Спорт | 17:53 / 26.12.2018
25574
4 дақиқада ўқилади

Алишер Султонов Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти лавозимини тарк этди

Алишер Султонов / Фото: Халқаро пресс-клуб

Бугун, 26 декабрь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош ассамблеясининг навбатдан ташқари 33-ҳисобот сайлов йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда қўмита вице-президентлари, Бош ассамблея, Ижроия қўмита ва Тафтиш комиссияси аъзолари сайланди.

Бунга қадар вице-президент лавозимига жамоатчилик асосида сайланган Алишер Саидаббосович Султонов ва Мурод Бердиалиевич Азимов асосий меҳнат фаолиятидаги иш ҳажми ошгани, давлат хизматлари юзасидан муҳим топшириқлар ва давлат аҳамиятига молик йирик дастурлар ижросига масъул экани инобатга олиниб, уларнинг ўрнига бошқа номзодлар ўрганиб чиқилган.

Ўрганишлар натижасида Ўзбекистон таэквондо (WTF) ассоциацияси раиси Аҳмаджон Аминжонович Раҳимов ва Осиё Кураш Конфедерацияси президенти Комил Исмоилович Рўзиев номзодларига ишонч билдирилди ва улар бир овоздан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти этиб сайланди.

Аҳмаджон Раҳимов / Фото: Миллий олимпия қўмитаси
Комил Рўзиев / Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Бугунги кунгача Бош ассамблея ва Ижроқўм аъзоларининг айримлари бошқа ишга ўтганлиги сабабли, шунингдек, олдин сайланган баъзи номзодлар қўмитага аъзо бўлиш билангина кифояланиб, унинг фаолиятида бирор-бир ташаббус кўрсатмаганлиги учун Бош ассамблея ва Ижроқўм таркиби қайта кўриб чиқилди. 

Ижроия қўмитанинг янгиланган таркибига қуйидаги номзодлар овозга қўйилди ва бир овоздан қўмита аъзолигига сайланди:

1. Умид Аҳмаджонов – Миллий олимпия қўмитаси президенти
2. Жасур Матчанов – Миллий олимпия қўмитаси Бош котиби
3. Аҳмаджон Раҳимов – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
4. Комил Рўзиев – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
5. Салим Абдувалиев – Миллий олимпия қўмитаси вице-президенти
6. Саида Маҳмудова – Ўзбекистон стол тенниси федерацияси раиси
7. Андрей Абдувалиев – Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси раиси
8. Худоёр Аҳмедов – Ўзбекистон «Rowing and Canoeing» федерацияси раиси
9. Аламжон Муллаев – Ўзбекистон каратэ Миллий федерацияси раиси
10. Баҳром Газиев – Ўзбекистон замонавий бешкураш федерацияси раиси
11. Отабек Имомов – Ўзбекистон камондан отиш федерацияси раиси
12. Азиз Комилов – Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси
13. Баҳодир Аҳмедов – Ўзбекистон чим усида хоккей федерацияси раиси
14. Шаҳрилло Маҳмудов – Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари
15. Козим Ўринбойхўжаев – Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси раисининг биринчи ўринбосари
16. Шоикром Исроилов – Ўзбекистон футбол ассоциациясининг вице-президенти
17. Элдор Анорбоев – Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси бош котиби
18. Игорь Шепелов – Ўзбекистон теннис федерацияси бош котиби
19. Руслан Мустаев – Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари
20. Марат Қурбонов – бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи
21. Улуғбек Мирҳайдаров – Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раиси
22. Комил Ярашев – Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Бош ассамблеяси 27та федерация раҳбарлари ва Ижроия қўмитанинг бугун сайланган аъзоларидан иборат бўлади.

Ижроқўм аъзоларидан Саида Маҳмудова Ўзбекистонда хотин-қизлар спортини ривожлантириш бўйича  масъул сифатида бириктирилди.

Саида Маҳмудова / Фото: Миллий олимпия қўмитаси

Шунингдек, йиғилишда МОҚ Тафтиш комиссияси аъзолари таркиби ҳам қайта кўриб чиқилди. Унга кўра, Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети проректори Комил Ярашев, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош ҳисобчиси Саида Имомгалиева ва Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош ҳисобчиси Сурайё Пўлатхўжаева тафтиш комиссияси аъзоси этиб сайланди.

Эслатиб ўтамиз, ташкилотнинг амалдаги президенти Умид Аҳмаджонов ва бош котиб Жасур Матчанов шу йилнинг январь ойидан буён ушбу лавозимда фаолият юритмоқда.

Мавзуга оид