Технология | 16:40 / 12.11.2024
5405
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон сунъий интеллектга тайёрлик рейтингида Марказий Осиёда сўнгги ўринни эгаллади

Халқаро Валюта Жамғармаси маълумотларига кўра, дунёдаги иш ўринларининг қарийб 40 фоизи аллақачон сунъий интеллект таъсири остида қолган, айниқса автоматлаштириш юқори суръатларда ўсиб бораётган соҳаларда.

Фото: Getty Images/iStockphoto

Ўзбекистон Халқаро Валюта Жамғармаси (ХВЖ) томонидан тузилган глобал сунъий интеллектга (СИ) тайёрлик рейтингида 123-ўринни эгаллади. Бу ҳақда ХВЖ маълумотларига таяниб Ranking.kz хабар берди.

174 давлатни қамраб олган индекс рақамли инфратузилма, инсон капитали, технологик инновациялар ва ҳуқуқий тартибга солиш каби омилларни ҳисобга олган ҳамда Жаҳон банки, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқа ташкилотлар маълумотларидан фойдаланилган.

Рейтингда, шунингдек, Марказий Осиё давлатлари орасида етакчилар қаторида 48-ўринни эгаллаган Қозоғистон, кейинги ўринларда Қирғизистон (99-ўрин) ва Тожикистон (123-ўрин) ҳам жой олди. Туркманистон бу рейтингга киритилмади.

Сунъий интеллектдан фойдаланишга тайёрлик бўйича дунё етакчилари - Сингапур, Дания ва АҚШ.

Шу билан бирга, Марказий Африка Республикаси, Афғонистон ва Жанубий Судан сўнгги ўринларни эгаллади.

Ушбу рейтинг СИ технологияларининг иқтисодиёт ва жамиятга муваффақиятли интеграциялашуви учун рақамли инфратузилма ва инсон капиталини ривожлантиришга сармоя киритиш муҳимлигини таъкидлайди.

Тожикистон 2022 йил сентябрида мамлакат президенти Имомали Раҳмон ташаббуси билан Миллий сунъий интеллект стратегиясини қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат бўлган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид