Ўзбекистон | 23:14 / 07.07.2025
9780
5 дақиқада ўқилади

Тошкентда боғда одамлардан пул йиғиб келган йигитлар ушланди, Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди — маҳаллий дайжест

Абитуриентларга рухсатномаларни бериш бошланди. Интервю олиш баҳонасида пул йиғиб келган шахслар ушланди. Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди. Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди. Бурчмуллада йирик шамол электр станцияси ишга туширилади. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абитуриентларга рухсатномаларни бериш бошланди

Билим ва малакаларни баҳолаш миллий агентлиги сайти орқали «Абитуриент рухсатномаси»ни бериш бошланди. Уни шахсий кабинетдан юклаб олиш мумкин. Қайд варағи саҳифасида юклаб олиш тугмаси пайдо бўлган.

Шунингдек, шахсий кабинетга кирмасдан, паспорт серияси ва рақами ҳамда ЖШШИР рақамини киритган ҳолда ҳам юклаб олса бўлади.

Абитуриентлар тест синовига паспорт (ID-карта) ва абитуриент рухсатномаси билан белгиланган вақтдан кечикмаган ҳолда келиши лозим.

Паспорт нусхаси ёки бошқа ҳужжатлар билан келган, шунингдек, кечикиб келган абитуриентлар тест синовларига киритилмайди.

Бу йилги олий ва профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш тест синовлари 14 июлдан бошланиб, 23 июлга қадар 10 кун давом этади. Имтиҳон 2 сменада бўлиб ўтади.

Интервю олиш баҳонасида пул йиғиб келган шахслар ушланди

Тошкент шаҳрида одамлардан интервю олиш баҳонасида пул йиғиб келган шахслар қўлга олинди.

Пойтахт Ички ишлар бош бошқармасига кўра, 5 июл куни Чилонзор туманидаги боғларнинг бирида 20, 21 ва 24 ёшли уч нафар шахс фуқаролар билан интервю олиш баҳонасида суҳбатлашиб, масжид қурилиши, ногиронларга ёрдам каби баҳоналарни ишлатиб, улардан фирибгарлик йўли билан пул йиғаётгани маълум бўлган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқароларнинг шахси аниқланган ва улардан ашёвий далил сифатида пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда. Текширув якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.

Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан «Чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди.

Низом чақирилувчиларни ҳарбий-техника мутахассисликлари бўйича тайёргарликка жалб этиш, Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафидаги муддатли ҳарбий хизматни ўташ учун танлаб олиш тартибини белгилайди.

Чақирилувчилар танловда 1 йилда фақат 1 марта иштирок этиши мумкин.

Танлов чақирув йилидан аввалги йилнинг 10 августидан чақирув йилининг 10 февралига қадар ўтказилади.

Чақирилувчиларнинг умумжисмоний тайёргарлик даражаси турникда тортилиш, 100 ва 3 минг метрга югуриш каби умумжисмоний нормативларни қабул қилиш орқали баҳоланади.

Танлов якунлари бўйича чақирилувчини тавсия этиш ёки тавсия этмаслик бўйича тегишли хулоса қабул қилинади.

Ўзбекистон БРИКСнинг ҳамкор давлатига айланди

6 июл куни Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида БРИКСнинг 17-юқори даражадаги саммити бўлиб ўтди. Унда БРИКС давлатлари раҳбарлари Индонезияни гуруҳнинг янги аъзоси сифатида қабул қилди. Шунингдек, яна 10 та давлат ташкилотнинг ҳамкор давлатлари сифатида тан олинди.

«Индонезия Республикасини БРИКС аъзоси сифатида, шунингдек, Беларус Республикаси, Кўп миллатли Боливия давлати, Қозоғистон Республикаси, Куба Республикаси, Нигерия Федерал Республикаси, Малайзия, Таиланд қироллиги, Ветнам Социалистик Республикаси, Уганда Республикаси ва Ўзбекистон Республикасини БРИКСнинг ҳамкор давлатлари сифатида қабул қиламиз», - дейилади саммитнинг қўшма баёнотида.

Маълумот учун, БРИКС дастлаб 2009 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой етакчиларининг илк саммитида шаклланган эди. Кейинчалик Жанубий Африка аъзо бўлди. Шу кунга қадар Миср, Эфиопия, Эрон, БАА ва Индонезия тўлиқ аъзоликка қабул қилинди. Бу йилги саммитда Индонезия илк бор аъзо давлат сифатида қатнашмоқда. Ташкилот айни вақтга келиб дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғини расман бирлаштиради.

Бурчмуллада йирик шамол электр станцияси ишга туширилади

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида йирик шамол электр станцияси қурилмоқда.

Бу лойиҳа доирасида Бурчмулла ҳудудидан 10 гектар ер майдони вилоят ҳокимининг қарори асосида ажратилган.

Умумий қуввати 20 мегаватт бўлиб, йилига 129,6 миллион киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради.

Бу эса йилига 811,1 минг метр куб табиий газ ёки 3,15 минг тонна кўмир тежаш имконини беради. Бу нафақат атроф-муҳит муҳофазаси, балки иқтисодий жиҳатдан ҳам самарали ечим ҳисобланади.

Лойиҳанинг умумий қиймати 28 миллион АҚШ доллари бўлиб, қурилиш грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.

Мавзуга оид