Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ҳарбийлар учун янги имтиёзлар ва табиий газ қазиб олиш ҳажмини ошириш топшириғи – маҳаллий дайжест
Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.
Муддатли ҳарбий хизматни ўташ – ёшлар учун муваффақият йўлига айланиши керак – президент
Ўзбекистон президенти, қуролли кучлар олий бош қўмондони Шавкат Мирзиёев раислигида 13 январ куни Хавфсизлик кенгашининг мамлакат ҳарбий хавфсизлиги ва мудофаасини мустаҳкамлаш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Унда мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.
Президент ҳарбий хизматни ўтаётган ёшларга янги имкониятлар берилишини эълон қилди. Жумладан, армияда ёшлар камида битта касб эгаси бўлиб чиқиши бўйича мутлақо янги тизим яратилади. Ҳарбий қисмлардаги асосий йўналиш ва мутахассисликлардан келиб чиқиб, аскарларни касбга тайёрлаш бўйича 3-6 ойлик дастурлар ишлаб чиқилади. Дастурни якунлаган аскарлар малака имтиҳонидан ўтказилиб, уларга касб сертификати берилади. Аскарларга муддатли ҳарбий хизматни ўташ даврида ҳарбий қисмнинг ўзида олийгоҳга ўқишга кириш учун имтиҳон топшириш имконияти яратилади. Тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, талабаликка қабул қилинган аскарлар муддатли ҳарбий хизмат якунланиши билан олийгоҳда ўқишини бошлайди.
Президент «Ўзбекнефтгаз»га кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини оширишни буюрди
Шавкат Мирзиёев «Ўзбекнефтгаз» АЖ фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Тақдимотда «Ўзбекнефтгаз» акциядорлик жамияти олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда нефт-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Самарқанд шаҳри кенгайтирилади ва Самарқанд тумани тугатилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси йиғилишида «Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманини тугатиш, Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегараларини ўзгартириш тўғрисида»ги Қонунчилик палатаси қарори депутатлар томонидан қўллаб-қувватланди.
Қайд қилинишича, Самарқандни «Миллионлик шаҳар»га айлантириш, замонавий архитектура ечимларига эга турар жой ва нотурар биноларни қуриш, аҳолининг уй-жойларга бўлган талабини тўла қондириш, ҳудудларни инфратузилма билан таъминлаш орқали аҳолига муносиб яшаш шароитини яратиш мақсадида Самарқанд тумани алоҳида маъмурий-ҳудудий бирлик сифатида тугатилади. Оқдарё, Пастдарғом, Тойлоқ туманлари ва Самарқанд шаҳри чегаралари ўзгартирилади.
Антикоррупция агентлиги ҳукуматдан Озодбек Назарбековга чора кўришни сўради
Маданият вазири Озодбек Назарбеков тўйда қўшиқ айтиб, қистирилган пулларни қабул қилгани – давлат хизмати ва одоб-ахлоқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини бузиш ҳисобланади. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ҳолат юзасидан Kun.uz сўровига жавобида келтирилади.
Агентлик қонунчиликда давлат фуқаролик хизматчиси педагогик, илмий ва ижодий фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа фаолият билан шуғулланишга ҳақли эмаслиги белгиланганини эслатган.
Қайд этилган ҳолатлар бўйича Агентлик томонидан Вазирлар Маҳкамасига вазир Озодбек Назарбековни интизомий жавобгарликка тортиш ва уни келгусида қонунчилик ҳужжатларига риоя қилиши лозимлиги ҳақида қатъий огоҳлантириш масаласини кўриб чиқиш бўйича сўровнома юборилган.
АЭХА Ўзбекистонни уран чиқиндиларидан тозалаш режасини тасдиқлади
Атом энергияси бўйича халқаро агентлик (АЭХА) Марказий Осиёда уран чиқиндиларини рекултивация қилиш бўйича 2030 йилгача мўлжалланган янги стратегияни қабул қилди.
Стратегик режа Ўзбекистонни ҳам қамраб олади ҳамда халқаро молия ва ихтисослашган ташкилотлар билан ҳамкорликни назарда тутади. Ҳужжат совет даврида уран қазиб олишдан зарар кўрган ҳудудларни босқичма-босқич тозалаш ва тиклашга қаратилган.
Дастурнинг янгиланган умумий қиймати 113 миллион еврога баҳоланмоқда. Унга қурилиш-муҳандислик ишлари, лойиҳаларни бошқариш, эҳтимолий харажатлар захираси, шунингдек, қўшимча дастурий харажатлар киритилган. Ҳисоб-китоблар амалдаги шартномалар ва жорий смета маълумотлари асосида амалга оширилади.
Мавзуга оид
22:38 / 12.01.2026
Молхонада сақланган аёл иши бўйича ҳукм ва Мўйноқда янги газ кони – маҳаллий дайжест
23:02 / 07.01.2026
Бемор қорнидаги 200 грамм мих ва «Nestle» бўтқасидаги хавфли токсин – маҳаллий дайжест
21:43 / 06.01.2026
“Светсиз” қолган аэропорт ва ишдан олинган “инсофсиз” директор — маҳаллий дайжест
21:09 / 05.01.2026