Жаҳон | 19:39 / 07.04.2020
21005
4 дақиқада ўқилади

«Гўё ҳарбий зонадамиз...» – америкалик тиббиёт ходими ўзи ишлаётган шифохонадаги вазият ҳақида

Сан-Францискодаги шифохоналарнинг бирида тиббий биродар («медбрат») бўлиб ишловчи Энтони Никеле Skype орқали йўллаган видеосида касалхонадаги вазият ҳақида сўзлаб берди. Унинг Current Time'да эълон қилинган ҳикоясини Kun.uz ўзбек тилида тақдим этади.

 

«Бу ерда бўлаётган ишларни кўрсангиз, эсингиз оғади»

– Мен Сан-Францискодаги шифохонанинг реанимация бўлимида ишлайман. Бу ерда бўлаётган ишларни кўрсангиз, эсингиз оғади. Мен сал кам ҳар тун шу ерда ишлаяпман. Касалларга ёрдам бериш учун ва ўз хавфсизлигимиз учун зарур нарсалар етишмаяпти. Ўйлайманки, мамлакатнинг ҳеч бир шифохонасида тиббий ускуналар етарли эмас. Мен мана бу ҳимоя тасмали маскани бир ҳафтадан бери ишлатаман. Шу маскада мен COVID-19га чалинган оғир касалларга қараяпман.

Шу кунларда ўзим ҳам вирусга чалинганимга шубҳам йўқ. Мамлакатимизда вирус тарқалишини кеч назоратга олишгани сабаб энди ҳамма ё вирус ташувчисига айланади, ёки касал бўлиб яхши бўлади.

Мен оғир касалларга қараяпман. Уларга ўпкани сунъий вентиляция қиладиган аппаратлар керак. Менинг вазифам беморларга даволаниб омон қолишдек йўлни босиб ўтишда, янги кунни кўришда ёрдам бериш. Ёки, агар улар вафот этадиган бўлса, уларнинг ёнида бўлиш. Мен охиригача шу ерда бўламан, бу ишлар тугамагунча.

«Бу ердагиларнинг кўпи – карантин қоидаларига беписанд бўлганлар»

– COVID-19 инсонни қўққисдан чалади. Бу ердаги кўплар – карантин қоидаларига беписанд бўлганлар. Улар ҳеч нарса бўлмагандек яшаганлар. Кейин иситмалари чиққан, терлаш ва ич оғриғи пайдо бўлган. Кейин юраётганларида ҳаво етишмаётганини пайқашган.

Агар инсон шу босқичда ўпкани вентиляция қилиш ускунасисиз тузалаётган бўлса, биз унга уйда карантинда ўтиришни тавсия қиляпмиз. Биз шифохонанинг ҳатто операция қилиш хоналарига сунъий нафас олдиришга муҳтож беморларни ётқизганмиз.

Машина тураргоҳимизда эса палаткалар турибди – улар ҳали сунъий нафас ускуналарига муҳтож бўлмаганлар учун. Биз гўё ҳарбий зонадамиз.

Фото: Видеодан кадр

«Уйда қолинг! Янги касалларни қабул қилолмай қолишимиз мумкин»

– Мен учун энг қийини – одамларнинг ёлғизликда ўлаётганини кўриб туриш. Мен учун доим муҳим бўлиб келган нарса – бемор ўлаётганида унинг ёнида яқинлари бўлиши эди. Киши ёлғизликда ўлаётганини кўрсам, қалбим тилка-пора бўлиб кетарди. Айнан шу нарса ҳозир дунё бўйлаб юз беряпти.

Уйларингизда қолинг! Зеро мамлакатимиз тиббиёти янги касалларни қабул қила олишига амин эмасмиз. Бунга жиддий қаранг!

«Коронавирусдек қотилни кўрмадим»

– Мен бунақа ҳолатга ҳали гувоҳ бўлмаганман. 10 йилдан бери мен ўқ еган, автоҳалокатга дучор бўлган, оғир жиноятлар қурбони бўлганларга қараб келяпман. Аммо мана бу коронавирусдек қотилни кўрмадим. 

Одамлар бизни жуда қўллашяпти; овқатлар, мактублар ва видеохабарлар жўнатишяпти. Бугун маҳаллий салон гигиеник воситалар жўнатди, биз бу ерда ишимизни давом эттира олишимиз учун.

Мен бу ерда яқинларимдан жудоликдаман, фақат одамларнинг қўллови ёрдам беряпти. Акс ҳолда, билмайман, қандай қилиб бунга чидай олардим.

Мавзуга оид