Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Бемор қорнидаги 200 грамм мих ва «Nestle» бўтқасидаги хавфли токсин – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Nestle хавфли токсин туфайли Ўзбекистонда болалар озуқаси баъзи маҳсулотлари қайтариб олинишини эълон қилди
«Nestle Food» компанияси Ўзбекистон ҳудудида болалар озуқаси (NAN, ALFARE) маҳсулотларининг чекланган миқдорини – тез эрувчан сутли ва нордон сутли қуруқ аралашмаларни, шунингдек, аминокислоталар асосидаги махсус диетик даволаш учун қуруқ аралашмаларнинг айрим партияларини ихтиёрий равишда қайтариб олишини эълон қилди.
Компания хабарига кўра, қарор эҳтиёт чораси сифатида қабул қилинган ва Nestle маҳсулотларини «глобал қайтариб олиш жараёнининг бир қисми» ҳисобланади. Бунга ташқи таъминотчи томонидан етказиб бериладиган арахидон кислотаси таркибидаги цереулид токсинининг эҳтимолий хавфи сабаб бўлган. Унинг организмга тушиши ўткир заҳарланишни келтириб чиқаради, асосий белгилари кўнгил айниши, қусиш ва қорин оғриғидир.
Қайд этилишича, қайтариб олиш фақат айрим партияларга тааллуқли ва Nestle компанияси томонидан Ўзбекистонда тақдим этилган болалар озуқаси бошқа маҳсулотларига тегишли эмас.
Самарқандда шифокорлар бемор қорнидан 200 грамм мих ва саморез чиқариб олди
29 ёшли эркак шифохонага қорнида кучли оғриқ шикояти билан келтирилган. Шошилинч қабул бўлимида ўтказилган диагностика ва лаборатория таҳлилларига кўра беморнинг меъда ичак тизимида катта миқдорда ёт жисмлар, мих ва саморез борлиги аниқланган.
Беморда шошилинч равишда лапаратомия, гастростамия усулида жарроҳлик амалиёти ўтказилиб, қорин бўшлиғидан 200 грамм атрофида мих ва саморез олиб ташланган. Жарроҳлик амалиёти бир соат давом этган.
Эркак темир жисмларни қаттиқ стрессга тушиб, ўз хатти-ҳаракатларини назорат қила олмаган ҳолда ютиб юборгани таъкидланмоқда.
Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ шахснинг пули ўғирланган
Humans иловаси орқали 2 мингдан ортиқ фойдаланувчининг қарийб 7 млрд сўм маблағи ўғирланган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси маълум қилди. Ўғирлик 2025 йил декабр ойида рўй берган, шунда Humans компанияси ва Paylov тўлов хизмати бир-бирини айблаб баёнотлар берган эди.
Марказий банк хабарига кўра, Humans компаниясига тўлов хизматларини тақдим этган «Octogram» АЖ (Paylov савдо белгиси) тўлов ташкилотида текширув якунланган ва маълумотнома Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасига ҳуқуқий баҳо бериш учун тақдим этилган. Марказий банкка кўра, жабрланувчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилиши керак.
Криминоген вазият оғир маҳаллаларга раҳбарлар бириктирилади
Президент қарори билан республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва мурожаатларга тезкор муносабат билдириш бўйича манзилли ишлашнинг яхлит тизимини жорий этиш белгиланди.
Қарор билан 2026 йилда криминоген вазияти оғир маҳаллалар ва ҳудудларга масъул раҳбарлар ҳамда ташкилотларни номма-ном бириктириш тартиби жорий этилади. Шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлигида «Ижтимоий профилактика ҳафталиги»ни ўтказиш амалиёти йўлга қўйилиши, намунавий иш ташкил этган ходимларни рағбатлантириш механизми белгиланди.
Ижтимоий тармоқларда «Мусодара товарлар» номли сохта гуруҳлар очиб, фирибгарлик қилган шахслар ушланди
Telegram ва Instagram платформасида сохта гуруҳлар ташкил этиб, одамларни чув тушириб келган шахслар қўлга олинди.
Андижон вилоятида яшовчи 22-25 ёшли 5 нафар шахс жиноий режа тузиб, божхона тизими номидан «Мусодара товарлар» ва «Оптом склад» номи остида канал ва гуруҳлар ташкил этган.
Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан, iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгалар номига расмийлаштирилган банк карталари орқали қабул қилинган.
Мавзуга оид
21:43 / 06.01.2026
“Светсиз” қолган аэропорт ва ишдан олинган “инсофсиз” директор — маҳаллий дайжест
21:09 / 05.01.2026
Бойсунда нефт сизиб чиқиши ва маҳалла эҳтиёжлари учун 24 триллион сўм – маҳаллий дайжест
21:05 / 26.12.2025
2026 йил номи ва ўзбек космонавтини фазога учириш режаси – маҳаллий дайжест
21:28 / 25.12.2025