Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Макрон энг янги авиаташувчи қуриш режаларини тасдиқлади
Франциянинг PANG авиаташувчиси Европада ҳозиргача қурилган энг йирик ҳарбий кема бўлиши керак. У 2038 йилга бориб атом энергетик қурилмага эга Франция ҳарбий-денгиз кучларининг флагмани — “Шарл де Голл”ни алмаштиради.
Франция президенти Эммануэл Макрон 2038 йилгача энг янги PANG авиаташувчисини фойдаланишга киритиш режаларини тасдиқлади. У Европада ҳозиргача қурилган энг йирик ҳарбий кема бўлиши керак. Бу ҳақда 21 декабр, якшанба куни AFP ва Reuters агентликлари хабар берди. Макрон Абу-Дабида, Ҳўрмуз бўғози яқинида жойлашган Camp de la paix (“Тинчлик лагери”) номли француз ҳарбий базасида хизмат қилаётган ҳарбийлар олдида чиқиш қилди.
Франция Ҳарбий-денгиз кучлари учун қурилиш Porte-Avions Nouvelle Génération (Янги авлод авиаташувчиси, PANG) дастури доирасида амалга оширилади ва тахминан 10,25 млрд еврога тушади.
PANG атом энергетик қурилмали “Шарл де Голл” флагманини алмаштиради, у 13 йилдан кейин фойдаланишдан чиқарилиши керак. “Ушбу жуда катта кўламли дастурни бошлаш ҳақида қарор шу ҳафта қабул қилинди”, — деди Макрон.
Янги авиаташувчи ҳам атом энергетик қурилма билан жиҳозланади ва “Шарл де Голл”дан анча катта бўлади: узунлиги 310 метр (аввалгиси — 261 метр), сув сиғими қарийб 80 000 тонна (аввалгиси — 42 000 тонна). Экипаж таркиби 2000 кишидан иборат бўлади, бортида 30 та жанговар самолёт учун жой кўзда тутилган.
“Шарл де Голл” авиаташувчиси 15 йил қурилгандан сўнг 2001 йилда фойдаланишга киритилган.
Reuters эслатишича, Франция — ЕИдаги ягона ядровий ва Европада авиаташувчилари бор кам сонли мамлакатлардан бири (Буюк Британия, Италия ва Испания билан бир қаторда). АҚШ флоти таркибида 11 та, Хитойда эса 3 та авиаташувчи бор.
2030 йил охиригача Франциянинг йиллик мудофаа харажатлари икки бараварга ошиши керак. Ҳозир мамлакатнинг ҳарбий бюджети тахминан 50 млрд еврони ташкил этади.
Бироқ мамлакатда давлат қарзи юқори. 2025 йил якунларига кўра, ушбу кўрсаткич эҳтимол ЯИМнинг беш фоизидан ҳам ошиши мумкин. Париж аввалроқ Bprifrance давлат инвестиция банки ёрдамида мудофаа жамғармаси ташкил этилишини эълон қилган. Унга, кутилганидек, 450 млн евро жалб этиш мумкин бўлади.
Мавзуга оид
10:08 / 11.06.2026
Ёнилғи нархлари ошиши Европада электромобилларга талабни кучайтирди
10:40 / 09.06.2026
Европанинг янги авлод жанговар самолёти лойиҳаси тўхтатилди
08:50 / 08.06.2026
SIPRI: дунёда ядровий қуроллар сони яна ўсиши мумкин
20:14 / 31.05.2026