Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Трамп Эронга режалаштирилган янги ҳужумни тўхтатди

АҚШ президенти Доналд Трамп душанба куни – Теҳрон тинчлик таклифини юборганидан сўнг Эронга қарши режалаштирилган ҳужумни тўхтатиб турганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозирда Эрон ядро дастурини чекловчи битимга эришиш учун «жуда яхши имконият» бор.

«Биз эртага Эронга режалаштирилган ҳужумни амалга оширмаймиз. Бироқ мақбул келишувга эришилмаган тақдирда, ҳарбийларимизга исталган дақиқада Эронга жиддий, кенг кўламли ҳужумни бошлашга тайёр туришга буйруқ бердик», деди Трамп. АҚШ бундай ҳужум ҳақида аввал эълон қилмаганди.

Трамп ўз постида Қатар, Саудия Арабистони ва БАА раҳбарлари ундан ҳужумни кечиктиришни сўраганини айтди. У АҚШ ва Яқин Шарқдаги барча мамлакатлар учун «жуда мақбул бўладиган келишув» тафсилотларини очиқламади.

«Агар биз буни уларни бутунлай бомбардимон қилмасдан уддалай олсак, жуда хурсанд бўлардим», деди Трамп.

Трампнинг пости Эрон ташқи ишлар вазирлиги сўзчиси Исмоил Бақоий уларнинг жавоби «Покистон орқали етказилганини» тасдиқлаганидан кейин эълон қилинди. Бироқ Бақоий ҳам тафсилотларни келтирмади.

Покистонлик манбага кўра, келишувларда силжишга эришиш қийин бўлмоқда. Чунки томонлар «ўйин қоидаларини, талабларини тинмай ўзгартирмоқда».

Шунингдек, Reuters манбалари Вашингтон позицияси бироз юмшаганини таъкидламоқда. Бу Эроннинг музлатилган пуллари ва санкцияларга алоқадор.

Покистон Саудияга катта ҳарбий куч юборди

Эрон урушида асосий воситачи ролини ўтаётган Покистон ўзаро мудофаа пакти доирасида Саудия Арабистонига 8 000 нафар ҳарбий хизматчи, қирувчи самолётлар эскадриляси ва ҳаво мудофаа тизимини жойлаштирди.

Бу ҳақда Reuters нашри уч нафар хавфсизлик мулозими ва ҳукуматдаги манбаларига таяниб ёзди.

Хусусан, Покистон апрел ойида Саудияга – Хитой билан биргаликда ишлаб чиқарилган JF-17 қирувчи самолётларидан иборат, тахминан 16 та ҳаво кемасини ўз ичига олган тўлиқ эскадриляни юборган. Шунингдек, дронларнинг икки эскадриляси ҳам бор.