Мадриднинг «Реал» клуби ЕЧЛ ўтиш ўйинлари доирасида «Бенфика»га қарши сафарда кечган биринчи ўйинда ғалаба қозонди (1:0) ва умумий гуруҳ босқичининг сўнгги турида учралган аламли мағлубият учун реванш олди. Ўйиндаги ягона голни Винисиус Жуниор урди ва айнан у ўйинда рўй берган можароли эпизод қаҳрамонига айланди. У ўзига нисбатан ирқчилик ишлатилганидан шикоят қилгач, ҳакам ўн дақиқага ўйинни тўхтатиб қўйди.
50-дақиқада Винисиус чап қанотдан жарима майдонига яқинлашиб, ажойиб гол муаллифига айланди: унинг айланма зарбасидан кейин тўп олис тўққизликка бориб тушди.
Шундан кейин у бурчакдаги байроқ олдига бориб, голини рақс тушган ҳолда нишонлади, трибуналардан унга томон турли буюмлар улоқтирилди.
Учрашув бош ҳаками Франсуа Летексе эса провокация учун футболчига сариқ карточка кўрсатди.
Кейин эса 25 ёшли вингер ва рақиб футболчилари ўртасида баҳс юзага келди, аввалига Николас Отаменди у билан баланд оҳангда гаплашди, аммо вазият шу билан тинчимади.
Жанлука Престианни унга қарата оғзини футболкаси билан тўсган ҳолда (лаб ҳаракатидан нима деяётганини яшириш учун) нимадир деди. Винисиус эса унга кулиб қўйди ва дарҳол бош ҳакам олдига чопди.
As нашри хабарига кўра, у аргентиналик футболчи ўзини маймун деб атаганига амин.
Мавзуга оид
Летексе ўйинни тўхтатди, Винисиус эса намойишкорона тарзда майдонни тарк этиб, захира ўриндиғига бориб ўтириб олди.
Майдонда «Реал» ва «Бенфика» вакиллари ўзаро муносабатларга ойдинлик киритиб олишга киришиб кетишди.
Мезбонлар устози Жозе Моуринио ҳам Винисиуснинг олдига келиб, у билан гаплашиб, майдонга қайтишга ундади.
Фақат 10 дақиқа ўтиб барча, жумладан, Винисиус ҳам майдонга қайтди ва ўйин давом эттирилди. Лекин португалиялик мухлислар энди тўп ҳар сафар унга борганида кучли ҳуштакбозлик қилишди, Престианни захирага олинаётганида эса уни олқишлашди.
Ўйин охирларида Вини жарима майдони яқинида ишлатган қўполлиги учун иккинчи сариқ карточкани олиши мумкин эди, аммо ҳакам уни кечирди, бунга қаттиқ эътироз билдириб майдонга чиқиб кетган Жозе Моуриниога эса қизил карточка кўрсатилди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида Винисиус бурчак зарбасини ижро этишга тайёрланаётганида унга сув бутилкаси ҳам улоқтирилди.
Унинг Отаменди билан навбатдаги баҳси эса 38 ёшли аргентиналик футболкасини кўтариб, жаҳон чемпионати, Финалиссима ва Америка кубогидаги икки ғалабага бағишланган татусини кўрсатиши билан якунланди.
Фақат ушбу фахрий футболчида бу оқшом мақтанадиган бошқа нарса йўқ эди – «Реал» ғалабали ҳисобни сақлаб қолди ва жавоб ўйини олдидан кейинги босқичга ўтиш учун яхши имконият ҳосил қилди.
У ўйнамаслиги керак
Ўйиндан кейин Килиан Мбаппе жамоадошининг ёнини олиб, жиддий баёнот берди.
«Жанлука Престианни энди ҳеч қачон Чемпионлар Лигасида ўйнамаслиги керак. Унинг юзини кўрдингизми? Биз аҳмоқ эмасмиз. Мен мукаммалман демайман, лекин бундай нарсаларга кўз юма олмайман. Биз майдонда ўрнак бўлишимиз керак. Бу бола ўзини жуда ёмон тутди.
Европанинг асосий турнирида қандай қилиб бу иш содир бўлиши мумкин?
Престианни Винисиусни беш марта маймун деб атади! Беш марта! Ўзим ҳам кўрдим, эшитдим. У ҳеч ким кўрмаслиги ва эшитмаслиги учун юзини майка билан тўсганди, аммо ўйиндан кейинги реакциясидан, юзидан, ўзини тутишидан ҳаммаси яққол кўриниб турарди. Унинг юзи ёлғон гапирмайди.
«Бенфика»га, унинг мухлисларига, мураббийига ҳеч қандай эътирозим йўқ. Бу Португалиянинг энг яхши клубларидан бири. Лекин бу бола EЧЛда ўйнамаслиги керак».
Куннинг илк ўйинида «Ювентус» Кенан Йилдизнинг тўп йўқотиши туфайли ҳисобда ортда қувишга мажбур бўлди. Германияда туғилганига қарамай, Туркия миллий жамоасида ўйнашни танлаган ушбу футболчи 15-дақиқада ўз жамоаси жарима майдони атрофида прессинг туфайли тўпни олдирди ва Габриэл Сара олисдан туриб тўпни бурчакка аниқ йўллади. Бу «Галатасарой» учун алоҳида воқеа эди – Туркия чемпиони 12 йилдан буён асосий еврокубок плей-оффида урган илк гол бўлди.
Лекин «шерлар»нинг ҳисобдаги устунлиги узоқ давом этмади. Камбиязо чапдан узатган тўпни Калулу бошда дарвоза томон йўллади, дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб Копмайнерс етиб келди. Лучано Спаллетти ушбу нидерландияликни ҳужум чизиғига чиқариш орқали кадрлар муаммосига ажойиб ечим топгани маълум бўлди. Жамоа ҳужумчилари Дэвид, Влаҳович ва Милик жароҳатдалигида марказий ҳужумчи сифатида тушган ушбу яримҳимоячи бўлим давомида иккинчи голни ҳам урди.
Мезбонлар эса иккинчи бўлимда вазиятни тубдан ўзгартиришди ва Ланг тезда ҳисобни тенглаштирди. Спалетти эрта сариқ карточка олган Камбиясони қизилдан асраш учун захирага олиб, унинг ўрнига Кабални туширди ва айнан ушбу футболчи ўйин антиқаҳрамонига айланди. Аввалига у жарима майдони яқинида фол ишлатгач белгиланган жарима зарбасидан гол ўтказиб юборилди – 3:2. Бироз ўтиб ушбу футболчи майдон марказида яна қўполлик ишлатиб, иккинчи сариқ карточкани олди ва майдонни тарк этди.
Мезбонлар кўпчилик бўлиб қолганидан кейин Ланг дублни расмийлаштирди, ўйин охирида эса Боэ ҳисобни йириклаштирди – 3:2. «Юве» бу сафар ҳам плей-оффда муваффақиятсизликка учрамоқда. Жамоа бир ҳафтадан кейин Туринда бўлиб ўтадиган жавоб ўйинида учта гол фарқини йўққа чиқариши қийин бўлади.
Дортмунддаги ўйин 15 дақиқалик кечикиш билан бошланди, бунга «Боруссия» автобуси стадионга кечикиб келиши сабаб бўлди. Аммо бу мезбонларнинг ўйинига салбий таъсир кўрсатмади, йил бошидан буён саккиз ўйиндан олтитасида ўз дарвозасини дахлсиз сақлаб қолган бергамоликлар эса ўйин стартидаёқ гол ўтказиб юборишди – ҳимоячи Рюэрсоннинг навбатдаги узатмасидан кейин Гирасси бош билан Карнесекки қўриқлаётган дарвозани ишғол этди.
Меҳмонлар ҳам хавфли ҳужумлар билан жавоб қайтаришди ва вақти-вақти билан Кобел дарвозаси атрофида таҳликали вазиятлар юзага келди, аммо голни яна «Боруссия» урди. Бу сафар Гирасси тезкор қарши ҳужумда ассистентлик ролини бажарди ва Байерни бўш дарвоза қаршисига чиқарди. Гвинеялик ҳужумчи ЕЧЛнинг сўнгги икки мавсумидаги энг сермаҳсул ҳужумчи бўлиб турибди (17+7). Ушбу тўпурар бу мавсумда ҳам «асаларилар»ни плей-оффга етакламоқда. Немислар жавоб ўйинидан олдин икки гол устунлигига эга бўлишди.
Франция жамоалари тўқнашуви парижликларнинг илк дақиқадаёқ гол ўтказиши билан бошланди – Александр Головин қанотдан узатма оширди, Балогун ҳеч қандай қаршиликка учрамасдан, бўш дарвозани ишғол этди. Парижликлар тўпга эгалик қилишди ва бир неча яхши ҳужумлар уюштиришди, аммо Балогун яна гол урди.
Бир неча дақиқа ўтиб яна «Монако»нинг омади келди – Витиня пеналтидан фойдалана олмади. Яна бироз ўтиб меҳмонларда навбатдаги муаммо юзага келди – жамоа етакчиларидан бири Усмон Дембеле жароҳат олиб, майдонни тарк этди.
Аммо амалда айнан шу воқеа ўйиндаги бурилиш нуқтасига айланди – унинг ўрнига тушган Дезрие Дуэ дарҳол ҳисобни қисқартирди ва ўйинга интригани қайтарди. Бўлим охирида эса унинг узатмасидан кейин Ҳакими ҳисобдаги мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлим бошидаги эпизод эса ўйин тақдирини ҳал қилди – Головин майдон марказида Витиняга ишлатган қўполлиги учун майдондан четлатилди, бўлим ўрталарига бориб Дуэ дублни расмийлаштирди ва амалда нафақат ушбу ўйин, балки 1/8 финал йўлланмаси тақдирини ҳам ҳал қилди.