Жаҳон | 08:42 / 09.12.2025
7667
3 дақиқада ўқилади

Путин захирадагиларни ҳарбий йиғинларга чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади

Путин фармонига кўра, захирада бўлган фуқаролар РФ Қуролли кучлари, Росгвардия, қутқарувчи ҳарбий тузилмалар, шунингдек давлат муҳофазаси органлари ва ФСБ тизимида ўтказиладиган ҳарбий йиғинларга чақирилади.

Фото: Кирилл Кухмарь/ ТАСС

Россия президенти Владимир Путин 2026 йилда захирада бўлган РФ фуқароларини ҳарбий йиғинларга чақириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ҳужжат душанба, 8 декабр куни ҳуқуқий ҳужжатлар порталида эълон қилинди.

Унга кўра, Россия фуқаролари — резервчилар Қуролли кучлар, Росгвардия, қутқарувчи ҳарбий тузилмалар, шунингдек давлат муҳофазаси органлари ва ФСБда ўтказиладиган йиғинларга чақирилади. Фармондаги тўртта банддан иккитаси «хизмат фойдаланиши учун» деган белгини олган.

«Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, захирада деб қуйидагилар ҳисобланади: ҳарбий ҳисобда турадиган, аммо тинчлик даврида амалий ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажармайдиган шахслар, яъни: муддатли ёки шартнома асосида хизматни ўтаб бўлган эркаклар; хизмат қилмаган, бироқ олдин муддатли имтиёз олган, 30 ёшга етганлар ва ҳ.к.; ҳарбий олий ўқув юртлари ва ўқув марказлари (собиқ ҳарбий кафедралар) битирувчилари; алоқа, тиббиёт ва шу каби соҳаларда ҳарбий мутахассисликка эга аёллар.

Бундан олдинроқ, 4 ноябр куни Владимир Путин резервчилардан ҳаётий аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш учун фойдаланишга рухсат берадиган фармонни имзолаганди.

10 ноябр куни «Коммерсант» газетаси ёзишича, РФнинг Украинага ҳужуми муносабати билан камида 19 та Россия минтақаси мамлакат ҳудудидаги муҳим аҳамиятга эга объектларни қўриқлаш учун жалб этиладиган резервчилар бўлинмаларини шакллантириш бўйича кампанияни бошлаган.

Нашр тафсилотларига кўра, аввало «душман дронларига қарши курашга жалб этиладиган» резервчилар мазкур даврда ҳарбий хизматчи мақомини олади. Резервчиларни бундай объектларни қўриқлашга ҳукумат белгилайдиган тартиб асосида ўтказиладиган махсус йиғинлар доирасида жалб қилиш мумкин бўлади.

РФ Қуролли кучлари Бош штаби бош ташкилий-сафарбарлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари, вице-адмирал Владимир Цимлянский алоҳида таъкидлашича, резервчилар Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этишга ёки РФ ҳудудидан ташқаридаги вазифаларни бажаришга жалб этилмайди. Аммо Путин имзолаган янги фармон матнида резервчилардан фойдаланиш бўйича бундай чекловлар кўзда тутилмаган.

4 ноябр куни Владимир Путин шунингдек фуқароларни йилнинг бутун давомида — 1 январдан 31 декабргача — ҳарбий хизматга чақиришга рухсат берадиган қонунни ҳам имзолади. 2026 йил 1 январидан бошлаб ҳарбий комиссариатлар чақириладиган фуқароларга ҳар куни электрон ёки ёзма чақирув қоғози юбориши, уларнинг тиббий кўригини ташкил этиши ва чақирув комиссияси мажлисларини ўтказиши мумкин бўлади.

Бундан ташқари, ҳарбий комиссариатга келиш санаси давлат реестрида электрон чақирув қоғози жойлаштирилган кундан эътиборан 30 кундан ортиқ муддатга белгиланмаслиги лозим. Ҳозирги кунда электрон чақирув қоғозининг амал қилиш муддати чекланмаган.

Хизмат ўташ жойига жўнатиш эса, аввалгидай, йилига икки марта амалга оширилади: 1 апрелдан 15 июлгача ва 1 октябрдан 31 декабргача.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид