Кеча «Арсенал» 31-турнинг кўчирилган ўйинини сўнгги ўринда бораётган «Вулверҳэмптон»га қарши ўтказди ва 2:0 ҳисобидаги устунликни бой берди. Энди йўқотилган очколар бўйича ҳисоблаганда «Манчестер Сити» билан орадаги фарқ атиги 2 очкони ташкил қилмоқда. Олдинда даъвогарларнинг «Этиҳад»да ўзаро учрашуви ҳам борлигини инобатга олсак, чемпионлик пойгаси бошланди. Табиийки, аввалроқ бундай рақобатни бой берган «Арсенал»да қўшимча босим юзага келиши мумкин. Ахир атиги бир ой олдин Артета шогирдлари таъқибчиларидан орадаги фарқни ҳатто 9 очкога етказиши, бугунги кунда масалага амалий томондан нуқта қўйиши мумкин эди-ку? «Арсенал»га нима бўляпти?

«Арсенал»га нима бўляпти?

«Арсенал» охирги 7 ўйиннинг атиги иккитасини ўз фойдасига ҳал қилди холос. 4 дуранг ва 1 мағлубият. Таққослаш учун айтамиз, жамоа чемпионлик пойгасида иштирок этган 2022/23 мавсумида шунча очко йўқотиши учун январдан апрелгача вақт кетганди. Соврин учун янаям яқин келган 2023/24 мавсумида эса январдан то мавсум охиригача атиги 1 дуранг ва икки мағлубият қайд этган холос, қолган барча ўйинларда ғалаба қозонганди. Қуйида сўнгги 7 ўйин бўйича баъзи фактларни тилга оламиз:

— «Ливерпул»га қарши (0:0) ўз майдонида ўтган ўйиннинг 1-таймида устунлик қилган бўлса-да, 2-таймда тўп назорати 35-65, меҳмонлар фойдасига. Чемпионлик учун курашаётган жамоа 2-таймнинг то 90+ дақиқаларигача рақиб дарвозасига бирорта ҳам зарба бера олмади.

— «Ноттингем Форест»га қарши ўйиннинг (0:0) 1-таймида бирорта ҳам аниқ зарба берилмади.

— «Манчестер Юнайтед»га қарши уй учрашувида (2:3) катта устунлик билан ҳисобни очган бўлса-да, 30-дақиқадан то 55-дақиқагача, яъни рақиб 2:1 ҳисобида олдинга чиқиб олгунча устунлик бутунлай топшириб қўйилди: зарбалар нисбати 1:7. Зеро «МЮ» бу стадионда 9 йилдан бери АПЛда ғалаба қозона олмаётган, охирги 4 ўйинни ютқазган эди.

— «Лидс» (4:0) билан ўйинда ишончли ғалаба, лекин шу ўйинда ҳам 1-таймда стандарт вазиятдан урилган голдан ташқари, атиги 1 марта узоқдан зарба берилди холос.

«Сандерленд» (3:0) ҳам йирик ҳисобда мағлуб этилди, аммо ҳисоб 42-дақиқада очилган ушбу ўйиннинг 1-таймида тўп назоратида меҳмонлар устунлик қилди. Услубан тўпни рақибга бериб қўядиган, мавсумда фақат 4 учрашувда тўп назоратида устунлик қилган «Сандерленд»га ҳам «Эмирейтс»да тўп топшириб қўйилди.

— «Брентфорд» билан (1:1) ўйинда рақибнинг xG бўйича устунлиги – 0.91. «Арсенал» учун мавсум антирекорди.