Жаҳон | 14:47 / 24.03.2026
4936
2 дақиқада ўқилади

Трампнинг нефт нархини қулатган баёноти арафасида биржада шубҳали битимлар амалга оширилди

Фото: Financial Times

Нефт трейдерлари АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон билан «самарали музокаралар» ҳақидаги постни эълон қилишидан 15 дақиқа олдин бир неча юз миллион долларлик шубҳали битимларни амалга оширди, кейин эса нархлар кескин тушиб кетди, деб ёзади Financial Times.

Трампнинг пости Вашингтон вақти билан соат 07:04 да пайдо бўлди, соат 6:49 ва 6:50 оралиғида эса Ню Йорк биржасида Brent ва WTI нефти савдоси бўйича умумий қиймати қарийб 580 миллион долларга тенг бўлган 6200 дан ортиқ фючерс битимлари тузилган. Трамп АҚШ Эрон электр станцияларига зарбаларни беш кунга кечиктириши ҳақида эълон қилганидан кейин эса нефт нархи қулади, фонд индекслари кўтарила бошлади. Қайд этилишича, биржадаги бундай вазият кўп давом этмаган – Эрон томони ҳеч қандай музокаралар ўтказилмаётгани ҳақидаги маълум қилгач, индекслар пасайиб, нефт фючерслари нархи кўтарилган.

Айни вақтда Трампнинг баёноти арафасида тузилган нефт фючерслари бўйича келишувлар мувофиқлаштирилгани ёки йўқлиги аниқ эмас. Бироқ, биржа таҳлилчиларидан бири таъкидлаганидек, танланган вақт «саволлар туғдиради». «Кимдир ҳозиргина анча бойиб олди», – дея изоҳ беради нашрнинг бошқа бир суҳбатдоши.

Оқ уйдагилар эса «президент Трамп ва унинг маъмурияти мулозимларининг ягона мақсади – Америка халқи учун энг яхшисини қилиш» эканини таъкидлаб, инсайдерлик маълумотлари сизиб чиқиши ҳақидаги гумонларни рад этмоқда.

«Оқ уй маъмуриятнинг бирор-бир амалдори инсайдер маълумотларидан ноқонуний равишда фойда олишига йўл қўймайди ва амалдорлар бундай фаолият билан далилларсиз шуғулланаётгани ҳақидаги ҳар қандай ишоралар асоссиз хабарлардир», – деган Оқ уй матбуот котиби ўринбосари Куш Десаи.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид