2024 йилнинг энг омадсиз валютаси маълум қилинди
Жорий йилда Бразилия реали АҚШ долларига нисбатан энг кўп – 20 фоиздан ортиққа қадрсизланган валюта бўлди. Жанубий Американинг энг катта иқтисодиётида ҳозир 1 доллар рекорд даражада қиммат – 6,2 реалга баҳоланмоқда.
Бу инқирознинг сабаби – иқтисодий ноаниқлик, зиддиятли сиёсат ва инвесторларнинг ишончсизлигига боғлиқ, деб ёзади The Economist.
Президент Лула да Силва бошчилигидаги ҳукумат харажатларни камайтириш учун чоралар кўрди, жумладан, давлат ходимлари учун иш ҳақи чекловларини жорий этди. Лекин, шу билан бирга, кам даромадли ва ўрта даромадли аҳоли учун солиқ имтиёзлари ваъда қилинди. Инвесторлар эса бу ҳаракатларни ҳукуматнинг молиявий интизомга жиддий ёндашмагани сифатида баҳолашди. Бу ҳолат, хусусан, Бразилиянинг бюджет танқислиги (ЯИМнинг 10 фоизига яқин) ва давлат қарзи (ЯИМнинг 90 фоизи) фонида кучайди. Натижада, молия бозорларида саросима юзага келди.
Бразилия Марказий банки вазиятни барқарорлаштиришга ҳаракат қилди: сентябрдан бери уч марта фоиз ставкалари оширилди, 3 миллиард доллардан ортиқ захиралар ишлатилди, лекин бу чоралар натижа бермади. Ҳозирга келиб, икки йиллик давлат облигацияларининг даромадлилиги 15 фоиздан ошган, бу эса инвесторларнинг жиддий хавотирини кўрсатади.
Экспертларнинг фикрича, мамлакат молиявий интизомни кучайтириш учун тезкор чоралар кўриши керак. Бусиз реалнинг қадрсизланиши ва иқтисодий қийинчиликларни тўхтатиб бўлмайди. Бразилия ўзининг таркибий муаммоларини ҳал этмаса, инқироз янада чуқурлашиши мумкин.
Аввалроқ, ўзбек сўми 2024 йил бошидан буён АҚШ долларига нисбатан 4,5 фоизга қадрсизлангани хабар қилинганди.
Мавзуга оид
15:40 / 06.01.2025
АҚШ доллари илк марта 13 000 сўмгача қимматлашди
21:14 / 04.01.2025
Бразилияда Оқтов яқинида ҳалокатга учраган AZAL самолёти «қора қутилари»ни расшифровка қилиш бошланди
08:33 / 27.12.2024
Бразилия Оқтов яқинидаги ҳалокат юзасидан терговга қўшилди
13:53 / 25.12.2024