«Инсон қадри бу – газ, «свет», сув ва асфалт йўл бўлиши» – президент фаолиятига оид навбатдаги кўрсатув эфирга узатилди
Ўзбекистон президенти фаолиятига оид «Менимча» кўрсатувининг навбатдаги сони эфирга узатилди. Хайрулла Нуриддинов муаллифлигидаги лойиҳанинг бу галги сонида биринчи ҳафтадагидан фарқли ўлароқ асосан муаллифнинг нуқтаи назарига урғу берилди.
Ҳокимлар тадбиркорликка қаршилик қилмаслиги керак
Кўрсатув давомида Шавкат Мирзиёевнинг видеоселектор йиғилишида ҳокимларга қарата айтган гаплари кўрсатилди. Унда президент 3 ойдан ортиқ бўш турган ижарага берилиши ёки сотувга қўйилиши кераклигини таъкидлади. Президентнинг айтишича, бундай ишга қаршилик қилган ҳокимлар тадбиркорликка халақит берган бўлади.
Инсон қадри бу...
Президент сайловолди дастуридаги асосий шиор бўлган инсон қадри ҳақида яна гапирди. Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, коммунал шароитларнинг яхшиланиши инсон қадри демак: «Инсон қадри бу – газ, «свет», сув, асфалт йўл бўлиши. Бу нарсалар бўлса, одамлар рози бўлишини ҳам кўрдик-ку», деди давлат етакчиси.
Тўқаев эътирофи ва Kun.uz кўтарган муаммо
Кўрсатув давомида Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаевнинг Ўзбекистон ҳақида айтган гаплари ҳам келтирилди. «Биз эплаб 3-4 та нефть-кимё заводи қура олмадик. Масалан, қўшни Ўзбекистон нолдан 2-3 та завод қурди», деган Тўқаевнинг сўзлари қўшни давлат раҳбарининг эътирофи ўлароқ тилга олинди.
Муаллиф Хайрулла Нуриддинов Kun.uz эълон қилган танқидий материални ҳам «Менимча» кўрсатувига олиб чиқди. 15 январ куни кечаси Андижон вилоят перинатал маркази ҳудудидаги 12 туп ноёб қарағай кесиб ташлангани илк марта Kun.uz’да эълон қилинганди. Муаллиф бу муаммо ҳақида гапирар экан «фаросатли ва инсофли ижрочига» кўп нарса боғлиқ эканини айтди.
Машинада юрмайдиган бойваччалар
Кўрсатув давомида президент транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг жамоат транспорти ҳақидаги тақдимотини танқид қилгани акс этган видео ҳам кўрсатилди. «Менга умумий гап эмас, аниқ режа керак. Кўрсатган тақдимотингда бирорта рақам йўқ, фақат таклиф, тавсия. Бунақа бўлмайди ахир, сен менинг вакилимсан.
400 та электро автобуслар олиб келамиз дейилди, қачон келади? Кўпроқ маҳаллийдан олиш керак. Кимда қандай таклиф бор [беринглар]. Бирортаси шаҳарни билмайди, ҳаммасининг машинаси бор, бойваччалар. Мен ҳам автобусга чиқай, ходимларимнинг дунёқараши ўсибди, дей.
Ҳар бир туман бўйича ишлаш керак. Чунки Ўзбекистон фақат Тошкентдан иборат эмас. Кучингиз етмаса, ўзим туман ҳокимларини чақириб ишлай», деди президент вазирга қарата.
Давлат телеканалида давлат мулозими танқид қилинди
Давлат солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ОАВ вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида журналист қизни халқ номидан гапиришга ҳаққи йўқ деб жеркиб ташлагани учун уни танқид қилмаган одам қолмади. Бунинг қарангки, давлат одами бўлмиш Қудбиевни давлат телеканалида ҳам танқид қилишди. Хайрулла Нуриддинов Солиқ қўмитаси раиси анжуманда «қовун туширганини» айтди.
Мавзуга оид
18:04 / 18.11.2024
Урганч шаҳрига 50 та замонавий автобус келтирилди
19:32 / 30.10.2024
Фарғонада жамоат транспорти йўл ҳақи оширилди
15:35 / 21.10.2024
Вена яшаш учун энг қулай шаҳар деб топилди. Бунда жамоат транспортининг ўрни қандай?
18:10 / 19.10.2024