Спорт | 11:02 / 05.03.2024
20521
6 дақиқада ўқилади

«Арсенал» рақиб фанатларини 17-дақиқадаёқ стадионни тарк этишга мажбур қилди

Аммо «Шеффилд»га қарши ўйинда Артета жамоа етакчиларидан бирини йўқотди.

Фото: MICHAEL REGAN/GETTY IMAGES

«Шеффилд Юнайтед» — «Арсенал» 0:6
Голлар:
Эдегор (5), Богл (13, автогол), Мартинелли (15), Ҳавертц (25), Райс (39), Уайт (58).
«Шеффилд Юнайтед» – Грбич, Богл, Робинсон, Аҳмедҳожич (Арбластер, 64), Трасти, Макати (Болдок, 46), Ҳамер, Норвуд (Осборн, 17), Дэвис (Брукс, 46), Винисиус, Макберни (Осула, 46).
«Арсенал» – Райя, Уайт (Соареш, 65), Габриэл, Салиба, Кивиор, Жоржинио (Парти, 65), Эдегор, Райс (Троссар, 74), Ҳавертц, Мартинелли (Жезус, 64), Сака (Виейра, 46).
Огоҳлантириш: Богл (29).

«Арсенал» АПЛнинг 27-турини сафарда «Шеффилд Юнайтед» устидан йирик ҳисобда ғалаба қозониш билан ёпиб берди.

«Арсенал»нинг чемпионлик учун курашдаги рақиблари — «Ливерпул» ва «Манчестер Сити» — ўз учрашувларини олдинроқ ўтказган ва қийинчилик билан ғалабага эришганди. Бу клубларни узоқлаштириб юбормаслик учун Микел Артета жамоаси ғалаба қозониши талаб этиларди. Рақиб эса бунинг учун ўта қулай эди: «Шеффилд» — лига турнир жадвалидаги сўнгги поғонада жойлашган. Мезбонлар майдонга шундай ҳолатда чиқишдики, худди лигада жон сақлаб қолиш учун математик имкониятлари ҳам қолмагандек.

Биринчи бўлим тўлиғича мезбонлар жарима майдони атрофида кечди. «Арсенал» ўйиннинг 80 фоиз вақтида тўпга эгалик қилди ва рақибникидан 16 баравар кўп зарба берди (1 га қарши 16). Артета жамоаси танаффусга қадар юқори самарадорлик намойиш этди — олти зарба дарвоза соҳасига тўғри бориб, шундан бештаси голга айланди. Иш шунга бориб етдики, «Шеффилд»нинг айрим мухлислари 17-дақиқадаёқ стадионни тарк эта бошлади. Бу вақтда мезбонлар учта гол ўтказишга улгурганди.

«Шеффилд» бу ўйинда ҳеч нарсадан умид қила олмаслиги иккинчи дақиқадаёқ аён бўлиб улгурганди. Бу вақт ичида Букайо Саканинг зарбаси тўсиндан қайтди, Габриэл Мартинеллининг дарвоза тўрига кириб бораётган зарбасини ҳимоячи тўсиб қолди. Уч дақиқа ўтиб «Арсенал» барибир ҳисобни очди. Меҳмонлар ҳужум чизиғи вакиллари барча ҳаракатларни чиройли бажаришди ва Мартин Эдегор тўпни олис бурчакка юмалатиб юборди. Бу вақтда эса «Шеффилд» вакиллари футбол томоша қилиб туришди.

Кейин вазият мезбонлар учун янада оғирлашди. Саканинг қанотдан узатмасидан кейин Жейден Богл тўпни ўз жамоаси дарвозасига киритиб юборди, Мартинелли эса Якуб Кивиор билан девор услубида ўйнаб дарвозани ишғол этди. 15-дақиқага келиб 0:3! Бундай азобланиш айрим мухлисларнинг жонига тегди ва улар стадионни тарк этишга киришишди. «Шеффилд» эса танаффусга қадар яна икки бор гол ўтказиб юборди.

Кай Ҳаверц ўзи учун вазият яратиб, жарима майдонига кириб борди ва олис бурчакка идеал зарба йўллади, Деклан Райс эса Саканинг узатмасини голга айлантирди. Афтидан, бундай ёмон ҳолатдаги «Шеффилд»га 41 ёшли Артета ҳам гол урган бўларди. Якунда илк 45 дақиқаликда «Арсенал» ҳимоячиси Уилям Салибанинг ўзи «Шеффилд»нинг барча футболчиларидан кўра кўпроқ узатма бергани маълум бўлди (74 га қарши 80). Арбитр Сэмюэл Барротт эса биринчи бўлимга беш дақиқа қўшиб бериб, бетараф мухлисларни хушнуд этди.

Танаффусдан кейин трибуналарда янада кўпроқ ўриндиқлар бўш қолганини кўриш мумкин эди. Ўйиннинг қолган қисми расмиятчиликка айланди — уни 15-дақиқада тўхтатса ҳам бўларди. Артета танаффусда жамоа етакчиларидан бири Сакани асраш учун захирага олди ва жароҳатдан тузалган Виейрага ўйнашга имкон берди. «Арсенал» тўхташ ҳақида ўйламади: Бен Уайт жарима майдонига кириб олис бурчакка чиройли зарба йўллади ва лондонликларнинг дарвозабондан бошқа барча чизиқлари вакиллари майдонни голсиз тарк этмайдиган бўлди.

Аммо бу ўйин «Арсенал» учун идеал якунланмади. Чунки Мартинелли жароҳатланди. Аввалига бразилиялик ҳужумчининг кўзига зарба берилди, аммо у ўйнашда давом этди. Кейин эса рақиб билан навбатдаги тўқнашувдан кейин майдонни тарк этди. Габриэл оёққа тура олмади, уни газондан Жоржинио ва «Арсенал» шифокорларидан бири кўтариб олиб кетди. Артета уни барча масала ҳал бўлган ўйинда вақтлироқ алмаштирмаганига афсуслангани аниқ.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

6:0, 5:0, 4:1, 6:0 — «Арсенал»нинг Англия чемпионатидаги сўнгги тўрт ўйинидаги натижалар. Жамоа АПЛда барчадан кўпроқ гол урган (68 гол). АПЛдаги тўплар нисбати бўйича энг яхши фарқ ҳам «Арсенала»да (+45). Аммо лондонликлар ҳамон турнир жадвалида пешқадам ва иккинчи ўриндан мос равишда 2 ва 1 очколик фарқ билан учинчи ўринда бормоқда. Лекин жамоаларнинг очколари тенг келиб қолган тақдирда биринчи навбатда тўплар нисбатига қаралади, бу борада «Арсенал» «Ливерпул»дан (+6) ҳам, «Сити»дан (+10) ҳам анча яхшироқ кўрсаткич қайд этмоқда. Кейинги турда эса биринчи ва иккинчи ўрин вакиллари ўзаро учрашади, «Арсенал» «Брентфорд»ни қабул қилади.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид