистент билан атиги 700 мингга фарқ қиларди».

У президентнинг олимларга алоҳида эътиборини таъкидлар экан, хусусан, ОТМ профессор-ўқитувчиларининг ойлик маоши босқичма-босқич оширилганига урғу берди.

«Бугунги кунда ОТМ профессори 6 717 000 сўм маош олади. Таққослайдиган бўлсак, 2016 йил 1 октябрида профессорнинг маоши 2 178 000 сўм бўлган, яъни 3.2 бараварга ошган. Бу ўз-ўзидан илмга, таълим сифатини оширишга рағбат уйғотади. Қолаверса, коррупциянинг олдини олади. Бундан ташқари, 1 июлдан ОТМ профессорлари ва раҳбарларининг маоши 25 % га ошганди. Яна бир улар учун қувонарлиси ОТМ профессорлари меҳнат таътилига оширилган ойлик ҳисобидан чиқади», - дейди олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид