Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Дубай аэропорти яқинида дрон қулади. Аэропорт эндигина очилаётган эди
Дубай халқаро аэропортнинг “А” терминали яқинига дрон қулагани акс этган видео тарқалди. Бундан бироз аввал Дубай халқаро аэропорти фаолиятини қисман қайта йўлга қўйганини эълон қилган, Emirates авиакомпанияси бугунга парвози режа қилинган мижозларни аэропортга келишга чақирган эди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан кадр
Дубай халқаро аэропорти ҳудудига (ёки аэропорт яқинига) дрон қулаши кузатилди. BBC бу ҳолат акс этган, интернетда тарқалган видео ҳақиқийлигини тасдиқлади.
Ҳолат 7 март куни аэропортнинг “А” терминали яқинида содир бўлгани тахмин қилиняпти. Видеода кадр ортидаги шахс “яна битта дрон” деганини эшитиш мумкин. Шундан кейин кадрда дрон товушига ўхшаш товуш эшитилиб, портлаш бўлгани кўринади.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми билан бошланган Яқин Шарқдаги уруш туфайли Дубай халқаро аэропорти фаолияти тўхтаб қолган эди.
7 март куни, портлаш видеоси тарқалишидан бироз олдин аэропорт ўз фаолиятини қисман тиклаётганини эълон қилганди.
Шу куни БААнинг энг йирик авиакомпанияларидан бири Emirates ҳам парвозларни бошлаётганини маълум қилган ва бугунга парвози белгиланган мижозларни аэропортга келишга чақирган эди.
7 март куни эрталаб БАА расмийлари Эроннинг яна бир дрон ҳужуми тўхтатиб қолингани ҳақида хабар берганди. Дубай ҳукумати воқеани дрон қолдиқларининг қулаши билан боғлиқ “кичик ҳодиса” деб атаб, жароҳатланганлар йўқлигини билдирганди.
Бу баёнотларда айнан аэропорт яқинидаги ҳодиса назарда тутилганми ёки у алоҳида бошқа ҳолатми, ҳозирча маълум эмас.