Ўзбекистон | 19:34 / 09.11.2022
8476
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Корея ректорлари биринчи форуми ўтказилади

Айни кунларда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги масъулларидан иборат делегация Корея Республикасида бўлиб турибди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Вазир ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Корея Республикасининг Таълим вазири ўринбосари Санг Ён Жанг билан учрашув ўтказиб, таълим соҳасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилди.

Томонлар Корея таълим вазирлиги ҳамда Миллий тадқиқот жамғармаси “Илғор университетларни халқаро қўллаб-қувватлаш” лойиҳаси доирасида Ўзбекистон олий таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишилди.

Шунингдек, 2023 йилда мамлакатимизда Ўзбекистон-Корея ректорлари биринчи форумини ўтказиш масалалари муҳокама қилинди. 

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Бундан ташқари, мулоқот давомида Тошкентдаги Аджу университети фаолиятини доимий муассаса сифатида Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш учун Корея таълим вазирлиги томонидан берилиши лозим бўлган рухсатномани қисқа муддатда олишга келишилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Корея вакиллари ўзаро манфаатли ва мустаҳкам алоқа ўрнатишга тайёр эканликлари, бу борада барча имкониятлар, ўртага ташланган таклифларни ўрганиб, уларни келгусида амалиётга татбиқ этишга келишиб олинди.

Шу куннинг ўзида Сарвархон Бузрукхонов Кореянинг Аджу университети президенти Кеэшоо Чои билан ҳам учрашув ўтказиб, Тошкент шаҳридаги Аджу университети фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

2023-2024 ўқув йилидан бошлаб Тошкент шаҳридаги Аджу университетида янги иккита таълим йўналишини очишга, ўзбекистонлик педагогларни Кореяда тайёрлашга келишиб олинди.

Тошкентдаги Аджу университети биноларини реконструкция қилишнинг иккинчи босқичини ҳамда лаборатория асбоб-ускуналари билан таъминлаш ишларини жадаллаштиришга, университет фаолиятини янада ривожлантириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга қарор қилинди.

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

Делегация аъзолари Аджу университетида таълим олаётган ўн олти нафар ўзбекистонлик ёшлар билан учрашиб, уларнинг таклифлари эшитилди.

Учрашув давомида Деу таълим жамғармаси томонидан Тошкент шаҳридаги Аджу университети уч нафар талабасининг ҳар бирига Кореяда бир семестр давомида ўқиш учун 3 млн вон қийматидаги грант сертификати топширилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид