Жаҳон | 14:48 / 30.03.2026
19515
3 дақиқада ўқилади

Битта «малика» 220 доллар. Кенияда ноқонуний чумоли савдоси авж олди

Кенияда қизил рангли африка чумолилари контрабандаси кучайди. Айниқса она чумолилар жуда ҳам қиммат бўлиб, қорабозорда 170 фунт стерлинггача (220 доллар) сотиляпти. Ҳашаротларни нам пахта солинган пробирка ва шприцларга жойлаштирган ҳолда мамлакатдан олиб чиқишга уриниш ҳолатлари аниқланган.

Фото: Reuters

Кениянинг Рифт водийсидаги қишлоқ хўжалиги шаҳарчаси — Гилгил ва унинг атрофидаги ҳудудлар ноқонуний чумоли савдоси марказига айланди, дея ёзади BBC.

Нашрнинг қайд этишича, халқаро коллекционерлар томонидан қизил рангли улкан африка чумолилари қадрланади. Айниқса она чумолилар жуда ҳам қиммат бўлиб, қорабозорда 170 фунт стерлинггача (220 доллар) сотилиши мумкин.

Битта уруғлантирилган она чумоли бутун бошли колонияни ярата олади ва ўнлаб йиллар давомида яшаши мумкин. Сканерлар органик моддаларни сезишга мослашмагани учун уларни почта орқали ҳам бемалол жўнатса бўлади. Бу эса олди-сотди жараёнини янада осонлаштиради.

Фото: Reuters

«Бир дўстим чет эллик харидор шу атрофда осонгина топиладиган катта қизил она чумолилар учун яхшигина пул тўлаётганини айтиб қолди. Очиқ майдонлар яқинидаги чумоли тепаликларини одатда эрта тонгда, ҳали иссиқ тушмасидан олдин қидирса бўлади. Чет элликларнинг ўзлари далага умуман келмасди — улар шаҳарда, меҳмонхонада ёки машинада кутиб туришар, биз эса улар берган кичик найчалар ёки шприцларга қадоқланган чумолиларни етказиб берардик», деган исмини ошкор этишни хоҳламаган маҳаллий воситачилардан бири BBC’га.

Ўтган йилда Найваша шаҳридаги меҳмонхоналарнинг биридан 5 000 дона тирик она чумоли топилган. Гумонланувчилар Белгия, Ветнам ва Кения фуқаролари бўлиб, улар ҳашаротларни нам пахта солинган пробирка ва шприцларга жойлаштирган. Бу эса чумолиларни икки ой давомида тирик сақлаш имконини беради. Жиноий тўда қўлга киритилган «ўлжа»ни Европа ва Осиёга олиб чиқиб, сотувга қўйишни режалаштирган.

Мутахассислар савдо кўлами кутилмаганда кенгайиб кетганини таъкидлаяпти. Кениялик биолог Дино Мартинс чумолилар колонияси ўнлаб йиллар яшаши, битта малика эса бутун тизимни яратишини қайд этади. Шу билан бирга, олимлар мазкур чумоли турлари бошқа ҳудудларга тарқалиб, маҳаллий экотизимларга зарар етказиши мумкинлигидан огоҳлантиришяпти.

Кения ҳукумати аэропортлар ва чегара пунктларида назоратни кучайтиришни режалаштиряпти.

Фото: ntvkenya.co
Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид