Ўзбекистон | 08:56
1282
2 дақиқада ўқилади

2026 йилда Имом Бухорий мажмуасига 100 минг индонезиялик зиёратчи келиши кутилмоқда

Индонезиянинг Kalimantan post газетасида эълон қилинган интервюда 2026 йилда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш учун 100 минг индонезиялик сайёҳ келиши режалаштирилгани маълум қилинди. Мутахассислар фикрича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар зиёрат туризмига бўлган қизиқишни изчил оширмоқда.

Фото: Президент матбуот хизмати

Индонезиянинг нуфузли Kalimantan post газетасида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори ўринбосари Шаҳзод Исломовнинг Ўзбекистонда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга бағишланган суҳбати эълон қилинди.

Суҳбатда сўнгги йиллардаги ислоҳотлар Ўзбекистоннинг зиёрат туризми салоҳиятини оширишга хизмат қилгани, хусусан, Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси, Тошкентда эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг фойдаланишга топширилиши турли мамлакатлардан сайёҳларни жалб этаётгани таъкидланган.

Мутахассис фикрича, 2026 йилда Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш учун 100 минг индонезиялик сайёҳнинг келиши режалаштирилган. Шунингдек, электрон виза статистикаси ҳам Индонезиядан мурожаатлар сони изчил ошиб бораётганини кўрсатиши қайд этилган.

Мақолада индонезиялик сайёҳларда Имом Термизий, Имом Мотуридий ва Баҳоуддин Нақшбанд каби тарихий шахслар мажмуаларини зиёрат қилиш истаги тобора ортиб бораётгани ҳам урғуланган.

Интервюда икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик туризм билан бирга илмий-тадқиқот йўналишида ҳам ривожланаётгани, индонезиялик олим ва тадқиқотчиларда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази эълон қилган халқаро стипендия дастурига қизиқиш ортиб бораётгани билдирилган. Шунингдек, академик алмашинув, халқаро конференция ва семинарлар икки давлат ўртасидаги интеллектуал алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши қайд этилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид