Жаҳон | 20:00 / 13.11.2025
6967
7 дақиқада ўқилади

Босния урушида сайёҳлар учун «одамлар ови» иши. Италия прокуратураси текширув ўтказмоқда

Журналист версиясига кўра «снайпер-сайёҳлар» одамларни отиш учун сербиялик ҳарбийларга пул тўлашган. У ерда хизмат қилган Британия ҳарбийлари эса буни миш-миш деб атаган.

Бола кўтариб, снайперлар ўқидан қочаётган босниялик бир аскар ва аёл. 29 июнь, 1995 йил / Фото: Getty Images

1990-йилларда Югославия парчалангач, Босния ва Герцеговина пойтахти Сараево шаҳри серб кучлари томонидан ўраб олиниб, 1992-1996 йиллар давомида қамал қилинди. Турли маълумотларга кўра, доимий ўқ ёмғири остидаги қамал даврида 10 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган.

The Guardian нашри ёзишича, Миландаги жамоат прокуратураси айни ушбу уруш пайтида италиялик бойлар «снайпер туризми»га боргани ҳақидаги даъволар юзасидан тергов иши очди.

Шикоят журналист ва ёзувчи Эзио Гаваззени томонидан берилган. У Сараевони ўраб турган серб позицияларидан туриб «ожиз фуқароларни ўлдириш учун пул тўлаган жуда бой одамлар» томонидан амалга оширилган «инсон ови»ни тасвирлаб ёзган.

Эзио Гаваззени

BBC нашрига кўра, йиллар давомида чет элдан келган «инсон овчилари» ҳақидаги шунга ўхшаш даъволар бир неча бор билдирилган. Бироқ энди Гаваззени томонидан тўпланган далиллар, жумладан босниялик ҳарбий разведка зобитининг гувоҳлиги, Италия аксилтеррор прокурори Алессандро Гоббис томонидан кўриб чиқилмоқда.

Маълум бўлишича, бундай ваҳшийлик ҳақида уруш пайтидаёқ босниялик зобитлар хабардор бўлишган. Улар 1994 йилда бундай «сафарилар» ҳақидаги маълумотларни Италиянинг ҳарбий разведкаси - SISMI’га етказган. Бир неча ой ўтгач разведкачилар «сафари» сайёҳлари Италия шимолий чегарасидаги Триесте шаҳридан учиб келиб, кейин Сараево устидаги тепаликларга боришганини аниқлаган. Разведкачилар шундан кейин «бунга чек қўйилгани»ни айтган. Икки-уч ой ичида бундай сафарлар тўхтаган.

Қамал остида қолган Сараевода серб снайперларининг ўқидан яшириниб, эгилиб ўтаётган аҳоли. 1993 йил / Фото: Reuters.

Бундан ташқари, «инсонлар ови» ҳақида ўттиз йил аввал, Италиянинг Corriere della Sera Сера газетаси ҳам аниқ далилларсиз хабарлар ёзганди. Кейинроқ, 2022 йилда словениялик режиссёр Миран Зупанич олган ҳужжатли филмда «овга» Италия билан бирга АҚШ ва Россия каби давлатлардан ҳам қотиллар келгани иддао қилинади.

2000-йиллардан сўнг Гаваззени масалани янада чуқурроқ ўрганишни бошлади. У жорий йил феврал ойида прокурорларга ўзи йиғган далилларини топширди. Далиллар 17 саҳифалик материал бўлиб, Сараевонинг собиқ мэри Бенжамин Каричнинг ҳисоботини ҳам ўз ичига олади.

«Киши бошига 100 минг евро»

Италиянинг La Repubblica газетасига берган интервюсида Гаваззени бу амалиётда «кўпчилик» иштирок этганини таъкидлади. Италиялик сайёҳлар бу қотилликларни қилиш учун «жуда кўп пул» – бугунги ҳисобда 100 минг еврогача тўлашган. Эркаклар, аёллар ёки болаларни ўлдириш учун турлича тарифлар белгиланган.

Гаваззени аниқ рақам келтирмаган ҳолда «жуда, жуда, жуда кўп италияликлар» гумон остида эканини айтди. «Немислар, французлар, инглизлар… — ғарбнинг барча мамлакатларидан одамлар тинч аҳолига ўқ узиш учун у ерга бориш эвазига катта пул тўлашган», деди у.

Фото: AFP

«Ҳеч қандай сиёсий ёки диний мотивлар бўлмаган. Улар – завқ ва шахсий қониқиш учун борган бой одамлар эди. Гап қуролни яхши кўрадиган, балки отиш майдонларига ёки Африкага сафар қиладиган одамлар ҳақида кетмоқда», дея Гаваззенинг сўзларини келтирмоқда The Guardian нашри.

Ўша вақтда Сараево томон кирадиган бош кўча — Meša Selimović булвари «Снайпер хиёбони» номини олган, чунки у ниҳоятда хавфли бўлиб қолган. Бироқ уни четлаб ўтиб бўлмаган – у Сараево аэропортига олиб борадиган йўл эди. Трамвай ва автобусларнинг ойналари ўқдан тешилиб кетган, атрофда эса снайпер ҳақида огоҳлантирувчи белгилар бўлган.

Фото: Reuters

«Снайперлар Сараевода қамал остидаги ҳаётнинг эҳтимол энг қўрқинчли элементи эди. Чунки улар кўчадаги одамларни, жумладан болаларни ҳам, гўёки видеоўйин ёки сафаридаги каби танламасдан нишонга олиб отишарди», дейди у.

Гаваззени гумондорлар яқин ҳафталар ичида прокурорлар томонидан сўроқ қилиниши кутилаётганини билдирди.

Иш очилди

Нашрнинг ёзишича, прокурор Алессандро Гобби бошчилигидаги Милан прокуратураси айбдор италияликларни аниқлашга қаратилган, қасддан одам ўлдириш жинояти бўйича оғирлаштирилган айбловлар доирасида терговни бошлаб юборди.

Италиялик прокурорлар ва полиция кимлар иштирок этган бўлиши мумкинлигини аниқлашга уринмоқда. Ҳозирда иш бўйича гувоҳлар рўйхати тузилган.

Фото: Reuters

Гаваззени ишини тайёрлашга ёрдам берган юрист Никола Бригида иш бўйича «яхши асосланган» далиллар борлигини айтди.

«Узоқ давом этган суриштирувлардан сўнг тўпланган далиллар яхши асосланган ва айбдорларни аниқлашга қаратилган жиддий терговга олиб келиши мумкин. Шунингдек, Сараевонинг собиқ мэри томонидан юборилган ҳисобот ҳам бор», дейди юрист.

Бу иш юзасидан Босниянинг ўзида олиб борилган тергов эса тўхтаб қолган бўлиши мумкин.

Шубҳалар ҳам бор

1990-йилларда Сараевода хизмат қилган британиялик собиқ ҳарбийлар эса BBC'га Босния можароси давомида ҳеч қандай «снайпер туризми» ҳақида эшитишмаганини айтишди.

Улар учинчи мамлакатлардан келган ва Сараевода фуқароларга ўқ узиш учун пул тўлаган одамларни олиб киришга уринишлар – кўплаб назорат пунктлари мавжудлиги сабабли «логистик жиҳатдан амалга ошириш қийин» бўлганини таъкидлаган.

Сараево харобалари / Фото: АҚШ давлат департаменти

Британия кучлари Сараево ичида ҳам, шаҳар атрофидаги серб кучлари жойлашган ҳудудларда ҳам хизмат қилган. Улар ўша пайтда «снайпер туризми» бўлаётганини кўрсатадиган ҳеч нарсани кўришмаганини билдирган.

Аскарлардан бири эса чет элликлар фуқароларни ўққа тутиш учун пул тўлашгани ҳақидаги даъволарни «шаҳар афсонаси» деб таърифлади.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид