Жаҳон | 07:35
1437
2 дақиқада ўқилади

Ракета ўрнига нур: Исроил дунёдаги биринчи жанговар лазерни жойлаштириш арафасида

Исроил йил охиригача юқори қувватли биринчи ҳарбий лазерга асосланган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотича, бу қадам дронлар, ракеталар ва бошқа ҳаводаги таҳдидларга қарши кураш усулларини кескин ўзгартириши мумкин.

Фото: Iron Beam / © Rafael

Iron Beam («Темир нур») деб номланган ушбу тизим сентябр ойида эксплуатация синовларини якунлади ва дунёдаги биринчи жангга тайёр лазерли тутиб олиш тизимига айланади.

Қуввати 100 киловаттга тенг бўлган лазерли қурилма нишонларни сониялар ичида йўқ қилишга қодир ва шу билан бирга анъанавий ракета тутиб олувчиларга нисбатан бир неча баробар арзон тушади.

Бир неча ҳафта давом этган синовлар чоғида Iron Beam ракеталарни, дронларни ва бошқа ҳаво нишонини муваффақиятли тутиб олди ва йўқ қилди. Мудофаа идораси вакилларининг таъкидлашича, лазер жанг шароитига иложи борича яқинлаштирилган вазиятларда «аниқ ва ишончли» ишлашни намойиш этган.

Iron Beam Исроилнинг кўп қисмли ҲҲМ тизимида бешинчи босқичга айланади. Унга аллақачон «Темир гумбаз», «Кела Давид», шунингдек Arrow-2 ва Arrow-3 мажмуалари киради.

Мавжуд тизимлар ракеталар ва баллистик нишонни тутиб олишда 90–95 фоиз самарадорликка эга бўлса-да, дронлар ва пастдан учувчи учувчисиз учиш аппаратларига қарши анча қийналади — айрим ҳолларда самарадорлик тахминан 50 фоиз атрофида, дея қайд этади исроиллик расмийлар.

Янги лазер айнан кичик ва секин, ерга яқин баландликда учадиган нишонларни йўқ қилиш учун махсус ишлаб чиқилган — айнан шулар билан радарли тутиб олиш тизимлари кўпинча қийинчиликка дуч келади.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид