Ўзбекистон | 18:35 / 09.02.2026
10575
2 дақиқада ўқилади

Британия туроператори Пекин - Тошкент йўналиши бўйича люкс поездини йўлга қўяди

Йўналиш 22 кунга мўлжалланган бўлиб, бешта давлат - Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Саёҳат нархи икки кишилик жойлашувда бир киши учун 50 700 (эллик минг етти юз) доллардан бошланади.

Фото: travelandtourworld.com

Британиянинг Golden Eagle Luxury Trains туроператори «Поездда Буюк Ипак йўли» (The Great Silk Road by Train) янги ҳашаматли темирйўл сайёҳлик дастури йўлга қўйилганини эълон қилди. Бу ҳақда Travel and Tour World халқаро сайёҳлик нашрида маълумот берилди.

Йўналиш 22 кунга мўлжалланган бўлиб, бешта давлат - Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Йўлнинг умумий узунлиги 3 минг 862 километрни ташкил этади. Саёҳат Пекиндан бошланиб, Тошкентда якунланади.

Тур дастури қадимги Ипак йўлининг асосий тарихий ва маданий ёдгорликлари атрофида қурилган: Хитойда Император саройи, Буюк Хитой девори, Циандаги терракота армияси, Дунхуандаги Могао ғорлари, Ўзбекистонда Самарқанд, Бухоро ва Хива.

Экскурсия дастуридан ташқари, қўшимча тадбирлар, жумладан, Гоби чўлида туяларда сайр қилиш ва Олмаотага самолётда учиш ҳам режалаштирилган.

Саёҳат нархи икки кишилик жойлашувда бир киши учун 50 минг 700 доллардан бошланади. Нархга турар жой, овқатланиш, экскурсия дастури, трансферлар ва суғурта киради. Биринчи рейс 2026 йил 21 сентябр - 12 октябр кунларига режалаштирилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид