Ўзбекистон | 11:33 / 27.10.2023
6291
4 дақиқада ўқилади

FaceID, божхонадан иккитагача қурилма олиб ўтиш, хорижликларга 60 кунлик муддат – UzIMEI'да нималар ўзгарди?

IT ҳафталигидаги яна бир янгилик шахсий маълумотлари хавфсизлиги билан боғлиқ бўлди. Энди телефонларни UzIMEI тизимида рўйхатга олишда онлайн тарзда шахсни биометрик идентификация қилинади. Натижада сизнинг номингизга бошқалар телефонни рўйхатдан ўтказа олмайди. РТТБМ директори ўринбосари Баҳром Зияевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, айни вақтда фуқаролар ўз номида бўлган қурилмаларни онлайн текшириш имконини берувчи тизимни жорий қилиш устида ҳам ишланмоқда.

27-октабр куни Тошкентда давом этаётган “ICTWEEK UZBEKISTAN – 2023” ҳафталиги доирасида тақдим қилинган яна бир янгилик UzIMEI борасида бўлди.

Маълум қилинишича, ҳукуматнинг тегишли қарори билан эндиликда жисмоний шахслар хориждан ўзи билан олиб кирган иккита мобил қурилма (телефон)ни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказиши мумкин. Бунгача фуқаролар томонидан фақат бир дона хориждан ўзи билан олиб келган телефонни божхона тўловларисиз рўйхатдан ўтказишга рухсат берилган эди.

Шунингдек, эндиликда телефонларни рўйхатга олишда фуқароларнинг шахсий маълумотларидан бошқалар фойдаланишига барҳам берилади. Яъни, телефонларни UzIMEI тизимида рўйхатга олишда масофадан туриб (онлайн) шахсни биометрик идентификация (Face-ID) қилиш жорий этилди. Ушбу тизим фуқароларнинг шахсга доир маълумотларидан ўзгалар фойдаланишининг олди олиниши айтилмоқда.

“Мазкур технология ёрдамида жисмоний шахс ўзига тегишли мобил қурилмаларни рўйхатга олишни ўзининг биометрик маълумотларидан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда амалга оширади. Бунда, жисмоний шахс IMEI кодларини рўйхатга олишни расмий веб-сайт, Ягона интерактив давлат хизматлари портали ва унинг мобил талқини ҳамда тизим рўйхатга олувчиларига бевосита мурожаат қилган ҳолда биометрик идентификация орқали амалга ошириши мумкин. Эндиликда мазкур технология жисмоний шахсларнинг бевосита иштирокида мобил қурилмаларни рўйхатга олиш имкониятини яратади ҳамда бу орқали уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ноқонуний рўйхатга олиш ҳолатларининг олдини олишга асос бўлади”, — дейилади тақдимотда.

Шунингдек, Ўзбекистонга хизмат сафари ёки туризм учун келаётган хорижий фуқаролар мобил қурилмаларидан рўйхатдан ўтказмасдан фойдаланиш даври амалдаги 30 календарь кунидан 60 календарь кунигача узайтирилди.

“Фуқаролар томонидан ҳар бир олиб кирилаётган мобил қурилма божхона чегарасини кесиб ўтишда декларацияланиши ҳамда декларация натижаси бўйича мобил қурилмаларни рўйхатга олиш тизимига интеграция қилиниши улар томонидан қонуний олиб кирилишига асос бўлади. Бу билан ноқонуний хатти-ҳаракатларнинг олди олинишига эришилади. Бунинг натижасида фуқаролар ўзи билан олиб кирган қўшимча иккинчи мобил қурилмани UzIMEI тизимида муаммосиз рўйхатдан ўтказиши мумкин бўлади” – дейилади расмий релизда.

Республика телекоммуникация тармоқларини бошқариш маркази директори ўринбосари Баҳром Зияевнинг Kun.uz'га маълум қилишича, бугунга қадар UzIMEI тизимида шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари бўйича фуқаролар ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Яъни, фуқаро ўз номида бўлган, лекин ўзи ишлатмаётган мобил қурилмани номидан чиқариб юборади. Бундан ташқари, марказ келажакда фуқаролар ўз номида бўлган қурилмаларни онлайн текшириш ва уларни рўйхатдан чиқариб юбориш бўйича ариза юбориш имкони пайдо бўлади.

Мавзуга оид