Ўзбекистон | 22:03 / 14.01.2026
1162
3 дақиқада ўқилади

Трампга чора кўришни сўраган фуқаронинг жазоланиши ва болага ота исмини фамилия сифатида бериш имконияти – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Президент Ватан ҳимоячиларини табриклади

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчиларга табрик йўллади.

Давлат раҳбари табригида аскар ва сержантлар, офицер ва генераллар, шунингдек, Қуролли кучлар фахрийларини самимий муборакбод этиб, ватан ҳимоясидек шарафли ва масъулиятли ишга ҳаётини бағишлаган юрт посбонларига юксак ҳурмат ва эҳтиром билдирди. Шу билан бирга, ватан олдидаги бурчини бажариш чоғида мардларча ҳалок бўлган қаҳрамонлар хотирасига чуқур эҳтиром изҳор этилди.

Трампга чора кўришни сўраган фуқаро жазоланди

Тошкентда 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, Доналд Трамга чора кўришни сўраган фуқаро маъмурий жазога тортилди.

Андижон вилоятида туғилган 37 ёшли А.К. 6 январ куни маст ҳолатда Тошкент шаҳар ИИББ 102 рақамига қўнғироқ қилган ва АҚШ президенти Доналд Трампга чора кўришни сўраган. Шундан сўнг, ички ишлар ходимларининг ИИБ биносига бориш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаган. А.К. судда айбига иқрорлик билдирган ва ўша куни маст бўлганини айтган.

Бектемир туман суди уни «махсус хизматларни қасддан алдаб чақирганликда» айбли деб топиб, жарима жазоси тайинлади.

Болага ота исмини фамилия сифатида беришга рухсат этилиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида депутатлар Оила кодексига шу ҳақда қўшимча киритиш кўзда тутилган қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди.

Ушбу лойиҳа билан Оила кодексининг 69-моддасига қўшимча киритиш таклиф этилмоқда. Бу моддада боланинг фамилияси ота-онанинг фамилиясига қараб белгиланиши кўзда тутилган. Ҳозирги вақтда ота исмини болага фамилия сифатида бериш имкониятининг йўқлиги қонунчилик ҳужжатлари турлича талқин қилинишига ҳамда фуқароларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Оила кодексининг 69-моддасига отанинг исмини болага фамилия сифатида бериш бўйича қўшимчалар киритилиши мумкин.

6 вилоятда чиқиндини термик қайта ишлаш орқали электр олиш заводи барпо этилмоқда

Экология қўмитаси ҳузуридаги Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги 2025 йил давомида амалга оширган ишлар сарҳисобини маълум қилди.

Инфратузилмани кенгайтириш доирасида 6 та ҳудудда экосаноат зоналари, 11 та ҳудудда жами 14 та қайта юклаш пунктлари ташкил этилаётгани қайд этилди.

Агентлик маълум қилишича, Андижон, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида чиқиндиларни термик усулда қайта ишлаш орқали электр энергияси олувчи заводлар барпо этилмоқда. Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида эса тиббиёт чиқиндиларини ёқиш ҳисобига иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид