Ўзбекистон | 16:51 / 21.10.2021
7378
2 дақиқада ўқилади

Жиноят содир этган транспорт соҳаси вакилларининг 95 фоизи коррупционерлар экани айтилди

2019–2020 йиллар ва 2021 йилнинг 1-ярмида транспорт соҳасидаги корхона ва ташкилотларнинг 375 нафар ходими жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 358 нафари ёки 95 фоизи коррупциявий жиноятлар содир этган, дея маълум қилди сенатор Қутбиддин Бурхонов Сенатнинг XX ялпи мажлисида.

Фото: Getty Images

“Таҳлиллар соҳада объектларни қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш учун ажратилган маблағлар мақсадли сарфланиши устидан назорат етарлича ўрнатилмагани ва ўзаро ҳисоб-китоб қилиш жараёнидаги тизимли камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмаганини кўрсатди.

Мазкур даврда бу каби тоифадаги тергов қилинган жиноят ишлари бўйича жами 24 млрд сўмлик бюджет ва бошқа маблағлар талон-торож қилингани аниқланган.

Айниқса, автомобиль йўлларига масъул бўлган Автомобиль йўллари қўмитаси тизимидаги 149 нафар ходимнинг жиноят содир этгани ташвишли ҳолдир.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Йўл қурилиш ишлари сифатини назорат қилиш инспекцияси томонидан сўнгги икки йилда 12 мингдан ортиқ қонунбузилишлар аниқланган бўлса-да, прокуратура органларига бор-йўғи 8 та материал юборилган, холос”, – дея Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда парламент сўровида келтирилган муаммоларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни Вазирлар Маҳкамаси томонидан давом эттириш зарурлиги таъкидланди. Масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Аввалроқ сенатор Қутбиддин Бурҳонов йўл қурилиши соҳасида пудратчи томонидан бажарилаётган қурилиш-монтаж ишлари сифатини аниқлаш бўйича синов лабораторияси айнан пудратчининг ўзи томонидан жалб қилинаётган ҳолатлар мавжуд экани, бу эса тизимда коррупциявий омилларни юзага келтираётганини танқид қилганди.

24 сентябр куни Қонунчилик палатаси мажлисида ҳисобот берган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурҳонов 2020 йилда 1723 нафар, 2021 йилнинг 6 ойи мобайнида эса 2544 нафар мансабдор шахс коррупция бўйича жиноий жавобгарликка тортилганини маълум қилганди. 2021 йилда жиноят устида қўлга тушган амалдорларнинг 55 нафари Транспорт вазирлиги тизимидаги мулозимлардир.

Мавзуга оид