Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Исроил флотилия аъзоларининг ҳуқуқларини бузмоқда

Исроил полицияси Ғазога ҳуманитар ёрдам олиб кетаётган флотилия бортидаги фаолларни тиззалаб, қўлларини орқасига боғлаган ҳолда қатор қилиб ўтиришга мажбур қилди.

Сешанба куни халқаро сувларда тўхтатилган флотилия фаоллари қўлга олинган ва кейинчалик Исроил портига олиб келинганди. Қўлга олинган 430 нафар фаол 40 дан ортиқ давлатнинг фуқаролари ҳисобланади.

Полиция уларни ҳибсга олгач, Исроилнинг Миллий хавфсизлик вазири, ўта ўнг радикал Итамар Бен-Гвир ижтимоий тармоққа видео жойлаштирди. Видеода полиция ходимлари «Озод Фаластин!» деб ҳайқирган аёл фаолни ерга йиқитишга мажбурлаётгани акс этган.

Видеода, шунингдек, портнинг очиқ майдонида юзлаб фаоллар қўллари пластик қисқичлар билан боғланган ҳолда, қатор бўлиб тиззалаб ўтиргани кўринади. Орқа фонда қуролланган аскарлар ҳудудни назорат қилиб юрибди.

«Булар бу ерга катта қаҳрамон бўлиб келганди. Энди уларга қаранг. Уларнинг ҳозирги аҳволини кўринг — на қаҳрамон ва на бошқа нарса», деган Бен-Гвир.

Бен-Гвирнинг бу позицияси Исроил коалицион ҳукуматида ҳам кучли эътирозга сабаб бўлди. Ташқи ишлар вазири Гидеон Цаар ушбу видео туфайли Бен-Гвирни Исроилга зарар етказишда айблади. Бош вазир Бинямин Нетаняҳу флотилияни тўхтатиш ҳуқуқини ҳимоя қилди, бироқ Бен-Гвирнинг фаолларга бўлган муносабати «Исроил қадриятлари ва меъёрларига тўғри келмаслигини» айтди.

Нетаняҳу фаолларни имкон қадар тезроқ мамлакатдан депортация қилиш бўйича кўрсатма берганини билдирди.

Италия бош вазири Жоржиа Мелони флотилия фаолларига нисбатан хатти-ҳаракатни «мутлақо йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолат» деб атади. У кескин баёнотида, Италия Исроилдан узр сўрашини кутаётганини билдирди.

Жанубий Корея президенти Ли Же Мюн Исроилнинг ҳаракатларини «барча чегаралардан чиқиш» деб баҳолади. «Ҳибсга олишнинг ҳуқуқий асоси нима? Бу Исроилнинг ҳудудий сувларими?» дея савол қўйди Ли.

Туркия ҳам фаолларга нисбатан содир этилган шафқатсиз муносабатни қоралади ва фуқароларини озод қилиш борасида ишлар олиб борилаётганини айтди.