Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Хитойга келди, Эбола тарқалиши кўпайди, АҚШ Европадаги ҳарбийларини қисқартиради – кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.
Путин Хитойга келди
20 май куни эрталаб Си Жинпинг Пекиндаги Халқ йиғинлари залида Россия президенти Владимир Путинни юксак эҳтиром ва дабдаба билан кутиб олди. Учрашув Хитой етакчиси худди шу жойда Доналд Трампни қабул қилганидан бир неча кун ўтиб, деярли бир хил форматда юз берди.
Си ва Путин ўртасидаги музокаралар дастлаб нозик масалаларни муҳокама қилиш учун «тор доирадаги учрашув» билан бошланди. Сўнгра ҳар икки етакчи ўз делегациялари билан «кенг доирадаги учрашув» ўтказди.
Хитой ОАВларига кўра, Си Жинпинг ўзининг кириш сўзида икки давлат — миллий тараққиёт ва қайта тикланиш борасида бир-бирига ёрдам бериши кераклигини айтди. Шунингдек, Си дунё яна «чангалзор қонунлари»га қайтиш хавфи остида эканини қўшимча қилди.
Путин эса ўз нутқида Яқин Шарқдаги инқироз шароитида Москва «ишончли энергия етказиб берувчи» бўлиб қолаётганини таъкидлаган ва Сини келгуси йили Россияга таклиф қилди.
Си Яқин Шарқда ҳарбий ҳаракатларнинг янада авж олдирилиши «мақсадга мувофиқ эмаслигини» ва «ҳар томонлама ўт очишни тўхтатиш долзарб аҳамиятга эга» эканини айтди.
Учрашувлар давом этмоқда. Украинадаги уруш харажатлари ортиб бораётгани ва санкциялардан жабр кўраётган иқтисодиёти туфайли ўзаро савдо ва инвестициялар Путин кун тартибидаги энг муҳим масалалар бўлади.
Эбола тарқалиши кўпаймоқда
Конго шарқида сўнгги 24 соат ичида Эбола вирусидан вафот этишда гумон қилинган яна 26 та ҳолат қайд этилди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари эпидемия тарқалишидан чуқур хавотир билдирмоқда.
Янги ўлим ҳолатлари Конгода эпидемия билан боғлиқ қурбонлар сонини 131 нафарга етказди. Соғлиқни сақлаш расмийларига кўра, мамлакатда 543 та гумон қилинган ва 33 та тасдиқланган ҳолат қайд этилган. Қўшни Угандада эса 2 та ҳолат тасдиқланган.
Эпидемия экспертларни хавотирга солмоқда. Чунки вирус ёмон шароитдаги ҳудудларда бир неча ҳафта давомида аниқланмасдан тарқалишга улгурган. Экспертларнинг фикрича, эпидемияни аниқлашдаги кечикишлар — йирик донорлар глобал соғлиқни сақлашни молиялаштиришни қисқартиргач соҳадаги бўшлиқларни кўрсатган.
АҚШ давлат котиби Марко Рубио журналистларга Эболадаги вазиятдан хавотирда эканини ва АҚШ маблағлари 50 та клиника очишга ёрдам беришини айтди. Конгода бир нафар америкаликда ҳам вирус аниқланган.
ЖССТ бошчилигидаги экспертлар гуруҳи сешанба куни эпидемияга қарши курашишда ёрдам бериши мумкин бўлган вакцина вариантларини муҳокама қилди. ЖССТ вакили сўзларига кўра, Ervebo вакцинаси номзодлардан бири ҳисобланади, бироқ унинг тайёр бўлиши учун икки ой вақт керак бўлади.
Смотрични ҳибсга олишга ордер берилиши мумкин
Исроилнинг ўта ўнг радикал молия вазири Бетсалел Смотрич сешанба куни унга нисбатан Халқаро жиноий суд прокурори махфий ҳибсга олиш ордерини талаб қилганини айтди. Смотрич бунга жавобан Фаластин мухториятига қарши «уруш» очиш билан таҳдид қилди.
Смотрич унга ушбу ордер ҳақида ким хабар берганига аниқлик киритмади, чунки ордерларни талаб қилиш жараёни махфий ҳисобланади. Шунингдек, у халқаро суднинг бундай қарорга келиш сабабларини ҳам очиқламади.
Смотрич бунга жавобан босиб олинган Ғарбий соҳилдаги фаластинликларнинг Хон ал-Аҳмар қишлоғини мажбурий кўчириш тўғрисида буйруқ берган. Фаластиннинг юқори мартабали расмийси Восил Абу Юсуф Reuters’га бу эвакуация қарори «жуда хавфли» эканини ва навбатдаги жиноятларнинг олдини олиш учун қатъий халқаро позиция зарурлигини таъкидлади.
ХЖС прокуратураси жараённинг махфийлигини важ қилиб, ушбу ҳолатга изоҳ беришдан бош тортди.
Яҳудий турар жойларини кенгайтириш тарафдори ва Фаластин давлатчилигига қарши позициясини яширмайдиган Смотрич «санкциялар ва ҳибсга олиш ордерлари орқали муваффақият қозонилмаслиги»ни айтган.
Исроил ушбу суднинг аъзоси эмас ва унинг юрисдикциясини тан олмайди, бироқ Фаластин ҳудудлари 2015 йилда ХЖСга аъзо давлат сифатида қабул қилинган.
ХЖС 2024 йил ноябр ойида Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва унинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳам Ғазодаги ҳарбий жиноятлар ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олишга ордер берганди.
Бундан ташқари, Буюк Британия ва яна 4 давлат ўтган йили Смотрич ҳамда Исроилнинг яна бир радикал вазири Итамар Бен-Гвирга нисбатан санкциялар жорий қилган. Улар Ғарбий соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликни қайта-қайта қўзғатганликда айбланмоқда.
АҚШ Европадаги ҳарбийлари сонини қисқартирмоқда
Пентагон матбуот котиби Шон Парнел АҚШ Европа қитъасидаги бригада жанговар гуруҳлари сонини қисқартираётганини маълум қилди. Битта «бригада жанговар гуруҳи» — 4 000 дан 4 700 гача ҳарбий хизматчини ўз ичига олади.
Ушбу қисқартириш қитъада жойлаштирилган АҚШ аскарлари сонини 2021 йилги даражага қайтаради.
Европада доимий жойлашган АҚШ ҳарбийлари сони 70 минг кишини ташкил қилади. Украинадаги уруш ва алмашиниб туришлар фонида ҳарбий сони 80-100 минггача кўпайтирилган эди.
Шунингдек, Пентагон расмийси АҚШ қўшинларининг Полшага жойлаштирилиши кечиктирилганини тасдиқлади. Ушбу «вақтинча кечикиш» Европадаги қисқартирилиш натижаси экани айтилди.
Бундан ташқари, ой бошида Пентагон Германиядан 5 000 нафар аскарини олиб чиқиб кетишини эълон қилган эди. Бу қадам Трамп ва Фридрих Мерц ўртасидаги очиқ даҳанаки жангдан сўнг юз берди.
Трамп Оқ уйга қайтганидан бери Европа давлатлари қитъа хавфсизлиги учун жавобгарликни кўпроқ ўз зиммаларига олиши кераклигини айтиб келмоқда.
Хитойда кучли ёмғирлар
Сешанба куни Хитойнинг жанубий ва марказий ҳудудларида кучли жала ёғиши оқибатида кенг кўламли сув тошқинлари юз берди. Расмийларга кўра, офатда камида 21 киши ҳалок бўлган, шунингдек, мактаблар ва корхоналар ёпилган, транспорт ҳамда электр таъминотида узилишлар юзага келган.
Хитой об-ҳаво агентлиги 8 та провинцияда ёмғир билан боғлиқ офатлар: кўчкилар, тўсатдан юз берадиган сув тошқинлари ҳамда жиддий сув босишлари хавфи юқори эканини билдирди.
Табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун 22 миллион доллар ажратилган, ҳудудларда фавқулодда чоралар кўриш бошланди.
Тармоқлардаги видеоларда Хубей провинциясининг марказий қисмида кўплаб аҳоли тиззагача сув кечиб юргани, баъзи автомобиллар деярли бутунлай сув остида қолгани кўринади.
Хитойлик метеорологларга кўра, 1 000 километрдан ортиқ майдонни қамраб олган ғайриоддий даражадаги шиддатли жала ёғиши — Бенгал кўрфази, Жанубий Хитой денгизи ва Тинч океанидан келган мўл-кўл намликнинг тўқнашуви натижасидир.
Ноқулай об-ҳаво шароити яқин икки кун ичида аста-секин шарқ ва жанубга қараб силжиши кутилмоқда.
Кўрфаздан ижобий сигналлар
Чоршанба куни нефт ортилган Хитойнинг икки танкери Ҳўрмуз бўғозидан чиқиб кетди. Маълумотларга кўра, шу ойда Кўрфаздан чиққан Ироқ нефтини ташийдиган Хитойнинг икки кемаси тор бўғоз орқали қарийб 4 миллион баррел хом нефт олиб ўтган.
АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам сешанба куни уруш «жуда тез» якунланишини айтди, вице-президент Ж.Д. Вэнc эса Теҳрон билан олиб борилаётган музокаралардаги силжишларни юқори баҳолади. «Биз анча яхши вазиятдамиз», деди Вэнс Оқ уйдаги брифингида.
Оқ уй ва Кўрфаздан келган ижобий сигналлар фонида нефт нархи бироз пасайди.
«АҚШ позицияси ҳар куни ўзгариб бораётган бир пайтда, инвесторлар Вашингтон ва Теҳрон ҳақиқатда умумий тил топиб, тинчлик келишувига эриша оладими-йўқми, шуни аниқлашга ҳаракат қилмоқда», дейди таҳлилчилар.
Мавзуга оид
15:01
«Ядровий мускулларини» кўрсатган Россия ва Канада ичидаги бўлинишлар – кун дайжести
14:49 / 21.05.2026
Исроилнинг «обрўсини тўккан» Бен-Гвир ва Эронни кутишга тайёр Трамп – кун дайжести
14:15 / 19.05.2026
Трамп Эронга янги ҳужумларни тўхтатди, Белорусда Россия ядро қуроллари билан машғулотлар бошланди – кун дайжести
14:41 / 18.05.2026