Жаҳон | 16:21 / 27.09.2025
11524
6 дақиқада ўқилади

Ғарб Фаластинни тан олмоқда: нима ўзгаради?

БМТнинг 80-сессияси Фаластин борасидаги тарихий бурилиш билан ёдда қоладиган бўлди: Ғарбнинг катта давлатлари Фаластинни тан олиш “паради”ни ўтказди. Франция, Бирлашган Қироллик, Канада, Австралия, Белгия, Португалия ва яна бир қанча давлатлар энди расман нафақат Исроилни, балки Фаластинни ҳам мустақил давлат деб ҳисоблайди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бу давлатлар шу пайтга қадар бунинг учун Исроилнинг “розилиги”ни кутарди. Лекин бу сафар Исроилнинг “розилиги”сиз қарор қабул қилишди.

Давлатни тан олиш – орқага қайтмайдиган дипломатик ва ҳуқуқий қадам. Эртага, фикр ўзгариб қолиб, “биз тан олишдан воз кечамиз” дейиш мумкин эмас. Дипломатик алоқаларни узиш мумкин, унда ҳам кескин вазият юз берса. Лекин тан олиш борасидаги позициядан ортга чекиниб бўлмайди.

Британия – Исроилни яратиш ғоясини ўртага ташлаган, амалда унинг асосчиси ҳисобланади. Исроил деган давлат ёки яҳудийларнинг миллий давлати тахминан икки минг йил давомида мавжуд бўлмади. Эрамизнинг 70-80-йилларида Рим империясининг босими ва қувғини сабаб яҳудийлар давлати йўқ бўлиб кетади. 1917 йил 2 ноябрда Британия парламенти депутати, ташқи ишлар вазири Артур Бальфур Фаластинда “еврей халқининг миллий уйи”ни ташкил этиш ғоясини ўртага ташловчи декларацияни эълон қилади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин БМТ тузилади ва 1947 йилда Исроил давлати ташкил этилади. Ва бу давлат кейинчалик ядро қуролига эга давлатлардан бирига айланади.

Франция эса – Шарл де Голл бошчилигида Исроилга ядро қуролини қўлга киритишда асосий ёрдам берган давлат. Бугун Исроилнинг ана шу икки муҳим иттифоқчиси унинг раъйига қарамасдан Фаластинни тан олишди.

Шу тариқа, БМТга аъзо 193 та давлат орасида Фаластинни суверен давлат сифатида эътироф этувчилар сони  157 тага ёки 81 фоизга етди.

Фаластинни тан олиш борасида Коллектив Ғарб иккига бўлинди. Энди Фаластинни АҚШдан ташқари фақат Германия, Италия, Япония, Жанубий Корея каби катта давлатлар тан олмай турибди. Лекин тез орада бу рўйхатда фақат АҚШнинг бир ўзи қолади, бошқа катта давлатлар ҳам яқин ойлар ва йиллар давомида Фаластинни тан олишади. Бу – вақт масаласи.

Хўш, Фаластин Ғарбнинг қудратли давлатлари томонидан тан олинишининг оқибатлари қандай бўлади?

Биринчидан, бунгача БМТ Хавфсизлик Кенгашидаги доимий беш аъзодан учтаси ўта исроилпараст эди ва фақат Россия ҳамда Хитой Фаластинни расман давлат сифатида тан оларди. Энди Хавфсизлик Кенгаши доимий аъзолари ичида фақат АҚШ Фаластинни тан олмайди. Хавфсизлик Кенгашида, БМТда, халқаро майдонда Исроилнинг асосий ҳимоячиси фақат Вашингтон бўлиб қолади.

Иккинчидан, Европа Иттифоқи Исроилнинг иккинчи йирик ҳомийси эди. Бироқ энди иттифоқ Исроилнинг Ғазодаги геноциди фонида ундан масофа сақлаб, Фаластинни тан олди ва ҳатто Исроилга босим қила бошлади. Исроил Европа қўлловини борган сари йўқотиб боряпти.

Учинчидан, англасаксон ҳамжамиятидан ҳам фақат АҚШ Исроил томонда қолди. Қолган тўрт давлат: Англия, Канада, Австралия ва Янги Зеландия – Фаластинни тан олди ёки олган, қолаверса, Исроилни геноцид учун танқид ҳам қилиб улгурган эди.

Бу тан олишлар рамзийми ёки реал ўзгаришларга олиб келадими?

Суверен Фаластин давлатини ташкил қилиш ҳозирча анча мушкул. Давлатнинг катта сарҳадлари Исроил босқини остида, пойтахт Қуддус ҳам Исроил қўлида. Лекин тарихий катта ўзгаришлар тез ва осон бўлмаган. Фаластиннинг тан олиниши – Исроилнинг тажовузкорлигига жавоб ҳисобланади. Бу Исроил ҳокимияти ичида Ғазодаги уруш бўйича бўлинишни кучайтириши керак. Қолаверса, Фаластин ерларини босиб олиш интилишига тўсиқ вазифасини ҳам бажариши лозим. Умуман, Исроилнинг “Катта Исроил” деган ўта тажовузкор лойиҳасига кеский тўсиқ бўлиши кутилади.

Исроил асабийлашмоқда. Қайси давлатки Фаластинни тан олаётган бўлса, ўша давлатларни Исроил расмийлари қаттиқ танқид қилмоқда. Бу фонда Ғазодаги геноцид ва аннексия ҳам тезлашяпти. Бунинг сабаби, Исроил фақат провокациялар ва кескинлик даражасини кўтариб бориш орқали Ғарб давлатларига “наҳотки мени ташлаб қўйсангиз?!” деган маънода ўзига бўйсундириб келяпти. Жумладан, Исроил яна Эронга ҳужум қилиб, “ана энди ёрдам бермасангиз бўлмайди” дейишгача бориши мумкин.

Лекин шу нарса аниқки, Исроил геноцид ва инсониятга қарши жиноят содир қилиб, муттасил Фаластин ерларини тортиб олиш орқали, ўн минглаб бегуноҳ болалар, аёллар ва қарияларни ўлдириб, оммавий очлик уюштириб, ўзининг ўта жиноятчи юзини дунёга кўрсатди. Бу давлат шафқатсизликка тўйинган ҳарбий амалиятларда ютиб, инсонийлик юзасидан барча тарихий кампанияларни тўлиқ ютқазиб бўлди.

Фаластин давлатининг тўлиқ ташкил топиши – вақт масаласи. Яқин йиллар ва яқин ўн йилликлар масаласи.

Камолиддин Раббимов,
сиёсатшунос

Мавзуга оид