Ўзбекистон | 16:28 / 23.07.2020
3428
2 дақиқада ўқилади

Бир ҳафтада муҳтож оилаларга 14,6 млрд сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилди

Қайта ташкил этилган хайрия марказларида тарқатилган озиқ-овқат ва дори-дармонлар харажати маълум қилинди.

Бугун, 23 июль куни АОКА штабида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш маркази иштирокида брифинг бўлиб ўди. Унда вазирлик ахборот хизмати раҳбари Саодат Боймирзаева қайта ташкил этилаётган хайрия марказларида аҳоли тарқатилган дори-дармон ва озиқ-овқат маҳсулотлари харажати ҳақида ахборот берди.

«Аҳоли мурожаатлари ҳамда фуқаролар йиғинлари томонидан шакллантирилган рўйхатлар асосида жорий йилнинг 14 июлидан 22 июлига қадар республикамиз миқёсида жами 145 154та моддий даромад манбайини йўқотган, ишсиз ва эҳтиёжманд оилаларга 14 млрд 67 млн сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 330та оилага эса қиймати 52 млн 400 минг сўм миқдордаги дори-дармонлар жойларда ташкил этилган хайрия марказлари томонидан етказиб берилди.

Маълумот сифатида айтиш керакки, жорий йилнинг 14 июлидан бошлаб, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги билан биргаликда ҳомийлик, хайрияларни мувофиқлаштириш ва волонтёрлик марказлари ташкил этилди. Марказларнинг асосий вазифаси ҳомий ташкилот ва фуқаролар томонидан хайрия қилинган озиқ-овқат ва дори-дармон маҳсулотларини эҳтиёжманд ҳамда карантин қоидаларининг кучайтирилиши муносабати билан доимий даромадсиз қолган фуқароларга етказиб беришдан иборат», дея маълумот берди Боймирзаева.

Эслатиб ўтамиз, республика махсус комиссиясининг 11 июлдаги қарори билан Ўзбекистонда 1 августгача жорий этилган карантин даврида муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш учун 20 млрд сўм ажратилганди.

Мавзуга оид