Жаҳон | 22:44 / 07.10.2025
4662
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда йўталга қарши сироп ичган 14 бола ҳалок бўлди

Болалар Sresan Pharma компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, таркибида заҳарли диэтиленгликол бўлган “Coldrif” йўтал сиропини истеъмол қилган. Ушбу препарат Ўзбекистонда давлат рўйхатидан ўтказилмаган, демакки, сотилмаслиги ҳам керак.

Фото: ANI News

Ҳиндистон полицияси таркибида ўлимга олиб келувчи диэтиленгликол токсини бўлган “Coldrif” йўтал сиропини истеъмол қилиш оқибатида ҳалок бўлган камида 14 нафар бола иши бўйича тергов бошлади. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Расмийларга кўра, ўлганларнинг аксарияти беш ёшгача бўлган ва сентябр ойида буйрак етишмовчилигидан вафот этган. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, препарат таркибидаги диэтиленгликол миқдори рухсат этилган меъёрдан 500 баравар ошган. Ушбу токсин антифризлар, косметика ва ёғлар таркибида ишлатилади, организмга кирганда эса қусиш, оғриқ ва ўлимга олиб келиши мумкин бўлган буйракларнинг ўткир шикастланишига сабаб бўлади.

Сироп ишлаб чиқарувчи Sresan Pharma компанияси терговнинг асосий субъектига айланди. Полиция болаларга дори ёзиб бераётган шифокорни ҳибсга олди. Ҳиндистон федерал ҳокимияти компания лицензиясини бекор қилишни тавсия этаётганини айтди ва бир қанча штатлар аллақачон “Coldrif” сотишни тақиқлаган.

Икки штатда текширилган намуналарда диэтиленгликол миқдори 46-48 фоизни ташкил этган, ваҳоланки, ЖССТ ва Ҳиндистон регулятори томонидан рухсат этилган миқдор – 0,1 фоиз.

Шунга ўхшаш модда аввалроқ Гамбия, Ўзбекистон, Камерун ва Ҳиндистоннинг ўзида сўнгги йилларда 150 нафардан ортиқ боланинг ўлимига сабаб бўлган ҳинд сиропларида топилган. Таъкидланишича, бу фожиалар мамлакатнинг дунёдаги энг йирик дори-дармон ишлаб чиқарувчилардан бири сифатидаги обрўсига жиддий путур етказди.

Прокуратурага кўра, Sresan Pharma ва унинг мансабдор шахслари қасддан бўлмаган қотиллик, дори-дармонларни қалбакилаштириш ва дори-дармонлар ва косметика тўғрисидаги қонунни бузишда гумон қилинмоқда. Айбини тан олган тақдирда, улар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Ҳиндистоннинг фармацевтика саноати 50 миллиард долларга баҳоланади ва ҳажми бўйича фақат АҚШ ва Хитойдан кейин туради. Бироқ, “Coldrif” билан боғлиқ фожиа қатъийроқ экспорт қоидалари қўлланилмайдиган ички бозорда дори-дармонларнинг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишни яна бир бор шубҳа остига қўйди, деб ёзади нашр.

Бу дори Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилмаган

Ўзбекистон Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги марказининг маълум қилишича, “Sresan Pharma” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Coldrif” дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаган.

Қонунга биноан, дори воситалари тиббиёт амалиётида қўлланилиши учун улар давлат рўйхатидан ўтказилиши шарт.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид