Жаҳон | 12:19 / 03.06.2026
8953
2 дақиқада ўқилади

Белгиядан Россияга бемор отасини кўриш учун келган шахс «давлатга хиёнат»да айбланиб, 16 йилга қамалди

Михаил Лошчинин Белгия фуқаролигига эга бўлган ва 2000 йилдан буён Россияда яшамаган. Уни собиқ севгилисининг картасига пул ўтказиб бергани учун қамашди.

Фото: Михаил Лошчининнинг оилавий архивидан

Псков област суди 2025 йил ёзида Россия чегарасида қўлга олинган Михаил Лошчининни «давлатга хиёнат» айблови билан 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

«Осторожно, новости» хабарига кўра, суд Лошчининни «Россия Федерациясининг душмани деб тан олинган хорижий давлат вакилларини молиялаштириш»да айбдор деб топди. Лошчинин ва унинг украиналик собиқ севгилиси ўртасидаги 2022 йилги ёзишма  айблов учун асос бўлган, ўшанда аёл ундан пул сўраган.

2025 йил 1 июл куни Латвия орқали Россияга кирганида Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) ходимлари унинг телефонидан ушбу ёзишмаларни топиб олишган. Россия ва Белгия фуқаролигига эга бўлган Лошчинин ўшанда бемор отасини кўриш учун Санкт-Петербургга мотоциклда келаётган эди. У 2000 йилдан бери Россияда яшамаган.

Лошчининни қўллаб-қувватлов гуруҳи маълумотларига кўра, дастурчи чегара ҳудудини ноқонуний кесиб ўтиш баҳонасида ушланган ва икки ҳафта муддатга ҳибсга олиниб, Псковнинг Питалово шаҳридаги меҳмонхонага жойлаштирилган. Кейин у Белгород областидаги 2-сонли тергов ҳибсхонасига юборилган – у ерда украиналик асирлар сақланмоқда. Лошчининнинг ўзи у ерда қийноққа солингани ва калтакланганини айтиб берган.

У ҳеч қандай айблов эълон қилинмаган ҳолда Белгород областидаги тергов изоляторида уч ҳафта ушлаб турилган. Кейин уни Псковдаги 1-сонли тергов изоляторига ўтказишган ва расман «давлатга хиёнат» айблови қўйилган.

Михаил Лошчинин билан боғлиқ воқеа Россия ташқарисида ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди. Белгиянинг Москвадаги элчихонаси бир неча марта РФ ТИВдан дипломатик ваколатхона ходимларига Лошчининни бориб кўришга рухсат беришни сўради. Аммо унинг олдига барибир дипломатларни киритишмади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид