Ўзбекистон | 19:21 / 02.08.2023
19638
7 дақиқада ўқилади

Мебелчидан “ошпаз”гача — қуёш панеллари ўрнатиш бўйича тендерларни кимлар ютмоқда?

Июл ойида қуёш панеллари сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ юзлаб тендер савдолари ўтказилди. Уларнинг айримларида бошқа соҳаларга ихтисослашган, қуёш панели ўрнатиш тажрибаси бор-йўқлиги номаълум фирмалар ғолиб деб топилган. Айнан панеллар борасида тажрибага эга компаниялар эса улардан арзонроқ нарх таклиф қилган бўлса-да, тендерни юта олмаган.

Фото: KUN.UZ

Кейинги пайтларда тендер савдоларига энг кўп қўйилаётган маҳсулот бу қуёш панеллари ҳисобланади: ижтимоий соҳа объектларига қуёш панеллари сотиб олиш ва ўрнатиш учун юзлаб тендерлар ўтказилмоқда.

Аммо кўплаб ҳолатларда ғолиб деб топилган фирмаларнинг фаолият тури электр энергияси соҳаси билан боғлиқ эмас. Бу миллиардлаб сўмлик қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати ва кафолатини шубҳа остига қўяди.

Kun.uz июл ойида ўтказилган, қиймати 500 млн сўмдан ортиқ бўлган қуёш панеллари билан боғлиқ шубҳали тендерларга эътибор қаратди.

1-ҳолат: Божхона институти

Божхона институти 23 июн куни институт ҳудудидаги биноларга қуввати 300 kW'дан кам бўлмаган қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича 3 млрд сўм бошланғич нарх билан тендер эълон қилган. 14 июл куни ўтказилган тендерда 2 млрд 520 млн сўмлик таклиф билан “Good Food Catering” МЧЖ ғолиб деб топилган ва у билан шартнома имзоланган.

Очиқ манбаларга кўра, 2019 йилда ташкил этилган “Good Food Catering” МЧЖ овқатланишни ташкил қилишнинг бошқа турлари билан шуғулланади. Яъни унинг фаолият тури энергетика соҳаси билан алоқадор эмас.

“Good Food Catering” МЧЖ қуёш панеллари ўрнатиш бўйича тажрибага ҳам эга бўлмаслиги мумкин – корхона ўтган бир йил давомида бирор марта қуёш панеллари ўрнатиб бериш билан боғлиқ бўлган тендерларни қўлга киритмаган.

Божхона институти бошлиғи в.в.б. Рустам Ҳабибов раислигида ўтган тендерда 20дан ортиқ фирма қатнашган. Уларнинг айримлари айни шу – қуёш панеллари ўрнатиш билан шуғулланиб келаётган фирмалар.

2-ҳолат: ФВВ вилоят бошқармалари

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Хоразм ва Сирдарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармалари ҳамда ЁҚҚлар учун жами 300 kW қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича 3 млрд сўм бошланғич нарх билан тендер эълон қилган. Тендерда 2,94 млрд сўмлик таклиф билан “Get-Green Energy Trade” МЧЖ ғолиб деб топилган.

Ихтисослашмаган улгуржи савдо билан шуғулланадиган мазкур МЧЖ таъсисчиси – Абдулаҳад Аҳмаджонов.

“Get-Green Energy Trade” МЧЖ 4 ой олдин ташкил этилган. Бугунги кунгача, etender.uzex.uz платформасидаги маълумотларга эътибор қаратилса, на қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш билан боғлиқ ва на ўз фаолиятига доир тендерларда иштирок этмаган. Танлов комиссияси қарийб 3 млрд сўмлик лойиҳани унга “совға” қилишган гўё. Сабаби, бу тендерда ғолиб МЧЖга айнан энергетика соҳасида етарли тажрибага эга бўлган фирмалар рақиблик қилган.

Жумладан, қуёш фотоэлектр станцияларини ўрнатиш бўйича бир нечта лойиҳаларни амалга оширган “Modern Rower systems” МЧЖ ғолибдан қарийб 700 млн арзон нарх таклиф қилган ҳолда тендерни ютолмаган. Ёки фаолият тури электротехник ва монтаж ишлари бўлган “Energiya stroy” МЧЖ 2 млрд 352 млн сўмлик таклифи билан ортда қолиб кетган.

3-ҳолат: Чегара божхона пости

Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона постига 120 kW қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш бўйича 1 млрд 320 млн сўм бошланғич нарх билан тендер ўтказган. Унда 1 млрд 58 млн сўмлик таклиф билан Ўзбекистон ногиронлар жамияти Қорақалпоғистон бўлимининг “Aqua-big” унитар корхонаси ғолиб бўлган.

Мазкур корхона мебеллар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

2022 йилнинг март ойида ташкил этилган корхона бугунги кунгача қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ лойиҳаларни амалга оширгани ҳақида очиқ манбаларда маълумотлар мавжуд эмас.

4-ҳолат: Касалхона

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази 100 kW қуёш фотоэлектр станциясини ўрнатиш бўйича 1,2 млрд бошланғич нарх билан тендер эълон қилган. Тендерда “Industry Invest Group” МЧЖ ғолиб бўлган ва у билан 1 млрд сўмлик шартнома имзоланган.

2022 йилнинг декабр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган мазкур МЧЖ қурилиш лойиҳалари ишлаб чиқариш фаолият тури билан шуғулланади.

Юқоридаги ҳолатлар каби “Industry Invest Group” МЧЖ ҳам олдин қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ тендерларни қўлга киритгани ҳақида маълумотлар йўқ.

5-ҳолат: Мактаб

Олмалиқ шаҳридаги 80-ихтисослаштирилган махсус мактаб-интернати 50 kW қувватга эга қуёш панели сотиб олиш ва ўрнатиш учун 614 млн сўм бошланғич нарх билан тендер ўтказган. Ушбу тендерни 600 млн сўмлик таклиф билан “Husniyahon plus” МЧЖ ютган.

Мазкур МЧЖ турар жой биноларини қуриш билан шуғулланади.

Бу лойиҳа “Husniyahon plus” МЧЖнинг қуёш панеллари ўрнатиш борасидаги илк иши бўлиши мумкин: etender.uzex.uz платформасида МЧЖ олдин энергетика соҳасига оид лойиҳаларни ютиб олгани ва амалга оширгани ҳақида маълумот йўқ.

Бу тендерда ҳам ғолиб МЧЖга қуёш панеллари ўрнатишда тажрибага эга бўлан фирмалар рақиблик қилган. Эътиборлиси, улар ғолибникига қараганда анча кам сумма таклиф этишган. Танлов комиссияси эса негадир бунга кўз юмган.

Масалан, қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ кўплаб лойиҳаларни амалга оширган “All Solar” МЧЖ ғолибдан қарийб 130 млн сўм кам нарх таклиф қилган ҳолда тендерни ютолмаган. Фаолият тури электротехник ва монтаж ишлари бўлган, олдин ҳам шу каби тендерларни ютиб, соҳада етарлича тажриба тўплаган “Dream Energy AA” МЧЖ ҳам 436,8 млн сўмлик таклиф билан мағлублар қаторидан жой олган.

Яна бир жиҳати, биз юқорида санаб ўтган ҳолатларнинг айримларида тендер бўйича ғолибларни аниқлаш мезонлари қаторида корхонанинг айни шу хизмат бўйича тажрибаси ҳамда малакали ходимлари бор-йўқлиги асосий мезонлар сифатида келтирилган.

Бу ҳолатлар июл ойида ўтказилган қуёш панеллари ўрнатиш билан боғлиқ миллиардлаб сўмлик юзлаб тендерлардан айримлари холос. Бундай тендерлар кўп ўтмай қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати борасида муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Гап давлат бюджетининг катта маблағлари ҳақида борар экан, ҳар бир ишни ўз мутахассиси қилгани, мақолда айтилганидай чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйгани маъқул.

Олдинроқ Энергетика вазирлиги қуёш панеллари ўрнатиш бўйича қарийб 2 трлн сўмлик тендер эълон қилган ва унда 2 та компания ғолиб деб топилган эди. Кўп ўтмай вазирлик тендер натижаларини бекор қилганди.

Руслан Сабуров,

Kun.uz

Мавзуга оид