Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зўрланган қиз, ўғирланган машина ва қотил қочоқ – манзил колониядан қочиб, жиноят содир этиш ҳолати кўпаймоқда
Оҳангарондаги педофил иши манзил колониядаги маҳкумлар истаса осонгина “номаълум томонга кетиб қолиши” мумкинлигини кўрсатди. Аслида бу илк ҳолат эмас: яқин вақт мобайнида жиноятчиларнинг манзил колониялардан “бемалол” қочиб, такрор жиноят содир этиши бир неча бор кузатилган. Уларнинг кўпида тинч аҳоли вакиллари жабр кўрган.
Манзил колония нима?
Суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинганлар умумий тартибли, қаттиқ тартибли, махсус тартибли каби бир неча турдаги колонияларда жазо муддатини ўтайди. Манзил колония шулар орасида энг енгили: бу турдаги колонияда маҳбуслар нисбатан эркинроқ ҳолатда бўлишади.
Манзил колонияларда жазо ўташ шартлари Жиноят-ижроия кодексининг 13-моддасида келтириб ўтилган. Унга кўра, мазкур муассасаларда маҳкумлар соқчисиз, аммо назорат остида сақланади. Агар улар бажараётган иш ёки олаётган таълим тақозо этса, маъмуриятнинг рухсати билан колония ҳудудидан ташқарида назоратсиз юришлари мумкин.
Манзил колониялардаги маҳбуслар фуқаролар киядиган кийимда юришади. Пул ва қимматли буюмларни сақлаши, улардан фойдаланиши, ишдан бўш вақтда чекланмаган миқдорда телефон орқали сўзлашишлари, посилка, йўқлов ва бандероллар олишлари ҳамда жўнатишлари мумкин.
Бу турдаги колонияда маҳкумлар хоналарга бўлинган ётоқхоналарда яшайди. Сақлаш режимини бузмаган, оиласи бор маҳкумларга муассаса бошлиғи қарорига биноан манзил колония жойлашган туман ёки шаҳар ҳудудида оиласи билан алоҳида яшашга рухсат берилади.
Назорат бироз “юмшоқлиги” туфайли манзил колониядан қочиб кетиш ҳолатлари кўп учраб туради. Аммо кейинги вақтларда қочоқ маҳкумлар томонидан жиноятга қўл уриш ёки манзил колонияда жиноят содир қилиб, қочиб кетиш ҳолатлари кўпаймоқда.
Педофилнинг қочиши
Оҳангарондаги 50-сон манзил колониясидан қочган 31 ёшли маҳкум 3-синфда таълим оладиган қизни зўрлади. Ижтимоий тармоқларда педофилни маҳаллий аҳоли далада ушлаб олгани ҳақидаги хабар тарқалди.
Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси тезкор-қидирув хизмати томонидан тарқатилган хабарномада айтилишича, у 16 октябр куни ҳудуддаги корхоналардан бирига фойдали меҳнатга жалб қилинганида “номаълум томонга кетиб қолган”. Хабарномада унинг 2018 йилда 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш жиноятини содир этиб қамалгани, жазо муддати 2033 йилгача экани, суд ажримига кўра, 2024 йил августда жазонинг ўталмаган 9 йил 2 ой 19 кунини ўташ учун манзил колонияга ўтказилгани ҳақида маълумот берилган.
Ушбу шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми, яъни жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш билан янги жиноят иши қўзғатилган. Педофил шу куннинг ўзида ҳуқуқни муҳофазаси қилувчи органлар томонидан процессуал тартибда ушланган ва унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.
Ўғирланган машина
Шунга ўхшаш ҳолат олдинроқ Самарқандда кузатилган: ўғрилик билан қамалган маҳкум манзил колониядан қочиб, йўл-йўлакай ўғриликка қўл урган. У ҳайдовчига жароҳат етказган ҳолда таксистнинг машинасини ўғирлаб кетган.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг 2024 йил 11 сентябрдаги ҳукми билан 21 ёшли йигит ойлик иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда қарийб 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига тортилган. Жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг 2024 йил 18 декабрдаги ажрими билан унинг ўталмай қолган 1 йил 10 ой 27 кун ахлоқ тузатиш ишлари жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Маҳкум Жазони ижро этиш департаменти учинчи минтақавий ҳудуд 37-сонли манзил колониясида жазони ўтаб келган. 2025 йил 16 март куни Самарқанд шаҳридаги бетон маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехида ишлаш жараёнида иш жойини рухсатсиз тарк этган.
Шундан сўнг у “Бухоро-Тошкент” йўналишида киракашлик қиладиган ҳайдовчини топиб, 2,5 млн сўм эвазига аввалига Пахтачи туманига, у ердан ота-онасини олган ҳолда Тошкент шаҳрига тўйга олиб боришга келишган. Бухоролик ҳайдовчи Самарқанд шаҳрига келган ва маҳкумни миндириб, Пахтачи туманига йўл олган.
Айтилган манзил – Пахтачи тумани Украш маҳалласи ҳудудига етиб келганида маҳкум ошхона пичоғи билан ҳайдовчига ҳужум қилган. Ҳайдовчи амаллаб машинадан тушиб қочишга муваффақ бўлган. Маҳкум эса унга тегишли Malibu’ни олиб қочган. У машинани Нуробод тумани Нурафшон маҳалласи ҳудудигача бошқариб борган. Аммо машинага шикаст етказгани сабабли уни тўхтатишга мажбур бўлган ҳамда шу жойда қўлга олинган. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2025 йил 3 июлдаги ҳукми билан унга 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Қотил қочоқ
Навбатдаги ҳолат ҳам Самарқанд вилоятида содир этилган. Фақат бунда маҳкум манзил колонияда қотиллик жиноятини содир этиб, кейин қочиб кетган.
21 ёшли йигит 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш жиноятини содир этгани учун жиноят ишлари бўйича Пахтачи туман судининг 2023 йил 17 ноябрдаги ҳукми билан 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига тортилган. Бироқ зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажармагани учун 2024 йил 28 май куни суднинг ажрими билан ўталмай қолган 2 йил 7 ой 1 кун озодликдан чеклаш жазоси шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига алмаштирилган.
Ушбу маҳкум ҳам Паст Дарғом туманидаги 37-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтаб келган. У тумандаги иссиқхоналардан бирига фойдали меҳнатга жалб қилинган ва ўша ердаги дала шийпонида бошқа бир маҳкум билан яшаб, ишлаб келган.
Маҳкум 2024 йил 20 декабр куни кечаси колониядан қочиб чиқиб кетиш режасини тузган. Режасидан хабар топган шериги унинг бу ҳаракатини ИИБ ходимларига айтиб беришини билдирган. Бундан жаҳли чиққан маҳкум эса шеригини ўлдиришни мақсад қилган: тунда ўзлари ўтин ёришда фойдаланиб келган болтани келтириб, ухлаб ётган шеригининг бош қисмига ўта шафқатсизларча 4-5 марта зарба бериб, уни қасддан ўлдирган. Сўнгра воқеа жойидан қочиб яширинган.
Қотил қочоқ орадан бир кун ўтгач Пахтачи туманида, дўстига тегишли, ҳеч ким яшамайдиган ҳовли томида қўлга олинган. Сўнгра суд ҳукми билан 18 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.
Аслида маҳкумлар манзил колониясидан қочиб, жиноят содир этиш билан боғлиқ бу каби ҳолатлар кўп. Биз бир нечтасини мисол келтирдик. Бу манзил колонияларда ҳам назоратни кучайтириш зарурати борлигини кўрсатади. Йўқса, зўрланган қизалоқ, бир ўлимдан қолган киракаш воқеалари бошқа инсонлар ҳаётида такрорланиши мумкин.
Мавзуга оид
20:01 / 30.03.2026
Болалар контент қурбонига айланяптими? Психологлар ижтимоий тармоқлардаги хавфлардан огоҳлантирмоқда
21:36 / 26.03.2026
«Контент эмас, дизайн айбдор» — АҚШда болаларнинг ижтимоий тармоқларга қарамлиги бўйича тарихий суд якунланди
10:18 / 19.03.2026
Ўзбекистонда 392 нафар шахс афв этилди
23:20 / 18.03.2026