Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳусийчилар омили: Исроил янги фронт очадими?
Бугун Ҳўрмуз ва ҳусийчилар таъсири остидаги Боб ал-Мандеб бўғози атрофидаги вазият тобора кескинлашиб бормоқда. Бу икки муҳим денгиз йўли орқали дунё нефтининг катта қисми ташилади. Шу сабаб бу ҳудудларда юзага келадиган ҳар қандай можаро фақат минтақа билан чекланиб қолмайди. Агар тўқнашув кучайса, бу глобал иқтисодиётга, энергия нархларига ва умумий хавфсизликка жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мавзу муҳокамаси – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.
Ҳусийчилар расман урушга кирди, Исроил уларга қарши навбатдаги фронтни очадими?
Зокир Юсупов: Яна тарихий ва ижтимоий омилларга эътибор қаратишимиз керак, ҳусийчилар ҳаракати Ямандаги зайдийлар орасида муҳим ўрин тутади ва мамлакат аҳолисининг тахминан учдан бир қисмини ташкил этади. Бу масала яна Эроннинг минтақавий сиёсатига бориб тақалади.
Эроннинг асосий стратегияси прокси кучлар орқали таъсир ўтказишдир. Яъни у бевосита урушдан кўра, ўзига яқин гуруҳлар орқали геосиёсий мақсадларига эришишга ҳаракат қилади. Аслида, барча давлатлар ресурслар ва таъсир учун курашади, аммо бу кураш турли шаклларда олиб борилади. Айрим давлатлар ҳамкорлик ва иқтисодий ривожланиш орқали таъсирини оширса, Эрон кўпроқ прокси воситаларга таянади.
Ҳозирги вазиятда ҳусийчилар ҳаракатининг можарога тўлиқ жалб қилингани ҳақида аниқ хулоса йўқ. Айрим таҳлилларга кўра, Эрон уларни фаолроқ ҳаракат қилишга ундаётган бўлиши мумкин. Бу эса можаронинг кенгайиш эҳтимолини оширади.
Агар янги фронт очилса, можаро янада кенгайиб, бошқа давлатлар ҳам унга тортилиши мумкин. Бу эса эскалацияни кучайтиради. Айниқса, Боб ал-Мандиб бўғози орқали ўтадиган нефт ва газ йўллари хавф остида қолади. Натижада энергия нархлари кескин ошиб, глобал иқтисодиётга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Бошқа томондан, агар Эронда ички сиёсий тизим ўзгарса, бу бутун минтақага таъсир қилади. Ироқда ички кескинлик камайиши мумкин, Ливанда прокси тўқнашувлар сусаяди, Ямандаги уруш ҳам пасайиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Баҳрайнга нисбатан хавф ҳам камаяди. Умуман олганда, Эрондаги сиёсий ўзгаришлар Яқин Шарқдаги кўплаб можароларнинг камайишига олиб келиши мумкин.
Шавкат Икромов: Ҳусийчилар ҳаракати вакиллари “Агар Эрон бизни чақирса, урушга киришга тайёрмиз”, деган баёнот берди. Яъни бу ташаббус ҳусийчиларнинг ўзидан бўлган.
Географик жиҳатдан қараганда, Боб ал-Мандиб бўғози орқали дунё нефтининг тахминан 10–12 фоизи ўтади. Ҳўрмуз бўғози орқали эса қарийб 20 фоиз. Демак, бу икки йўналиш глобал нефт таъминотининг қарийб учдан бир қисмини ташкил қилади.
Агар Боб ал-Мандиб ҳудудида можаро кучайиб, ҳусийчилар бу йўлни назоратга олиб ёпса, нефт нархи кескин ошиши мумкин. Тахминларга кўра, нархлар қисқа муддат ичида сезиларли даражада кўтарилади ва бу ҳолат бир неча ой ичида глобал бозорда яққол сезилади.
Бу вазиятни Эроннинг умумий стратегияси билан изоҳлаш мумкин. Эрон яхши тушунадики, у Америка Қўшма Штатлари ва Исроил каби кучли рақибларга қарши тўғридан тўғри ҳарбий устунликка эга эмас. Шу сабабли у асимметрик уруш усулларига таянмоқда, яъни мавжуд ресурслардан фойдаланиб, глобал иқтисодий тизимга босим ўтказишга ҳаракат қилмоқда. Агар Эрон Ҳўрмуз бўғози ёки Боб ал-Мандиб орқали нефт оқимини чекласа, энг катта зарбани Япония ва Жанубий Корея каби энергия импортига қарам давлатлар сезади.
Чунки улар нефтнинг катта қисмини айнан шу йўналишлар орқали қабул қилади. Бундан ташқари, АҚШ ички бозорида ҳам ёқилғи нархлари ошиши ижтимоий норозиликни кучайтириши мумкин. Шу орқали Эрон нафақат ҳарбий, балки иқтисодий босим воситаларидан ҳам фойдаланмоқда. Ҳусийчиларни жараёнга жалб қилишнинг асосий мақсади ҳам айнан шу, глобал энергетика тизимига таъсир қилиб, босимни кучайтириш.
Натижада нефт нархлари ошади ва Европа Иттифоқи, шунингдек, Осиёдаги йирик иқтисодиётлар АҚШдан можарони тезроқ якунлашни талаб қила бошлаши мумкин. Шу нуқтайи назардан, Эрон ўз ҳаракатларини шунчаки кескинлик эмас, балки музокара позициясини кучайтириш воситаси сифатида кўрмоқда.
Тўлиқ суҳбатни YouTube'даги “Geosiyosat | Kun.uz” каналида томоша қилишингиз мумкин.