Ўзбекистон | 08:24
525
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Бразилия қўшма лойиҳаларни ишга туширишни муҳокама қилди

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Бразилия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Унда савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Фото: ТИВ

Тошкентда Ўзбекистон ва Бразилия ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг навбатдаги учрашуви бўлиб ўтди. Маслаҳатлашувларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Музаффар Мадраҳимов ҳамда Бразилия ташқи ишлар вазири ўринбосари Сюзан Клибенк бошчилик қилди.

Тадбирда, шунингдек, Бразилиянинг Ўзбекистондаги янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Сержио Родригес дос Сантос иштирок этди.

Музокаралар давомида томонлар икки томонлама муносабатларнинг жорий ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди. Сиёсий мулоқотнинг изчил ривожланиб бораётгани, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари даражасидаги мунтазам алоқалар ҳамда парламентлараро ҳамкорликнинг кенгайиб бораётгани қайд этилди.

Савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, товар айирбошлашни диверсификация қилиш ҳамда қўшма лойиҳаларни ишга тушириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бразилия томонига қишлоқ хўжалиги, қайта тикланувчи энергетика, саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олган инвестициявий таклифлар тақдим этилди.

Шунингдек, гуманитар ҳамкорлик йўналишлари, жумладан, олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, мактаб ўқувчилари ва талабаларининг халқаро олимпиадаларда иштирокини рағбатлантириш, рақамлаштириш ва инновациялар соҳасидаги лойиҳаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.

Томонлар халқаро ва иқлим кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашиб, БМТ ва бошқа кўп томонлама тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлади.

Учрашув якунида Ўзбекистон–Бразилия ҳамкорлигини янада чуқурлаштириш ва эришилган келишувларни изчил амалга ошириш нияти қайд этилди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид