Жаҳон | 21:51 / 01.08.2024
12766
8 дақиқада ўқилади

«Тўққиз жони бор жангчи». Афсонавий Муҳаммад Дейф ҳақида нималар маълум?

Ҳамаснинг ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф – азалдан исроиллик ҳарбийларнинг асосий нишони бўлиб келган. Бугун Исроил ҳарбийлари унинг ўлимини тасдиқлади.

Исроил мудофаа армияси Ҳамас ҳарбий қаноти раҳбари Муҳаммад Дейф исроилликларнинг 13 июл куни Ғазо сектори жанубига йўллаган зарбаси оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди. Ўшанда исроилликлар ҳужум нишони Муҳаммад Дейф ва унинг яқин сафдоши Рафа Салама эканини, Сейф зарба оқибатида ҳалок бўлганини маълум қилган, аммо Дейфнинг ўлими тасдиқланмаганди.

Исроилликлар уни йўқ қилиш учун бир неча йилдан буён ҳаракат қилиб келарди. Ҳамас ҳозирча бу борада муносабат билдирмади.

Дейф 2023 йил 7 октябрида Ҳамаснинг Исроилга уюштирган ҳужуми ташкилотчиларидан бири сифатида кўриларди, ўшанда асосан тинч аҳоли вакиллари бўлган 1200 нафар атрофидаги исроиллик ва хорижликлар ўлдирилган, яна 251 киши гаровга олиниб, Ғазо ичкарисига олиб кетилганди.

Бунга жавобан Исроил секторда йирик ҳарбий амалиёт бошлади, Ҳамас назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, бу амалиёт натижасида ўтган вақт ичида 38 700 фаластинлик ҳалок бўлган.

Муҳаммад Дейф ўзи ким эди?

Дейф Ғазо секторида деярли афсонавий мақомда эди - у қамоқхонадан қочиб кетган ва камида етти суиқасддан омон қолган.

Дейф ҳақидаги маълумотлар фақат Исроил ва Фаластин нашрларидаги хабарлардан олинган.

Уларда айтилишича, Дейф 1965 йилда Хон-Юнус яқинидаги қочқинлар лагерида туғилган, ўша вақтда бу ҳудуд Миср томонидан оккупация қилинганди.

Дейфнинг ҳақиқий исми — Муҳаммад Диаб ал-Масри (шунингдек Абу Холид ёки Ал-Дейф). У 1996 йилдан Ҳамаснинг ҳарбийлашган қаноти «Изз ад-Дин ал-Қассам» бригадасини бошқарган.

Фаластинликлар уни Ҳамаснинг «мияси» деб аташган, исроилликлар учун эса у «Ўлим даракчиси» ёки «Тўққиз жонли жангчи» сифатида маълум эди.

Дейф Ғазодаги Ислом университетида ўқиб бакалавр дипломини олган. Талабалик йилларида у актёрлик маҳоратига (умуман олганда, театрга) меҳр қўйган ва ҳатто у ерда труппа тузган.

1987 йилда Ҳамас ташкил этилгани эълон қилинганида, Дейф биринчилардан бўлиб гуруҳ сафига кирган. 1989 йилда Исроил ҳукумати уни ҳибсга олади, у бир йилдан ортиқ вақтни панжара ортида ўтказади.

Ҳибсда эканида Дейф Закариё Ал-Шорбагий ва Салоҳ Шиҳад билан Ҳамаснинг исроиллик аскарларни гаровга олишга ихтисослашадиган алоҳида гуруҳи — «Ал-Қассам бригадалари»ни тузишга келишиб олади.

Қамоқдан чиққанидан кейин Дейф турли бригадаларни ягона ҳарбий тузилмага бирлаштириб, (бошқа бригадалар етакчилари билан биргаликда) «Изз ад-Дин ал-Қассам»нинг асосчиларидан бирига айланади.

Етакчи сифатида, Дейф Ҳамаснинг ўзига хос қуроли — «Қассам» ракеталарини, шунингдек Ҳамас аъзолари блокпостларни четлаб ўтган ҳолда Исроил ҳудудига киришда фойдаланиладиган Ғазо остидаги туннелларни ишлаб чиқишда иштирок этган. Дейф кўп вақтини шу туннелларда, исроиллик ҳарбийлардан яширинган ҳолда Ҳамас амалиётларини бошқариш билан ўтказгани айтилади.

Аммо унга қарши қўйиладиган энг жиддий айблов — 1996 йил бошида терактлар учун бомбалар тайёрлаган (ўшанда автобуслар портлатилиши оқибатида 50 га яқин исроиллик ҳалок бўлган), шунингдек 1990-йиллар ўрталарида уч нафар исроиллик аскарни гаровга олиш ва ўлдиришда иштирок этган Яҳё Айяшнинг ўлдирилишига жавобан «қасос операциялари»ни ишлаб чиқиш ва ижро этишда шахсан иштирок этиши билан боғлиқ.

2000 йилда Исроил ҳукумати уни яна қўлга олиб, қамоққа ташлашга муваффақ бўлади, аммо Дейф Иккинчи интифада бошланганида қамоқдан қочиб кетади ва шундан кейин уни кўришмайди: у ҳеч қаерда ўзидан из қолдирмасликка ҳаракат қиларди.

Ҳозиргача Дейфнинг фақат уч сурати маълум эди: фотолардан бири олинганига жуда кўп вақт бўлган, ўшанда у ҳали жуда ёш эди, бошқасида эса унинг юзи ниқоб билан тўсилган, учинчисида — унинг фақат сояси кўринган.

Фақат бугун, унинг ўлими тасдиқланганидан кейин исроилликлар навбатдаги суратни намойиш этишди.

«У Ҳамаснинг энг қаттиққўл вакили сифатида кўриларди», — дейди АҚШ Давлат департаментида терроризмга қарши кураш бўйича маслаҳатчи бўлиб ишлаган, Яқин Шарқдаги хавфсизлик масалалари бўйича таҳлилчи Мэтю Левитт.

Унинг сўзларига кўра, Дейф Ҳамаснинг энг жангари қўмондонлари, хусусан Яҳё Айяш билан яқин бўлган ва унинг қўриқчиси ҳисобланган. Терактлар бўйича айбловлар эса унинг ташкилотдаги мартабасини оширган.

2002 йилда у Ҳамас ҳарбий қаноти асосчиси Салоҳ Шиҳад ўлдирилганидан кейин унинг ўрнини эгаллайди.

Унинг ўзига қилинган кўп сонли суиқасдлардан энг жиддийси 2002 йилги уриниш бўлганди: Дейф мўъжиза туфайли омон қолади, аммо жароҳатланиш оқибатида бир кўзини йўқотади.

Исроил ҳукумати маълумотларига кўра, яна бир суиқасддан кейин у қўл-оёқларидан ҳам айрилган ва гапиришга қийналадиган бўлиб қолган.

2014 йилда, Исроилнинг Ғазо секторида қарийб саккиз ҳафта давом этган амалиёти вақтида исроиллик ҳарбийлар унинг рафиқаси ва икки ёш фарзандини ҳам ўлдиришади, аммо Дейфнинг ўзи яна тирик қолади.

У «Абу Холид» лақабини «Клоун» пьесасида шу исмли персонажни ўйнагани учун олган. Ҳақиқий Абу Холид тарихий шахс бўлиб, ўрта асрларда яшаган.

«Дейф» сўзининг ўзи араб тилидан таржима қилинганда «меҳмон» маъносини англатади. У бундай лақабни ҳеч қаерда узоқ қолмаслиги, Исроил махсус хизматлари изига тушмаслиги учун ҳар тунни янги жойда ўтказиши туфайли танлаган.

Хавфсизлик соҳасидаги экспертларнинг ҳисоблашича, у замонавий алоқа воситаларидан фойдаланмаслиги эвазига ҳам Исроил ҳарбийларига тутқич бермай келган.

«Агар сизда телефонлар бўлмаса, компютерлар бўлмаса, замонавий махсус хизматлар сиз қаерда эканингизни билишини қийинлаштирадиган усулларга эга бўласиз», — дейди Левитт.

Дейф Ҳамаснинг Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларини бошқарган

Исроил разведкасининг собиқ раҳбари айтишича, Ҳамас туннеллари чуқурлиги, разведка маълумотлари эскириши, ҳамроҳларига зарар етказишдан тийилиш ва ўқ-дорилар нотўғри бориши — Дейф узоқ вақтгача омон қолишининг бошқа сабаблари ҳисобланади.

Ғазо кўчаларида ҳам деярли ҳеч ким Дейфни кўрмаган ва танимасди.

Шунингдек, Левитт сўровлар натижаларига асосланган ҳолда фаластинликлар «Ҳамаснинг энг жангари етакчиларининг фаолиятини маъқулламаслиги»ни билдирган.

Шунга қарамай, ўт очишни тўхтатиш ҳақида эълон қилганида, бу айрим фаластинликлар кўчаларга чиқиб, Дейфнинг номини айтиб ҳайқиришига халал бермаган.

Дейф исроилликларнинг яна бир неча суиқасдларидан омон чиққани фақат у ҳақидаги афсоналарни кучайтирган, деб ҳисоблайди Левитт.

«Исроил унинг ўлимидан манфаатдор бўлишининг асосий сабаби шундаки, у ҳақиқатан ҳам эски мактабга мансуб, унинг авторитети юқори, — дейди Левитт. — Ҳамас пайдо бўлганида ҳам бор бўлган катта етакчилар кўп эмас. У бу борада ўзига хосдир».

Мавзуга оид