Жамият | 10:34 / 06.02.2026
7937
7 дақиқада ўқилади

Муҳожир ёшлар қопқонга тушмоқда - уларга тузоқ қўйганлар сояда овни давом эттирмоқда

Ижтимоий тармоқлар орқали ишлайдиган фирибгарлик тўдалари Россияда йиллар давомида эркин ҳаракат қилиб келмоқда. Улар одамларни телефон орқали алдайди, пулни ювиш учун бегона банк карталарини ижарага олади, курьер сифатида эса асосан муҳожир ёшларни ишга ёллайди. Оқибатда эса жиноятни ташкил қилганлар эмас, айнан алданган курьерлар бугун панжара ортига тушмоқда.

Бугун Москвада қамалган ўзбекистонлик талаба мисолида телеграмда очиқ ишлаётган жиноий каналлар ва икки давлат ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимлари ўртасида сарсон бўлаётган ота ҳақида ҳикоя қиламиз.

Бу воқеалар занжири 2024 йил декабр ойида бошланган. Москва шаҳрида таҳсил олаётган, Сеченов номидаги давлат тиббиёт университетининг талабаси Умиджон бўш вақтларида қўшимча даромад топиш мақсадида курьерлик қилади. Илгари у ишлаган жойлар қонуний бўлиб, асосан ҳужжат ташиш билан шуғулланган.

26 декабр куни у ётоқхонадаги таниши орқали “Москва ишлар” номли телеграм каналда жойлаштирилган эълонни кўради. Эълон ўзбек тилида ёзилган бўлиб, “Москва бўйлаб ҳужжат ташиш, ноқонуний жиҳатлари йўқ” дея таърифланган. Канал асосан муҳожирларга қаратилган, ишонч уйғотувчи услубда юритилган.

Умиджон кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилади. Кейинроқ ўзини иш берувчи деб таништирган шахс қайта алоқага чиқиб, Telegram орқали боғланишини айтади. Шундан сўнг “Михаил” номли аккаунт билан ёзишмалар бошланади. У иш жуда махфий эканини, ҳужжатлар ҳақида ҳеч кимга айтмаслик кераклигини таъкидлайди. Акс ҳолда депортация ёки ўқишдан ҳайдалиш билан қўрқитади. Шу жараёнда Умиджондан паспорт нусхаси ва шахсий фотоси олинади.

27 декабр куни Умиджон келишилган жойга бориб, нотаниш шахсдан пакет қабул қилиб олади. Пакетни очмаслик қатъий тайинланади. Кейин у телефон орқали берилган кўрсатмага биноан пакетни белгиланган жойда - кафе ҳожатхонасида қолдиради. Шу билан унинг “иш куни” якунланади.

Бироқ орадан кўп ўтмай, Умиджон учун бутунлай бошқа жараён бошланади. 2025 йил 8 январ куни Рязань вилояти Касимов шаҳри ички ишлар бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилади. Унга Россия Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми - уюшган гуруҳ таркибида фирибгарлик айблови қўйилади.

14 феврал куни Умиджон ушланиб, тергов изоляторига жойлаштирилади. У олти ойдан ортиқ вақт давомида ҳибсда сақланади. Тергов давомида у пулни ўзлаштирмаганини, фақат пакетни қабул қилиб, кўрсатилган жойда қолдирганини билдирган.

Шу вақт ичида Умиджоннинг отаси Муроджон Аъзамов мустақил равишда иш материалларини ўрганишга киришади. У фирибгарлар фаолияти билан боғлиқ телеграм каналлар, ёзишмалар, видеолар ва скриншотларни тўплайди.

Иш материаллари билан танишилганда бир қатор зиддиятлар аниқланган. Жабрланувчи қисқа вақт ичида бир неча миллион рубль нақд пулни турли курьерларга берганини айтган. Бироқ терговда ушбу маблағлар ҳақиқатан ҳам банк ҳисобларида бўлганини тасдиқловчи расмий банк маълумотномалари мавжуд эмас. Айрим тақдим этилган “выписка”ларда муҳр ва саналар бўйича зиддиятлар бор.

Шунингдек, иш ҳужжатларида Умиджоннинг картасига 35 минг рубль тушгани кўрсатилган, аммо тўловчи сифатида бошқа шахс қайд этилган. Ваҳоланки, Умиджон телефонида сақланган ёзишмалар ва банк иловасидаги маълумотларда пулни айнан телеграм орқали алоқа қилган шахс ўтказгани акс этган. Бу ҳолат тергов томонидан расман банк орқали текширилмаган.

“Шу иш фонида яна бир ҳолат эътиборимни тортди. Жиззахлик 22 ёшли Хумора исмли қиз ҳам айнан шундай эълон орқали курьерликка жалб қилинган. Ўша қизнинг суд жараёнида ҳам қатнашдим, қиз билан кузатилган “сценарий” менинг ўғлимда ҳам такрорланди. Демоқчиманки, жуда кўплаб мигрант ёшлар бу тузоққа тушиб қоляпти. Курьерлик энг хавфли соҳалардан бирига айланиб бормоқда”, - дейди Муроджон Аъзамов.

Аъзамовнинг қўлида фирибгарлик каналларига оид скриншотлар мавжуд. Уларда “банк карталарини сотиб оламиз”, “SIM-карта билан бирга пластик карта керак” мазмунидаги эълонлар жойлаштирилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу каби эълонлар пул ювиш схемаларида қўлланади ва карта эгалари биринчи бўлиб жавобгарга айланади.

Ушбу маълумотлар Касимов шаҳри ИИБ терговчиларига тақдим этилган. Бироқ ҳозирга қадар мазкур телеграм каналлар ортида турган тузилмаларни аниқлаш ва жавобгарликка тортиш бўйича самарали ҳаракатлар амалга оширилмаган.

Қарийб бир йилдан бери ўғлини озодликка чиқариш учун ҳаракат қилаётган Муроджон Аъзамов Россия ва Ўзбекистоннинг турли идораларига мурожаат қилган. Ўзбекистон томони жиноятлар мамлакат ташқарисида содир этилганини айтиб, ваколат чекланганини билдирган. Россия томонида эса Москва прокуратураси ҳатто полициянинг “жиноят иши қўзғатишни рад этиш” қарорини бекор қилган. Яъни терговда камчилик борлигини тан олган.

Айни пайтда “Москва ишлар” телеграм канали блокланган. Бироқ унинг ўрнида янги каналлар очилиб, худди шу усулда курьерлар жалб қилинмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳуқуқ-тартибот идоралари шунчаки, курьерларни “овлаяпти”. Ҳақиқий тўда эса ҳамон сояда қолмоқда, фаолиятини давом эттирмоқда.

Бугун Умиджон суд қарорини кутиб турибди. Унинг отаси эса Ўзбекистон Олий Мажлисига мурожаат қилиб, чет элда фаолият юритиб, айнан ўзбекистонликларни жиноий схемаларга жалб қилаётган шахсларга нисбатан ҳуқуқий жавобгарлик механизмларини кучайтиришни сўрамоқда.

Демоқчимизки, катта маош ваъда қилинган, моҳияти ноаниқ бўлган иш таклифларини қабул қилишдан олдин уларни яхшилаб текшириш лозим. Пластик карта ёки SIM-картани ижарага бериш эса жиноий жавобгарликка олиб келиши мумкин.

Бу иш бир талаба ёки битта оиланинг муаммоси эмас. Бу - ижтимоий тармоқлар орқали ишлаётган фирибгарлик тизимига қарши ҳали ҳам самарали механизм йўқлигини кўрсатиб турган ҳолат. Бугун Умиджон, эртага эса яна бошқа ёшлар шу “осон иш” қопқонига тушмаслиги учун бу масала очиқ қолмаслиги керак.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид