Ўзбекистон | 10:22 / 31.08.2018
33566
5 дақиқада ўқилади

ОТМ профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажми қандай ҳисобланади?

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида олий ва ўрта махсус таълим вазирининг “Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда илмий-услубий ва “Устоз-шогирд” (Тьюторлик) ишларини белгилаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжат билан олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, ташкилий ва маънавий-маърифий ишларини белгилаш қоидалари тасдиқланиши мумкин.

Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрлари

Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилар таркибининг ўқув юкламаси ҳамда илмий-услубий ва “Устоз-шогирд” (Тьюторлик) ишларини белгилаш қоидаларига кўра, олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари таркиби (бундан буён матнда профессор-ўқитувчилар деб юритилади) меҳнатини нормалаштириш ҳар ўқув йили учун профессор-ўқитувчилар ва кафедра мудири томонидан тузиладиган ҳамда проректорлар билан келишилган ҳолда ўқув ишлари бўйича проректор (факультет декани) томонидан тасдиқланадиган ўқув йили бўйича шахсий иш режаларига асосланади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаси таркибига ўқув юкламаси ҳамда илмий-услубий ва “Устоз-шогирд” (Тьюторлик) ишларининг турлари киритилади. Иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режаларида тўлиқ ва аниқ акс эттирилиши керак. Жорий ўқув йили якунида фақат мазкур ўқув йили давомида амалга оширилган ишлар ҳисобга олинади.

Ўқув йили давомида бажарилган қўшимча иш турлари профессор-ўқитувчиларнинг йиллик шахсий иш режаларига киритиб борилиши мумкин.

Профессор-ўқитувчиларнинг шахсий иш режаси таркибига киритиладиган ўқув юкламаси ҳамда илмий-услубий ва “Устоз-шогирд” (Тьюторлик) ишлари:

тўлиқ штатда фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

тўлиқ штатда бўлмаган ва ўриндош сифатида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчилар учун уларнинг ставкаларига мувофиқ тарзда профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида;

шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлашнинг соатбай шартлари асосида фаолият кўрсатаётган профессор-ўқитувчиларнинг ўқув юкламаси ушбу Қоидаларга мувофиқ шакллантирилади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув йили бўйича шахсий иш режасининг бажарилиши мунтазам равишда кафедра мудири, ҳар семестр якунида факультет декани, декан ўринбосарлари, факультет тузилмаси бўлмаган олий таълим муассасаларида ўқув бўлими (ўқув-услубий бошқарма) ва тегишли йўналишлар бўйича проректорлар томонидан назорат қилиб борилади.

Профессор-ўқитувчиларнинг (маданият ва санъат йўналишлари ўқув машғулотларида иштирок этадиган концертмейстерларнинг) ўқув йили бўйича шахсий иш режасига киритилган, унинг асосий қисми бўлган ўқув юкламасининг соатлардаги ҳажми назарда тутилган Олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламаси ҳажмини ҳисоблашнинг вақт меъёрларида белгиланган иш турларидан келиб чиқиб, профессор-ўқитувчиларнинг лавозимларига қўйилган малака талаблари асосида ҳисобланади.

Профессор-ўқитувчиларнинг эгаллаб турган лавозимлари бўйича ўқув юкламаси ҳажми факультет декани (кафедра мудири)нинг таклифига мувофиқ олий таълим муассасасининг Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Ўқув юкламаси бўйича ҳисобланган соатлар ҳажми олий таълим муассасасининг штат бирликлари сонини ҳамда профессор-ўқитувчиларнинг ойлик маошларини белгилаш учун асос бўлмайди.

Штат бирликлари профессор-ўқитувчиларнинг талабалар сонига нисбати бўйича, ойлик маоши эса харажатлар сметаси бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сон қарори билан тасдиқланган Ижодий таътиллар бериш тартиби ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган нормаларга мувофиқ олиб борилаётган илмий-методик ва илмий-тадқиқот ишларини рағбатлантириш мақсадида профессор-ўқитувчиларнинг ўқув ишлари юкламаси ҳажми кафедра йиғилишининг қарорига кўра ўзгартирилиши мумкин. Бунда профессор-ўқитувчиларнинг тегишли ўқув юкламасининг муайян қисми кафедранинг бошқа профессор-ўқитувчиларининг ўқув юкламасига қўшимча равишда тақсимланади.

Маъруза машғулотлари илмий унвон ва илмий даражага эга бўлган профессор-ўқитувчилар томонидан ўтказилади. Зарур ҳолларда (маъруза машғулотлари ҳажми кўп бўлганда ёки профессор, доцент ва катта ўқитувчилар етарли бўлмаганда) олий таълим муассасаси Кенгашининг қарорига асосан камида 3 йиллик илмий-педагогик иш стажига эга бўлган, бироқ илмий унвон ва илмий даражаси бўлмаган ўқитувчиларга бир ўқув йилида 250 соатгача ҳажмда маъруза машғулотларини ўтишга рухсат берилади.

Профессор-ўқитувчиларнинг ўқув (маъруза, амалий (якка), семинар ва лаборатория) соатлари ҳажми 400 соатдан кам бўлмаслиги тавсия этилади. Кафедрага соҳанинг етакчи мутахассислари (академиклар ва профессорлар) жалб этилганда, ушбу ўқув соатлари ҳажмига олий таълим муассасаси Кенгаши қарорига мувофиқ ўзгартириш киритиш мумкин.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид