Ўзбекистон | 23:45 / 10.02.2021
44207
2 дақиқада ўқилади

Президент Шаҳрихондаги «алвастикўприк» бўйича вилоят ҳокимидан ҳисоб сўради. Бу масала Kun.uz’да ёритилганди

Kun.uz бир неча кун олдин Шаҳрихон тумани Қўрғонча МФЙдаги абгор ва хавфли кўприк муаммосини кўтариб чиққан эди. Президент навбатдаги селекторда ушбу кўприк тақдири билан қизиқиб, Андижон вилояти ҳокимидан изоҳ сўради.

Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни 2021 йилги давлат дастурида белгиланган вазифалар юзасидан селектор ўтказди.

Йиғилишда қатнашган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, давлат раҳбари бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов бошлиқ соҳа мутасаддиларига вилоят ҳокимлари билан бирга бир ой муддатда 5,5 мингга яқин таъмирталаб катта-кичик кўприкларни реконструкция қилиш бўйича «манзилли дастур»ни тасдиқлаш вазифасини топширди.

Президент бунинг учун аввало ишчи гуруҳи тузилиб, икки ҳафта муддатда барча кўприклар қайта хатловдан ўтказилиши зарурлигини таъкидлади.

Шу аснода Шавкат Мирзиёев Kun.uz сайти кўтариб чиққан Шаҳрихон туманидаги эски кўприк муаммоси қандай ҳал этилаётгани билан қизиқди.

«Абдураҳмонов, интернетда чиққан «алвастикўприк» масаласи нима бўлди?» – дея Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмоновга юзланди давлат раҳбари.

«Кўприк билан шахсан ўзим шуғулланяпман, муҳтарам президент. Тез орада қурилишини якунлаймиз ва фойдаланишга топширамиз», – дея жавоб қилди ҳоким.

«Раматов, кўприкларни битталаб кўриб чиқиш ва эгаларига топшириш керак. Ҳокимият бўлса ҳокимиятга, йўллардан фойдаланиш бошқармаси бўлса уларга. Шундай қилиш керакки, эгасиз кўприк бўлмасин», – дея бош вазир ўринбосарига топшириқ берди Шавкат Мирзиёев.

«Шаҳрихондаги алвастикўприк: маҳалла аҳли неча йилларки янги кўприкдан умидвор» сарлавҳали видеомақолани Kun.uz 1 февраль куни эълон қилган эди.

Мақолада тумандаги Қўрғонча МФЙнинг Файзиобод маҳалласи ёнидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсой устига бундан 55 йил муқаддам қурилган кўприк яроқсиз ҳолатга келиб қолгани ҳақида сўз боради.

Кўприк мактабга қатнайдиган болалар учун айниқса хавфли бўлиб, маҳалла аҳли янги кўприк қурилишини сўраб, йиллардан буён масъулларга мурожаат қилиб келади.

Мавзуга оид