Ўзбекистон | 15:42 / 29.07.2022
17064
2 дақиқада ўқилади

«Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорларига жиноят иши очилганлиги ҳақидаги миш-мишлар рад этилди

Ижтимоий тармоқларда «Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорлари 4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилгани ҳақидаги хабарлар тарқалди. Ташкилот ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва ташкилот тузилмасида ишлаётган ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаган.

Ижтимоий тармоқларда «Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорларига нисбатан жиноят иши очилганлиги ҳақидаги хабарлар тарқалди.

Қайт этилиашича, мансабдорлар 4 триллион 904,7 млрд сўмни растрата қилиш йўли билан талон-тарож қилган. Шунингдек, 7,4 млрд сўм маблағ ортиқча мукофот пуллари сифатида тўлаб берилиб, ўзлаштирилган.

Шу сабабли, «Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди ва 175-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилганлиги айтилмоқда.

«Ўзтрансгаз» ахборот хизмати мазкур хабарларга муносабат билдириб, ҳозирда ташкилот тузилмасида ишлаётган ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаганлигини маълум қилди.

«Акциядорлик жамияти ўз мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши очилганидан хабари йўқ ва ҳозирда ҳам ҳеч бир мансабдор шахс бирор жиноий иш доирасида тергов жараёнига жалб қилинмаган.

Шу ўринда, барча ОАВ ва блогерларга, «Ўзтрансгаз» АЖ ҳамкорлик учун очиқлиги ҳамда барча саволларга жавоб беришга шайлигини яна бир бор маълум қиламиз», дейилади ташкилот хабарида.

Шунингдек, «Ўзтрансгаз» АЖ юқоридаги хабарларни тарқатган блогерлар устидан ташкилот ходимларига нисбатан туҳмат қилганлик ва ишчанлик обрўсига путур етказганлик бандлари бўйича судга ариза топшириш устида иш олиб бораётганлигини маълум қилди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz'га билдиришича, «Ўзтрансгаз» АЖ мансабдорларига жиноят иши очилганлиги ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид