Спорт | 22:14 / 22.08.2018
39721
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик спортчи ОАВни танқид қилди ва Ўзбекистондан ибрат олишга чақирди

Фото:instagram.com/kuat__khamitov

Қозоғистонлик аралаш яккакурашлар жангчиси Куат «Найман» Хамитов Қозоғистон телеканалларини кескин танқид қилди.

У оммавий ахборот воситалари 2018 йилги Осиё ўйинларида иштирок этаётган қозоғистонлик спортчиларнинг чиқишларини ёритмаётганлигини билдирди.
Спортчи Ўзбекистондан ибрат олиш даркор, деб ҳисобламоқда.

Осиё ўйинлари бошлангунга қадар Қозоғистоннинг бирорта ҳам телеканали мусобақаларни трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритмаганлиги маълум бўлганди.

«Шу кунларда Индонезияда Осиё ўйинлари бўлиб ўтмоқда, биз эса мусобақаларни бемалол томоша қилиб, йигитларимиз учун ишқибозлик қила олмаяпмиз! Спортчиларимиз мамлакат шаънини ҳимоя қилиш учун жонларини жабборга беришмоқда, давлатимизнинг эса буни жонли эфирда кўрсатишга қурби етмайди! Бизга КазСпорт ва бошқа каналларнинг нима кераги бор!? Агарда жаҳон миқёсидаги мана шундай мусобақаларни намойиш эта олмасангиз! Йўқ, бунинг ўрнига улар ҳеч ким кўрмайдиган 45-йилдаги футболни кўрсатишлари керак! Ўзбек биродарларимиздан ибрат олинг! Агарда буларнинг барчасини жонли эфирда кўрсата олганимизда, қанча болаларни спортга жалб қилишимиз мумкин эди, айниқса уларнинг бари ҳозир ёзги таътилда бўлса! Бизда ҳамма нарса аксинча қилинади! Қанча чидаш мумкин!» - деб ёзди Хамитов ўзининг Instagram’даги аккаунтида.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда ўзбекистонлик спортчиларнинг чиқишлари Ўзбекистон телеканаллари орқали намойиш этилмоқда. Бундан ташқари, Kun.uz мухбирлари Индонезиядан хабарларни тезкорлик билан етказиб туришибди.

Спорт хабарларини Kun.uz орқали кузатиб боринг.

Мавзуга оид