Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Санъаткорлар лойиҳани тўлиқ ўқимасдан шовқин кўтарди” – таклиф этилаётган ҳужжат тақдири нима бўлади?
Санъаткорларни солиққа тортишни таклиф этувчи қарор лойиҳаси муҳокамаси 10 апрел куни якунига етади. Фикр билдирган санъаткорларнинг деярли ҳаммаси бунга қарши. Фаоллар ҳужжат чала эканидан норози, бироқ одамлар санъаткорлар ҳам ҳамма қатори солиққа тортилиши тарафдори. Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, солиқ ҳақ, бироқ ҳозир санъаткорлардан ундирилаётган бошқа тўловлар масаласини қайта кўриб чиқиш керак.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида турган “Концерт-томоша фаолиятини амалга оширувчи шахсларни солиққа тортиш ва ҳисобини юритиш тизимини соддалаштириш тўғрисида”ги лойиҳани Адлия вазирлиги муаллиф сифатида муҳокамага қўйган.
10 апрелга қадар давом этувчи бу муҳокамалар чоғида фикр билдирган санъаткорларнинг деярли ҳаммаси ушбу тизимдан норозилигини билдирди. Жамоатчилик фаоллари эса солиқ фақат хонандаларга солинаётгани бир томонлама ва узоқни ўйланмаган таомил бўлгани сабаб, лойиҳани номукаммалликда айбламоқда. Жамият аъзоларининг аксарияти эса санъаткорларни солиққа тортиш таклифини олқишлади.
Kun.uz билан суҳбатлашганлар фикрича, санъаткорлар солиқдан қочмайди, бироқ агар солиқ жорий қилинадиган бўлса, ҳозир ундирилаётган бошқа тўловлар масаласини қайта кўриб чиқиш керак бўлади.
Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ артисти – Муножат Йўлчиевага кўра, бу 1-2 кунда ҳал бўладиган масала эмас.
“Биз санъаткорлар давлат томонидан ишлаб чиқилиб, қабул қилинаётган ҳар бир ҳужжатга бўйсунамиз, амал қиламиз. Биз солиқ тўлашга қарши эмасмиз, лекин лицензия-чи? Агар солиқ жорий қилинса, лицензия учун тўлов ҳам давом этадими?” – дейди у.
Солиқ қўмитасининг Жисмоний шахсларнинг даромад солиғи маъмуриятчилиги бошқармаси бошлиғи ўринбосари Пўлат Давлетов фикрича эса, санъаткорлар қарор лойиҳасини ўқимасдан туриб шовқин кўтаришди.
“Аввалига санъаткорлар бу лойиҳа эканини, ҳали муҳокама босқичидалигини тушуниши керак эди. Улар лойиҳани ўқиб, тушуниб олишлари лозим. Самандар солиқ эълон қилинди деб хатo гапирди, солиқ солингани йўқ, бу фақат таклиф этилмоқда ҳали”, дейди қўмита ходими.
“Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг Концерт томоша фаолиятини лицензиялаш бўлими масъули – Эшқул Ҳакимовнинг айтишича эса, санъаткорлар умуман солиқ тўламайди деган фикр хато.
“Президент фармонига биноан улар солиқ тўлаб келишган, тўлаяпти ҳам. Санъаткорларни солиқ тўламайди, дейиш хато. Мен ҳаттоки суммалари билан келтириб беришим мумкин. Мана шу тўловлар бекор қилинмай туриб, “бир хизматга – бир тўлов” тизими жорий қилинишигина уларнинг бирдан бундай фикрлашига сабаб бўлди. Ё униси, ё буниси бекор бўлиши керак”, дейди Ҳакимов.
Муножат Йўлчиеванинг қўшимча қилишича, санъаткорларни ўн минг долларлаб пулга чақираётган ҳам, ортидан ёмонлаётган ҳам одамларнинг ўзи.
“Сиз ўн минглаб долларга санъаткорни чақирасиз, бунга рози – ўзингиз. Уларнинг ортидан эса нега булар солиқ тўламайди, дейсиз. Икки томондан ҳам лой чаплаш яхши иш эмас, санъаткорлар ҳаммаси бор пулни чўнтакка уриб кетмайди, улар солиқ тўлашга рози, лекин буни адолат билан қилиш керак”, дейди Ўзбекистон қаҳрамони.
Жамоатчилик фаоли Абдураҳмон Ташановга кўра, Адлия вазирлиги ва бу ҳужжатни ишлаб чиққан давлат ташкилотлари аввало лойиҳа мазмунини ОАВ орқали тушунтириб бериши керак эди. Бундан ташқари, ҳужжат чала ва фақат хонандалар назарда тутилаётгани ғалати. Бўлса, бутун интеллектуал мулк эгалари учун бирдек бўлиши керак, дейди у.
“Нима учун фақат санъаткорлар, деган саволга ҳеч ким жавоб беролмаяпти. Бундан ташқари, Адлия вазирлиги концерт уюшмаси ҳамда санъаткорлар вакиллари билан бу янгилик олдидан неча марта учрашувлар ўтказган? Агар лойиҳа мукаммал бўлганида, масъуллар бундай суҳбатларда терилиб ўтиришарди”, дея қўшимча қилади Ташанов.
Суҳбатни Kun.uzʼнинг жонли эфирлар бўлимидан тўлиқ томоша қилишингиз мумкин бўлади.
Мавзуга оид
11:47 / 09.04.2026
“Обналчи” корхонанинг солиқ мажбурияти ҳалол тадбиркор гарданига юкланяпти” – тадбиркорлар Солиқ қўмитасидан норози
14:54 / 07.04.2026
🔴 LIVE: Тугаётган муҳокама ва солиқдан норози санъаткорлар
18:31 / 06.04.2026
Ўзбекистонда P2P ўтказмалар мониторинг қилинади
09:00 / 05.04.2026